Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:10

Қозонда ўзбекистонлик 28 яшар аёл чақалоғини ўлдирганликда гумон қилинмоқда


Свердловскда музлаб қолган икки чақалоқ ҳам ўзбек муҳожир аёлнинг болалари бщлгани тахмин қилинган.
Свердловскда музлаб қолган икки чақалоқ ҳам ўзбек муҳожир аёлнинг болалари бщлгани тахмин қилинган.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги чиқинди контейнерларидан бирига янги туғилган чақалоқ мурдасини ташлаб кетган аёл топилди. Терговчилар 28 яшар Ўзбекистон ватандоши бўлган бу аёлни ўз боласини бўғиб ўлдирганликда айбламоқда.

2017 йилнинг 27 февралида Қозон шаҳрининг Габишев кўчасидаги 35 уйнинг чиқинди ташланадиган контейнерларидан биридан янги туғилган чақалоқ жасади топилган эди.

Экспертиза юборилган чақалоқни текшириб, у соғ-саломат туғилгани, бироқ бола асфиксия, яъни бўғилишдан ўлгани тўғрисида хулоса чиқарди.

Бир неча кун ўтар-ўтмас, 3 мартда мазкур жиноятга алоқадорликда гумонланиб, шу атрофда яшаб келган ўзбекистонлик муҳожир аёл ҳибс этилгани хабари чиқди.

Татаристон Республикаси бўйича Тергов қўмитасида бир неча кунлик ўғил бола мурдаси топилгани юзасидан жиноий иш қўзғатилганини билдиришди.

- Татаристон Республикасининг Қозон шаҳри Приволжский тумани тергов бўлимида вояга етмаган боланинг ўлдирилиши (РФ ЖК 105 моддаси 2 қисми “в” банди) юзасидан қўзғатилган жиноий иш асосида полиция ходимларининг олиб борган тергов-қидирув амалиёти натижасида бу жиноятга алоқадорликда гумонланиб 28 яшар Ўзбекистон граждани бўлган аёл ҳибс этилди, деди тергов қўмитаси матбуот хизмати вакиласи Элвира Газизова.

Тергов қўмитаси вакиласи бу аёл жиноятни содир этганлигини қисман тан олганини билдириб, деди:

- У жиноятга алоқадорлигини қисман тан олиб, болани туққанидан кейин кўрпа билан ёпиб қўйгани ва уйқуга кетгани, бир неча соатдан кейин уйғониб, бола ўлиб қолганини аниқлагани, кейин қўрққанидан мурдани кўчага олиб бориб, чиқинди ташланадиган контейнер ёнига ташлаб келганини айтди, деди терговчи.

Полициячилар муҳожир бу аёл чақалоқни туғруқхонада эмас, квартирани ижарага олиб яшаётган акасиникида туққанини маълум қилган.

Исми тергов якунига қадар сир тутилаётган ўзбекистонлик 28 яшар аёл суд қарори билан ҳибсга олинди ва тергов изоляторига жўнатилди. Тергов қўмитаси суд-тиббий, геном-молекуляр ва руҳий-психиатрик экспертизалар тайинлангани ҳақида хабар тарқатди.

Суд жараёнида бу аёлнинг айби ўз исботини топса, Россия қонунчилигига мувофиқ, 8 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Озодлик Россиядаги ўзбек муҳожирлари томонидан янги туғилган фарзандларини ўлдириш ёки чақалоқларни сотишга уриниш ҳолатлари бўлиб тургани борасида хабар бериб келади.

2015 йилнинг 21 февралида ўзбекистонлик Рихсинисо Эргашеванинг Қозонда ижарага олган уйида кўзи ёриган, шундан сўнг Эргашева Қозондаги 7- касалхона олдига бориб, сумкага солинган чақалоқни кўчага ташлаб келган ва оқибатда чақалоқ музлаб ўлган эди.

XS
SM
MD
LG