Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:06

Тошкент, Самарқанд ва Қаршида Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилади


Ўзбек зиёлилари ва амалдорлари Ислом Каримов қабри устида

Ўзбекистон телевидениеси биринчи президент Ислом Каримовнинг ҳайкали 3 шаҳар - Тошкент, Самарқанд ва Қаршида ўрнатилишини хабар қилди. Лойиҳалар билан шахсан танишган президент Шавкат Мирзиёев Каримов ҳайкали ва унинг хотирасига аталган ёдгорлик мажмуаларини Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган байрамгача битказишга топшириқ берди.

4 март оқшомида «Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» дастури орқали берилган расмий хабарга кўра, матбуот орқали чиқишида Шавкат Мирзиёев: «Халқимиз ва халқаро ҳамжамият Ислом Каримов номини Жорж Вашингтон, Шарл де Голл, Мустафо Камол Отатурк сингари давлат ва сиёсат арбоблари қаторига қўяди», деб таъкидлаган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллига бағишланган байрамга қадар Тошкентда Ислом Каримов узоқ йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳи қаршисида Каримов ҳайкали ўрнатилади, Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси қурилади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри марказида ҳам Каримов ҳайкали ўрнатилиб, унинг яқинида музей ва атрофи фавворалар, майсазорларлар билан ўралган хиёбон бунёд этилиши айтилди.

Каримовнинг яна бир ҳайкали эса у хизмат карьерасини бошлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани марказига ўрнатилиши хабар қилинди.

Шавкат Мирзиёев 2 декабр куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатиш бўйича халқаро ижодий танлов эълон қилиш тўғрисидаги қарорга имзо қўйган.

Қарорга биноан, танловда иштирок этувчилар 2017 йилнинг 31 мартига қадар ўз лойиҳаларини тақдим этиши мумкин. Сўнгра 10 апрелгача давом этадиган кўргазма ташкил қилиниши ва тақдим қилинган лойиҳалар билан барча истовчилар танишиши мумкинлиги айтилган.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовга ёдгорлик Москванинг Большая Полянка кўчасида ҳам ўрнатилиши режаланмоқда.

Москва шаҳар думаси 21 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш таклифини маъқуллаган.

ТАСС агентлиги ёдгорликни бунёд этишга сарфланадиган барча ҳаражатлар Ўзбекистон томонидан тақдим этилиши, ҳудуддаги ободонлаштириш ва қурилиш ишлари тўловлари эса Москва бюджети томонидан молиялаштирилишини хабар қилган.

XS
SM
MD
LG