Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2022, Тошкент вақти: 05:46

Ўшдаги ўзбек театри сўнгги 20 йилда илк бор Ўзбекистонга боради


Ўшдаги Бобур номидаги академик театрда Алишер Навоий ижодига бағишланган кеча.

Қирғизистондаги ягона ўзбек санъат даргоҳи бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги академик театр сўнгги 20 йилда биринчи марта Ўзбекистонга бир ҳафталик гастролга таклиф қилинди.

Бобур номидаги академик театр раҳбари Набижон Мамажоновнинг Озодлик радиосига айтишича, 10 февралдан 17 февралгача давом этадиган гастроль давомида Андижон, Фарғона ва Наманганда "Манас" спектакли намойиш этилади.

Қирғизистондаги ягона ўзбек театрининг гастролларини Ўзбекистон ҳукумати молиялаштирмоқда.

- Айнан Андижон, Фарғона ва Наманган сафарида биздаги йўл харажатлари, ётоқхона харажатлари, емоқ-ичмоқ харажатларини Ўзбекистон Маданият вазирлиги ўз зиммасига олди. “Дўстлик” постидан ўтганимиздан кейин юк машинаси келиб, бизнинг декорацияларимиз юкланади. Ўша ергача биз ўз машинамизда етиб оламиз. У ердан махсус машиналар келиб, коллективимизни Андижонга олиб кетади, - деди Набижон Мамажонов.

Гастроль Ўзбекистон ҳукумати таклифи билан амалга оширилмоқда.Театр жамоаси 10 февралда Андижонда, 14 февралда Наманганда ва 15-16 февраль кунлари Фарғонада бўлади.

Набижон Мамажоновга кўра, 16 февраль куни Фарғонада Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари раҳбарлигидаги расмий делегациялар учрашади. Мазкур тадбирдан сўнг театр жамоаси 17 февралда Ўшга қайтади.

Набижон Мамажоновнинг айтишича, бундан аввал Бобур театри Ўзбекистонга 20 йил аввал сафар қилган эди.

- Адашмасам, 20 йиллар аввал бўлган. Ўшанда “Чингизхон”, “Соҳибқирон Амур Темур” ва “Жаннатга йўл” деган спектакллар олиб борилган театр томонидан. Алоқаларимиз ками билан 20 йилдан бери узилиб қолган эди, - дейди Набижон Мамажонов.

Театр раҳбари ҳозирда Ўзбекистон Маданият вазирлиги Бобур театрига Пиримқул Қодировнинг “Бобур туғёни” асарини саҳналаштиришга моддий кўмак кўрсатаётганини айтди:

- Асар кийимларини Ўзбекистон Маданият вазирлигига қарашли цехлар тикиб беради. Бош рассом ҳам Акмалжон деган укамиз. Туркистон санъат саройининг бош рассоми, декорацияни ўша йигит қилаяпти. Бу спектакль 20 апрелга топширилади. Ўзбекистондан расмий делегация келиб, қабул қилади ва кейин Тошкентга таклиф қилиш режалари бор экан. Тошкентда спектаклга кийимлар тикишни бошлашди. Ҳозир Тошкентда декорация устида иш олиб борилаяпти. 5 апрелга буюртмалар асосида Тошкентда тикилган кийимлар, декорациялар бизга юбориладиган бўлди. Мутахассисларнинг ўзлари келиб, саҳнада тайёрлар ўрнатиб беришадиган бўлди, - деди Набижон Мамажонов.

Суҳбатдошимизга кўра, келажакда Андижон, Наманган ва Фарғона театрларининг Ўшга ташрифи кутилмоқда.

16 январь куни Ўшга сафар қилган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов Бобур номидаги ўзбек академик драма театрига борган эди.

Театр жамоаси билан учрашган Адҳам Икромов ўзбек театрига моддий ва маънавий кўмак кўрсатилишини ваъда қилган эди.

Шарҳларни кўринг (13)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG