Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2019, Тошкент вақти: 15:27

Швейцариядаги хусусий банк Гулноранинг пулини ювишда гумон қилинмоқда


Швейцариядаги Lombard Odier хусусий банкининг Ўзбекистондан жўнатилган ноқонуний пулларни ювишга алоқаси тергов қилинмоқда. Швейцария федерал прокуратураси банкнинг марҳум президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова алоқадор кўрилган пул ювиш жиноятига алоқасини текшириш мақсадида жиноят иши очганини маълум қилди.

Бош прокуратура 200 йилдан ошиқ тарихга эга бўлган Lombard Odier хусусий банкининг алоҳида ходимлари ҳаракатлари маълум муддатдан буён тергов қилинаётгани ва ҳозирча гумон қилинаётган жиноятга қанча одам алоқадор экани номаълумлигини билдирди.

23 февраль куни Швейцария Бош прокуратураси тарқатган баёнотда: "Жиноят иши тергови жараёнида аниқланган маълумотлар... пул ювишга оид жиноят иддаоси ва бунга дахлдор шахслар, шу жумладан Ўзбекистон собиқ президентининг қизи ҳам дахлдор эканига оид маълумотлар бўйича тергов-суриштирув ишлари бормоқда", дейилади.

Reuters агентлигига кўра, Женевада жойлашган Lombard Odier хусусий банки 1796 йилда очилган ва банк раҳбарларининг ўзи ҳисобига келиб тушаётган пуллар ноқонуний бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумон билан 2012 йилда пул ювишга оид банк амалиётларини текширувчи органларга мурожаат қилган.

Reuters агентлигига кўра, банк матбуот котиби Ўзбекистондан жўнатилган ноқонуний пуллар ювилганига оид даъволар бир неча йилдан буён тергов қилинаётганини тасдиқлаган.

"Тергов ҳануз давом этмоқда ва банк тегишли идоралар билан тўлиқ ҳамкорлик қилмоқда", дея иқтибос келтиради агентлик Lombard Odier хусусий банки матбуот котиби сўзларидан.

Швейцария Бош прокуратураси Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова алоқадор кўрилган пул ювишга оид жиноят даъволарини 2013 йилдан буён тергов қилмоқда.

АҚШда чиқадиган Wall Street Journal нашрига кўра, 9-10 декабрь кунлари Швейцария прокурорлари, мамлакат маҳкамаси томонидан тайинланган адвокат иштирокида Тошкентда Гулнора Каримовани жами 23 соат давомида сўроқ қилишга муваффақ бўлди.

Бу 2012 йил ëзида Швейцария прокуратураси Гулнора Каримованинг бизнес шерикларига қарашли банк ҳисобларидаги 800 миллион долларга яқин пулни музлатганидан бери швейцар прокурорларининг Каримова билан биринчи бор юзма-юз савол-жавоб қилишидир.

Бу пулларнинг коррупция ва пул ювишга алоқадорлик айблови асосида музлатилишига муваффақ бўлган Швейцария прокуратураси, 2013 йил сентябрида уларнинг асл эгаси, деб 2012 йилгача Ўзбекистоннинг Женевадаги халқаро ташкилотлардаги доимий намояндаси бўлиб ишлаган Гулнора Каримова эканини расман гумонлаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG