Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:24

“Лукойл” Ўзбекистонда 50та заправка очади


Россиянинг “Лукойл” нефт ширкати Ўзбекистонда автомобил ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини кенгайтирмоқчи. Россия матбуотидаги хабарларга кўра, “Лукойл” Ўзбекистонда жами 50 та "заправка" қуришни ва мамлакатдаги UzGazOil шохобчаларини ўз тасарруфига ўтказиш ниятида. UzGazOil шохобчалари ўрнида очилажак “Лукоил” заправкаларида Россиядан келтириладиган бензин сотилиши айтилмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" ширкатининг исми сир қолишини истаган мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда “Лукойл”нинг Ўзбекистондаги биринчи заправкаси яқин кунларда Тошкентда, собиқ Чкалов авиасозлар заводи ёнида расман очилишини тасдиқлади.

– Бу заправка синов тариқасида очиляпти. У ерда EURO-5 стандартидаги АИ-92, АИ-95 бензини сотилади, - деди "Ўзбекнефтгаз" ширкати мулозими.

“Лайф.ньюс” нашри эса “Лукойл” Ўзбекистонда жами 50 та шундай "заправка" қуришни мўлжаллаётгани, UzGazOil шохобчалари ўрнида очилажак “Лукоил” шохобчаларида Россиядан келтириладиган бензин сотилиши ҳақда ёзди.

Нашрга кўра, "Лукойл" бунинг учун "Ўзбекнефтгаз" билан толлинг схемаси бўйича нефтни ёнилғига айлантириш ва Ўзбекистонга етказиб бериш тўғрисидаги дастлабки битимларни имзоланган.

Лекин, "Лукойл" ширкати бу ҳақда матбуотга изоҳ бермаяпти. Ширкат матбуот хизмати Озодлик йўллаган саволларини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистонда "Лукойл" ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархи қандай бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Ёнилиғини Россиядаги нефтни қайта ишловчи заводлардан маҳаллий нуқталарга етказишнинг ўзи жуда қимматга тушади.

Сабаби Россиядан экспорт қилинадиган ҳар бир тонна нефт учун 79,1 долларлик бож тўлови белгиланган.

Ўзбекистон эса Россиядан ушбу бож тўловини бекор қилишни сўраб келади.

Москва эса Жаҳон савдо ташкилоти доирасида олган мажбуриятлари доирасида бу бож тўловини бекор қилолмайди.

Россиядаги Миллий энергетика хавфсизлиги жамғармаси таҳлилчиси, Россия ҳукумати қошидаги молия университети профессори Игорь Юшков “Лукойл” ҳозирда Ўзбекистон бозорига кириш учун бож тақиқларини айланиб ўтиш схемалари ҳақда ўйлаётгани аввалдан бор гап эканини айтади.

- “Лукойл” Ўзбекистонни истиқболли бозор сифатида кўрмоқда. Ҳозир ширкат Ўзбекистонга ёнилғини олиб кириш учун экспорт сифатида эмас, балки товарайирбошлаш сифатида малакаланадиган схемалар ҳақда бош қотирмоқда. Узоқ келажакда эса Лукойл Ўзбекистоннинг Божхона Иттифоқига қўшилишига ҳам умид қилмоқда. Зеро ҳозир Божхона Иттифоқи ёки Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти жуда қийин дамларни бошдан кечирмоқда. Россия ва Беларус орасида келишмовчилик каттайиб боряпти. Лекин Россия элитасида Ўзбекистоннинг Божхона Иттифоқи ёки Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилишига қизиқиш катта. Кремль эса “Лукойл”нинг Ўзбекистонга кириб бориши учун Ўзбекистонга бензин экспорти учун бож тўловларидан ҳам воз кечишгача бориши мумукин”, - дейди Юшков.

Жорий йил сентябрида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Бухорода “Лукойл” президенти Вагит Алекперов билан учрашиб¸ нефть ва газ соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди.

15 ноябрь куни ширкатнинг Ўзбекистонда янги газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларига 500 миллион доллар сармоя ётқизиши хабар қилинди.

Айтилишича, "Лукойл" Люксембург, Франция, Япония, Италия, Германия, Ҳолландия, Россия ва Австриядаги бир қатор банклардан қарз олиб ëтқизиладиган бу сармоя Ҳисор комплексини ўзлаштириш учун сарфланади.

“Лукойл” Ўзбекистоннинг Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот участкалари ҳамда Қандим конлар гуруҳида геология-қидирув ишлари ўтказиб келмоқда. Ҳисор ҳудуди конларида олиб борилган ишлар натижасида шу пайтгача "Лукойл" 368,5 минг тонна нефть ва 2 миллиард куб метр табиий газ қазиб олган.

2016 йил бошларида“Лукойл” ширкатининг Қандим конидаги лойиҳаси доирасида ERIELL компанияси билан ҳамкорликда Бухорода МДҲдаги энг улкан қуёш электр станцияси ишга туширилган эди. Қурилган станция кундузи 5000 кВтгача, тунги пайтда 1000 кВт энергия ишлаб чиқариш имконига эга. Бу қувватдаги энергия билан 1,5 минг аҳолиси бўлган кичик шаҳарчани доимий таъминлаш мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, 2007 да Ўзбекистонда фаолият бошлаган “Лукойл” мамлакат иқтисодиётига 3,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизган.

XS
SM
MD
LG