Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 19:12

Йўловчи пичоқлаган муҳожир таксичи: "Ҳамкасблар, эҳтиёт бўлинг!"


Абдулҳаким Давидов

Москвада, маҳаллий полиция маълумотларига кўра, бир неча марта судланган шахснинг ҳужумига учраган таксичи-муҳожир ўз ҳамкасбларини эҳтиёт бўлишга чақирди. Мурожаати Озодлик орқали Россияда ишлаб юрган ҳамкасбларига етказилишини сўраган Абдуҳақимнинг айтишича, сўнгги пайтларда агрессив йўловчилар кўпайган.

Тожикистоннинг Ёвон туманилик 25 яшар Абдулҳаким Кенжаев 7 йилдан буён Россия пойтахтида таксичилик қилиб келади.

Озодликнинг Москвадаги таҳририятига мурожаат қилган бу йигит якшанба, 5 февралга ўтар кечаси миллатчи шахс ҳужумига учраганини гапириб берди.

- У болани айтган ерига олиб бордим - Кутузовский проспектдан Строгинога. Ортиқча гап гапиргани йўқ, қўлида пиво баклашкаси бор эди. Уйини олдига олиб борган эдимки, “Баклашкани ушлаб тур”, деди. Мен ўйладимки, пул беради. Киссасини ковладида, пичоқ олиб урди-да. Беш еримга пичоқ урибди. Ҳам маст эди, ҳам маньяк эканми... Мен машинадан чиқдим, у ҳам қўлида пичоқ билан чиқди. Бир ташланди, мен пиво қутисини олиб ҳимояландим. Қошимнинг устидан пичоқ билан кесиб олибди. Бирдан у босилди-да, пичоқни ташлади. Кейин полиция, “скорий”га телефон қилдим. Полиция келгунча ётқизиб, босиб ушлаб турдим, дейди Адбулҳақим.

Абдулҳаким билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00
Бевосита линк

Шифохонада Абдуҳаким пешонасидан, жағидан, елкасидан, қўлидан ва бўйнидан пичоқлангани аниқланди. Москванинг Кунцево туман полиция бўлимида уни урган шахс 1996 йилда туғилган, рус миллатига мансуб москвалик экани, муқаддам икки марта судлангани ва ҳозирча ҳужум сабабларини ҳеч қандай тушунтирмаётганини гапиришмоқда.

Кунцево полицияси мулозимининг Озодликка билдиришича, такси ҳайдовчисини пичоқлаган шахс 5 февралда икки суткага ушланган ва 6 феврал куни уни дастлабки тергов учун ҳибсга олиш тўғрисида суд қарори чиқиши кутилаётган эди.

Полиция ҳужумчининг исм-фамилиясини очиқламади.

Шифохонадан чиқиб уйида даволанаётган Абдулҳаким ўз юртига кетишга ҳозирланаётгани - уйда уни кекса онаси, рафиқаси ва уч фарзанди кутаётганини айтди.

Йўловчи Абдулҳакимга бир неча марта пичоқ урган
Йўловчи Абдулҳакимга бир неча марта пичоқ урган

У, шунингдек, Москвада ҳайдовчилик, айниқса таксичилик қилаётган ҳамкасбларига эҳтиёт бўлиб юришни, ўзини ҳимоялайдиган воситаларни олиб юришни тавсия қилди.

Суҳбатдош йирик шаҳарларда таксичилик қилиб, миллатчи, агрессив ёки шунчаки маст ҳолатда бўлган йўловчилар ҳужумига учрамаган таксичилар бўлмаса керак, дейди.

- Пешонамдан урган, ҳозир кўзимни олди шишиб кетган. Кеча кўз очилмаётган эди – бугун анча дуруст. У болани олиб келишди, мендан тилхат олишди, заявление ёздим. Шукур қиламан – кўзга тегмабди, юракка урмаган. Бўйин қийшайиб, бир тарафга тортилиб қолган эди. Кўринишидан хулиганга ўхшамайди, спокойний бола эди – бирдан пичоқ солиб қолди. 2012 йилда бир маротаба машинада таҳдид қилишганда, калитни олиб қочишга улгурган эдим.

Отам нима бўлганини айтиб берибдилар – онам қўймаяптилар. Бугун билет олдим самолётга – уйга учиб кетаяпман. Ҳозир 75 фоиз таксичилар бизнинг тожик-ўзбек-қирғиз боллар. Айтмоқчиманки, ёзинг, “Болалар, эҳтиёт бўлиб юринглар!”, деди Абдулҳаким.

Москвадаги "Сова" таҳлилий-кузатув маркази сўнгги йилларда Россияда ирқчилик-миллатчилик асосидаги жиноятлар сони олдинги йилларга нисбатан камайиб бораётган бўлсада, жамиятда ирқчилик ва миллатчилик кайфияти сўнмаганига эътибор қаратиб келмоқда.

Шарҳларни кўринг (25)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG