Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 12:47

Уч кун ичида уч мураббий, ёхуд ўзбек футболи ҳокимларга қарам бўлганда...


Ўтган ҳафтада, аниқроғи, 23-26 январь кунлари “Бухоро” футбол клуби уч мураббийни ишдан олиб, ишга қўйди. Аввалига 23 январь куни клуб раҳбарияти Жамшид Саидов ва Тожмурод Оғамуродов бошчилигидаги мураббийлар штабини истеъфога чиқарди. Бу мураббийлар ўтган йили клубни Олий лиганинг 4-ўринига етаклаб келгани ҳам эътиборга олинмади. Бу икки мураббий қўл остида ўйнаган футболчиларга ҳам жавоб берилди. 26 январь куни “Бухоро” клубининг футбол мухлислари жамоага Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинланганини эълон қилишди. Бироқ бу хабар шу куннинг ўзидаёқ Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий сайти томонидан инкор қилинди.

Ўша куни “Бухоро”нинг расмий сайти клубга бухоролик собиқ футболчи Улуғбек Бақоев бош мураббий, Вадим Абрамов эса маслаҳатчи мураббий этиб тайинланганини расман эълон қилди.

Шу куннинг ўзида Улуғбек Бақоевнинг мураббийлик “А” лицензияси Олий лига клубига бош мураббий бўлишга тўсқинлик қилиши ойдинлашгач, “Бухоро”га “Про” мураббийлик лицензияси соҳиби Вадим Абрамов устозлик қилиши ҳақида янги хабарлар тарқала бошлади.

“Бухоро” футбол клуби раҳбариятига яқин манбалардан бирининг айтишича, бугунги кунда клуб раҳбарияти тўртинчи кишини бош мураббий қилиб эълон қилиш арафасида турибди.

“Эрта-индин “Бухоро”га бош мураббий қилиб Бахтиёр Ашурматов тайинланди, деган хабарлар чиқиб қолса, ҳайрон бўлиб ўтирманг. Чунки ҳозир вилоят ҳокимлигида унинг номзоди ҳам кўриб чиқилмоқда. Ашурматовда “Про” мураббийлик лицензияси бор”, - деди бухоролик футбол мутасаддиси.

Унинг билдиришича, аслида вилоят ҳокими Ўктам Барноев клубга Вадим Абрамовни бош мураббий қилиб олиб келган. Лекин Ўзбекистон терма жамоасининг устози клуб инфратузилмаси ва маҳаллий шароитдан бехабарлигини рўкач қилиб, юксак лавозимдан воз кечган ва маслаҳатчи мураббий лавозимини маъқул кўрган.

“Абрамов шундай дегандан кейин вилоят ҳокими бухоролик собиқ футболчи Улуғбек Бақоевни бош мураббий қилиб тайинлади. Аммо кейинроқ Бақоевнинг мураббийлик лицензияси бу лавозимда ишлашига йўл қўймаслиги маълум бўлди”, - деди “Бухоро” ФК раҳбариятидаги манба.

“Нега вилоят ҳокими Жамшид Саидов ва Тожмурод Оғамуродовларни тўсатдан ишдан олди? Ахир, ўтган йили бу мураббийлар клубни тўртинчи ўринга олиб келишганди-ку!” – деган саволимизга, бухоролик мутасадди: “Вилоятнинг ҳозирги ҳокими Ўктам Барноев Тожмурод Оғамуродовни аввалдан ёқтирмас экан”, - деди.

Унинг айтишича, Ўктам Барноев Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаганда туркманистонлик мураббийни “Динамо” (Самарқанд) клубидаги баъзи шубҳали ишларда гумон қилиб, у билан келиша олмай қолган.

“Барноев бу мураббийни баъзи молиявий ишлар, масалан, футболчи ва мураббийларнинг кўтарма пуллари, маошлари ва мукофотларини сунъий равишда ошириб ёзганликда гумон қила бошлаган. Бундан ташқари, Оғамуродов “Динамо”нинг баъзи ўйинларини, айниқса, Тошкентнинг “Пахтакор” клубига қарши ўтказган ўйинларини шубҳали тарзда бой берганликда айблаган. Хуллас Ўктам Барноев: “Менга “Динамо”ни “Пахтакор”нинг фарм клубига айлантирган, “Пахтакор”га хизмат қиладиган бир жамоа сифатида шакллантирган мураббийнинг кераги йўқ”, деган. Яъни Барноев Бухорога келгач, ўзи ёқтирмаган мураббийга дуч келган”, - дея сўзини якунлади “Бухоро” ФК мутасаддиларидан бири.

2016 йил 16 декабрь куни Бухоро вилояти ҳокими этиб тайинланган Ўктам Барноев 2008-2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. 2007 йилда Тожмурод Оғамуродов Самарқанднинг “Динамо” клубини Ўзбекистон чемпионатининг 5-ўринига олиб келган. 2008 йилда вилоятга Ўктам Барноев ҳоким бўлиб келгач, туркманистонлик мураббий ишдан олинган, “Динамо” таркиби эса тарқатиб юборилган.

Айни кунларда “Бухоро” футбол клубида содир бўлаётган кулгили воқеалар негизида, бир тарафдан, ҳоким ва мураббий ўртасидаги ўзаро келишмовчилик ҳамда шахсий адоват ётгандек кўринади. Лекин, иккинчи томондан, бу можаролар илдизи ўзбек футболидаги энг катта муаммолардан бири – футболга давлат идоралари ва амалдорларининг аралашувига бориб тақалаётгани ҳам сир эмас.

Барноев: “Менга “Динамо”ни “Пахтакор”нинг фарм клубига айлантирган, “Пахтакор”га хизмат қиладиган бир жамоа сифатида шакллантирган мураббийнинг кераги йўқ”, деган. Яъни Барноев Бухорога келгач, ўзи ёқтирмаган мураббийга дуч келган”, - дея сўзини якунлади “Бухоро” ФК мутасаддиларидан бири.

Россиядаги Ҳуқуқий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси вице-президенти, Россия футбол уюшмаси президентлигига собиқ номзод, асли ўзбекистонлик Алишер Аминовнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам миллий футбол, клублар ва мусобақалар давлат амалдорларининг қўлида қолиб кетмоқда. “Ваҳоланки, бу ҳолат ФИФА талабларига зид: давлат идоралари ва мансабдорлари футболга аралишишга ҳақлари йўқ”, - дейди Алишер Аминов Ўзбекистондаги anhor.uz сайтига берган интервьюсида.

Ўзбекистонлик футбол журналисти Бобомурод Абдулланинг фикрига кўра, ўзбек клубларида кунаро мураббий ва футболчиларнинг алмашинуви негизида ҳақиқатдан ҳам миллий футболнинг давлат амалдорларига қарам бўлиб қолаётгани, клубларнинг хусусийлаштирилмай қолаётгани сабаб бўлмоқда.

“Бу ҳолат мустақиллиқнинг илк йилларидан бери давом этиб келмоқда. Мисол учун, 1995 йилда Андижоннинг “Наврўз” жамоасида уч кун ичида беш мураббий ишдан олиниб, ишга қўйилган. Яъни эрталаб жамоанинг бош мураббийи сифатида Евгений Валицкий эълон қилинган бўлса, тушдан кейин Вячеслав Солохо тайинланганлиги билдирилган. Кунига икки мураббийдан тўғри келган”, - дейди Бобомурод Абдулла “Озодлик” билан суҳбатда.

Унинг айтишича, ўзбек футболи ҳоким ва амалдорларга қарам бўлиб қолаётган экан, бу футболда Андижон ва Бухоро воқеалари ҳали кўп такрорланади.

XS
SM
MD
LG