Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:25

Қирғизистон президенти Азимжон Асқаров иши “сиёсийлашиб кетгани”ни айтди


Азимжон Асқаров суд жараёнида.
Азимжон Асқаров суд жараёнида.

Европа Иттифоқи қароргоҳи жойлашган Брюсселга ўтган ҳафта охирида сафар қилган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев "Евроньюс" телеканалига2010 йилги Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров иши “сиёсийлашиб кетгани”ни айтди.

Атамбаев: "Асқаров иши мен учун бош оғриқ бўлди"

Атамбаевнинг "Евроньюс" телеканалига берган интервьюси Азимжон Асқаров масаласи билан бошланди.

-Менга ҳам мана шу йиллар давомида Азимжон Асқаров иши бош оғриқ бўлди. Мен ўзим ҳам 15 йил давомида мухолифатда бўлганман. Бироқ ҳеч қачон ҳуқуқ фаоли ва журналист Асқаров ҳақида эшитмаганман, -деган Алмазбек Атамбаев ўз сўзида давом этар экан, Асқаров масаласи АҚШ ҳарбий базаси Бишкекдаги “Манас” аэропортидан чиқарилганидан сўнг Вашингтон томонидан кун тартибига қўйилганини айтди.

-Асқаров масаласи биз АҚШ ҳарбий базаси олиб чиқиб кетилишини талаб қилганимиздан сўнг пайдо бўлди. Шунинг учун бу масала сиёсийлаштирилгандир, -деди Алмазбек Атамбаев.

Аввалроқ Атамбаев билан Брюсселда ўтган учрашувда Европа Кенгаши президенти Дональд Туск ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсат мутасаддиси Федерика Могерини Азимжон Асқаров масаласи билан қизиққани, бунга жавобан Атамбаев Асқаров қамоқда қолишини айтгани хабар қилинган эди.

"Евроньюс"га берган интервьюсида Атамбаев Қирғизистон суди чиқарган қарорнинг адолатли эканига шубҳа билдириш сиёсий этикага тўғри келмаслигини, суд очиқ ўтганини ҳам айтди.

Уанен: "Асқаровга нисбатан суд "шоу" бўлди

Кўплаб халқаро ташкилотлар Ўш воқеаларида айбланиб 2010 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдириб келади. Ўтган йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилгач, Олий суд бу ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган эди.

Чуй вилоят суди Асқаров ишини 4 ой давомида қайта кўриб чиқиб, 28 январда унга нисбатан чиқарилган умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти халқаро ҳамажмиятга қилган мурожаатида қирғиз судининг бу қарорини “одил судловни масҳара қилиш” сифатида баҳолаган эди.

-Азимжон Асқаров ишини судда қайта кўриб чиқилиши одил судлов эмас, балки “шоу” бўлди. Суд жараёнида БМТнинг Қирғизистон ҳукуматига қўйган талабларидан бирортаси ҳам бажарилмади, - деди Ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти расмийси Юлия Уанен.

Асқаров иши Европа Иттифоқи томонидан авваллари ҳам кўтарилган эди

Азимжон Асқаров масаласи 2012 йилда президент Атамбаевнинг Германияга қилган сафари доирасида Германия канцлери Ангела Меркел ҳамда 2013 йилнинг сентябрида Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан ўтган учрашувлари чоғида ҳам кўтарилган.

Ўшанда президент Алмазбек Атамбаев Азимжон Асқаровни оқлаш учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

Азимжон Асқаровга 2015 йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

XS
SM
MD
LG