Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2020, Тошкент вақти: 23:26

Хавфли ўйинлар Қирғизистонга ҳам етиб келдими?


Иллюстратив сурат.

Кейинги кунларда Қирғизистондаги баъзи ахборот воситаларида "Кўк кит" аталмиш ўйин билан боғлиқ ваҳималар урчимоқда. Айрим нашрлар ўз жонига қасд қилган баъзи ўсмирларнинг ўлимини шу ўйин билан боғлашга ҳаракат қилди. Бироқ Қирғизистон ички ишлар вазирлигига кўра, ўсмирлар орасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари билан ижтимоий тармоқдаги ўйинлар орасида боғлиқлик борлиги исботланмаган.

Бишкекда саҳар соат 4 ларда 8-синф ўқувчисининг ўз жонига қасд қилишига “Кўк кит” ўйини сабаб бўлгани тўғрисидаги таҳминлар Қирғизистон жамоатчилигини ташвишга солди. Бишкек милицияси ўсмир эрта тонгда ўзини кўп қаватли бинонинг 4-қаватидан ташлаб ўлдирган ва бунга “Кўк кит” ўйини туртки берган бўлиши мумкин, деган версияни ўрганмоқда. ИИВ матбуот котиби Бақит Сеитовга кўра, боланинг ўлими билан ҳолатларни ўрганиш устидаги ишлар эндигина бошланган.

- Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси воқеа юзасидан тергов-текширув ишларини олиб бормоқда. Ўқувчи жонига нега қасд қилгани текширув якунланганидан сўнг маълум қилинади. Қирғизистонда сўнгги кунларда ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани сабаблари ҳам алоҳида тергов қилинмоқда, - деди ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитов.

Қирғизистон Ички ишлар ва Қирғизистон Маориф вазирликлари мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига мурожаат қилиб, фарзандларининг Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган “Кўк кит” ўйинига қўшилиб қолмаслигини назорат қилишга чақирди.

Қирғизистонда “Кўк кит” январь ойидан бошлаб оммалаша бошлаган, аммо шу муддат ичида 15 бола ўз жонига қасд қилган. Бу эса ўтган йилнинг январь ойидаги кўрсаткичга нисбатан икки марта кўпдир.

Бироқ, ҳозирча қирғизистонлик ўсмирлар ўлимига Россия ва Қозоғистонда “Ўлим гуруҳи” сифатида танилган “Кўк кит” ўйинининг алоқаси бор ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда. Бу борада Ички ишлар вазирлиги текширув олиб бораяпти.

Мазкур ўйин шартлари билан танишган бишкеклик ўқувчилардан бири матбуотга мана буларни билдирди:

- Бу ўйин, асосан, Инстаграм орқали кенг тарқатилмоқда. Ҳар бир лентада “4.20” деган ёзувни кўриш мумкин. Ўйин ташкилотчилари “Агар ўзингни ўлдирмасанг, яқинларинг ёки ота-онангни ўлдирамиз”, деб мунтазам қўрқитиб келишади. Кейин улар саҳарги соат 4 да телефон қилишади ва “Ўладиган вақтинг келди”, деб айтишади. Ўйин иштирокчиларига 50та топшириқ берилади. Биринчи топшириқ “Қўлингга кўк кит суратини чиз”, деган топшириқ. Кейин “Баданингга чизган китни тиғ билан ўйиб чиқ”, деб топшириқ беришади. Эллигинчи ва энг сўнгги топшириқ эса “қон томирингни кес” ёки “ўзингни кўп қаватли бинодан ташла” ва ёки “ўзингни ос”, деган топшириқ бўлади”, - деди ўзини Жўўмарт деб таништирган ўқувчи.

Қирғизистондаги оммавий ахборот воситаларида бир неча кун аввал экспертлар томонидан тарқатила бошлаган маълумотларда айтилишича, агар фарзандингизнинг ижтимоий тармоқлардаги профайлларида 1дан 50гача бўлган сонларни, F57, F58 деган рақамларни ва рус тилида ёзилган “Китлар юқорига қараб сузмоқда”, “Мени 4.20 да уйғот”, “Тинч хонадон”, “Рина”, “Ня.пока”, "Китлар кўп”, “Менгача бўлган 50 кун”,"Мен ўйиндаман”, "Сен ўйиндасан”, деган ёзувларни топсангиз, хавотирланишингизга асос бор.

Ижтимоий тармоқларда “Ўлим гуруҳи” деб танилган гуруҳни 2013 йилда Россия ватандоши бўлган 22 ёшли Филипп Будейко тузган. Россия маъмурлари Филипп Будейкони 2016 йилнинг ноябрида ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга туртганликда гумон қилиб қўлга олган эди.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG