Линклар

Истанбулда 1 миллиард долларга яқин инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди


Ўзбекистон ва Туркия расмийлари ўртасида 28 февраль куни қатор меморандумлар имзоланди.

Ўзбекистон расмий делегациясининг иқтисодий ҳамкорликни жонлантириш мақсадида Туркияга қилаëтган сафари давом этмоқда. 1 март куни Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов Анқарада Марказий банк¸ Миллий банк ва қатор тижорат банклар билан кредит олиш масаласини муҳокама қилди.

Ўзбекистон делегациясининг Туркияга қилаëтган сафари тафсилотларига яқин мулозим¸ ўз шахси сир қолиш шарти билан¸ Тошкент расмийларининг 28 февраль ва 1 март кунги учрашувлари ҳам¸ асосан¸ турли бизнес лойиҳалари¸ кредит ва сармоялар масаласига қаратилганини билдирди.

“Сешанба куни томонлар қатор меморандумларга қўл қўйишди. Ўнга яқин соҳада таклиф этилган инвестицион лойиҳалар қиммати қарийб 1 миллиард долларга боради. Булар орасида “Дори-дармон”¸ “Ўзкимëсаноат”¸ “Ўзфармсаноат”¸ “Ўзбекенгилсаноат” ҳолдинглари¸Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси имзолаган алоҳида ҳужжатлар бор. Бу меморандумлар¸ содда қилиб айтганда¸ Ўзбекистондаги инвестиция имконларини ўрганиб чиқиб¸ катта лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳақидадир”¸ деди Озодлик суҳбатлашган мулозим.

Бу суҳбатдошга кўра¸ делегация таркибидаги ҳар бир вазирлик¸ қўмита ва холдинг раҳбари (делегация рўйхати илова қилинмоқда – таҳр.) шахсан президент Мирзиëевдан туркларни ўз соҳасида қиммати камида 100 миллион долларлик лойиҳага жалб этиш топшириғи билан келган ва бу топшириқни амалга ошириш учун Туркиядаги етакчи ширкатларни қўшма корхона¸ хорижий ширкат ëки ҳиссадорлик шаклидан қай бири маъқул бўлса¸ шу шаклда Ўзбекистонга кириб¸ иш бирлиги қилишга астойдил таклиф қилмоқда.

“Президент турклар дунëда етакчи ўринларда турадиган тўқимачилик¸ енгил саноат¸ туризм¸ маиший химия каби соҳаларни жалб қилишни алоҳида топширган. Масалан¸ ўзбек томони туркларни туризм соҳасида камида бешта катта лойиҳага таклиф қилди. Улар орасида¸ Зоминда¸ Чимëнда халқаро стандартлардаги тоғ-чанғи курорти барпо этиш таклифи бор. Ëтқизиладиган сармоя хавфсизлиги¸ даромадни эркин конвертация қилиб¸ эркин олиб чиқиш каби нарсаларни ҳукуматлараро келишув билан кафолатлаш таклиф қилинмоқда”¸ деди Ўзбекистон делегациянинг Туркия сафари тафсилотларидан яхши хабардор мулозим.

Азимов Анқарадан қуруқ қайтмоқчи эмас

Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон 18 ноябрь куни Самарқандга бориб¸ Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов қабрини зиëрат қилган ва ўшандаги муваққат президент Шавкат Мирзиëев билан қарийб уч соатча мулоқот ўтказган эди.

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очиш ҳақида гап борган бу мулоқот тафсилотларидан хабардор расмийнинг Озодликка билдиришича¸ Самарқанддаги сўзлашувда Эрдўғон Туркиянинг Ўзбекистонга миллиардлаб доллар сармоя ëтқизиш истиқболи ҳақида гапирган.

Туркия президентининг Ўзбекистон делегацияси билан расмий 15 дақиқалик учрашуви 1 март куни Анқарада режалаштирилган бир пайтда¸ Эрдўғоннинг Азимовни кутилмаганда 27 февраль куни Истанбулдаги “Бейларбейи” саройида қабул қилиб¸ икки соатча гаплашиши¸ Самарқанддаги ваъданинг амалга ошиш эҳтимолини кучайтирган.

“Эрдўғон ўзбек делегациясини жуда яхши кутиб олганидан кейин Азимовнинг Анқарадан кредит ундириш умиди анча кучайди. Бугун Марказий банк¸ Миллий банк ва бошқа банклар билан шу масалада гап бўлаяпти. Азимов¸ Ўзбекистоннинг молиявий юзи сифатида яхши танилган фигура¸ у борган жойидан қуруқ қайтадиган одам эмас. Керак бўлса¸ Анқарада яна бир ой қолиб бўлса ҳам¸ бир нарса ундиради”¸ деди Истанбулдаги Озодлик манбаси.

Ҳозирча на турк¸ на ўзбек расмий матбуоти Ўзбекистон делегациясининг сафари давомида эришилган келишув ва натижалар ҳақида хабар бермади.

“Камтар вазирлар”

Туркияга умумий қиммати миллиардлаб долларга бориши мумкин катта сармоя лойиҳаларини таклиф қилиш учун сафар қилаëтган Ўзбекистон расмий делегацияси кун тартибига алоқадор бошқа бир расмийнинг Озодликка билдиришича¸ бу сафар¸ўзбек мулозимларининг ўтмишдаги ҳашаматли визитларидан фарқли¸ анча ғариб ўтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиëев 14 январь куни 2016 йил якунларига бағишлаб ўтказилган ҳукумат йиғилишида қилган чиқишида Молия¸ Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар вазирлиги¸ Давлат рақобат қўмитаси раҳбарларини тикка турғизиб¸ “ҳеч қандай натижа бермаган ва бермайдиган хориж сафарларига” давлат бюджетидан сарфланган маблағларга камида иккита йирик корхона очиш мумкинлигини кескин танқид қилган эди.

“Мирзиëев танқидидан кейин булар 30-50 долларлик анча ғариб меҳмонхоналарда туришипти. Каттаконлар Ҳилтонда туришибди. Берган зиëфатлари ҳам анча ночор¸ пул тежашаяпти. Ўзбекистон элчилиги яхши ишламаган¸ ўзи улар бунақа сафар уюштиришни унутиб юборганга ўхшайди”¸ дейди делегация аъзоларига ҳамроҳлик қилганлардан бири Озодликка исми сир қолиш шарти билан.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG