Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:38

Туркман гази харидорлари камайиб бормоқда


Туркманистоннинг табиий газ экспортини кўпайтириш умиди чиппакка чиқди.

Туркманистон-Хитой қувурлар тармоғининг D линияси Туркманистонни бошқа давлат билан улайдиган энг йирик тармоқ бўлиши кутилган эди.

Мазкур линия орқали Хитойга йилига 30 миллиард куб газ юбориш режалаштирилган эди.

A, B, C линиялари Ўзбекистон ва Қозоғистондан ўтказилди. Хитой D линияси барча Марказий Осиё давлатларидан ўтиши учун уни Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистондан олиб ўтишга қарор қилди.

2014 йил якунига келиб Хитой ширкатларининг Қирғизистон ва Тожикистон билан келишувга эришиши осон кечмаслиги аëн бўлган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон қувурдан газ олмаса-да, транзит учун миллионлаб доллар олиши керак эди.

2016 йил якунига келиб Озодликка 2015 йил декабрь ойидан бери Хитой расмийлари билан бу масалада учрашув ўтказилмагани маълум бўлган эди.

Эндиликда Ўзбекистон ва Хитой Д линияси қурилишини расман тўхтатиб қўйгани аён бўлмоқда. 2 март куни “РИА новости” “Хитой миллий петролеум коропорацияси” ҳамда “Ўзбекнефтегаз” қувурни Ўзбекистон ҳудудида ётқизишни номаълум муддатга тўхтатиб қўйгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу эса Туркманистонга қаттиқ зарбадир. Мамлакат ўзининг 25 йиллик тарихидаги энг ёмон иқтисодий бўҳронни кутмоқда. Бунинг асосий сабабчиси мамлакат даромадининг асосий манбаси газ бўлиб қолаëтганидадир.

Кейинги уч йил ичида газ нархлари кескин тушиб кетди. Бундан ташқари, 2016 йил бошида Россия Туркманистондан газ импорт қилиш шартномасини бекор қилди. 2017 йил бошида эса мамлакат Эрон билан келиша олмагани учун Теҳронга газ экспорт қилишни тўхтатиб қўйди. Эроннинг ички газ тармоқларини яхшилаш устида ишлаëтганидан¸ кейинги қиш Теҳроннинг туркман газига умуман муҳтож бўлмаслиги мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Бундай вазиятда, туркман гази учун ягона харидор Хитой бўлиб қолмоқда. Ҳозирча Туркманистон газини уч қувур линияси Хитойга элтиб турибди. A ва B линияларининг ҳар бири йилига 15 миллиард куб¸ C линияси эса 25 миллиард газ ўтказиш қувватига эга. Бошқача қилиб айтганда, ҳозирда Туркманистон Хитойга йилига 55 миллиард куб газ экспорт қила олади. Аслида эса қувурлардан максимум даражада фойдаланилаётгани йўқ.

Мазкур уч линия Ўзбекистон ва Қозоғистондан ўтади. Бу икки мамлакат ҳам газ ишлаб чиқаради ва улар қувурларга 10 миллиард куб ўз газини ҳам қўшиб сотиш бўйича шартнома имзолаган. Қозоғистон Хитойга янада кўпроқ газ эскпорт қилиш истагини билдирган.

Бу дегани, учала линия орқали Туркманистон Хитойга йилига 35 миллиард куб газ экспорт қилиши мумкин.

Туркманистон газ саноати бўйича ишончли маълумот топиш осон эмас. Турли ҳисобларга кўра, мамлакат 2016 йилда Хитойга 30 миллиард куб газ эскпорт қилган. Агар бу рақамлар тўғри бўлса, экспорт кўламини ошириш учун қувурларда жой оз эканлигини хулоса қилиш мумкин. D линияси тўхтатиб қўйилганини ҳисобга олсак, Туркманистон кейинги йилларда газ кўламини кўпи билан 5 миллиард кубга ошира олади¸ холос.

Айрим манбаларга кўра, Хитой туркман газининг ҳар 1000 куб метри учун 185 АҚШ доллари тўлайди. Туркманистон чиндан экспорт кўламини 5 миллард куб метрга оширса, мамлакат йилига 1 миллиард доллардан озроқ қўшимча даромад олади. Бу яхшигина сумма, аммо Туркманистоннинг оқсаётган иқтисодини яхшилаш учун етарли эмас.

Бундан ташқари, Хитой Туркманистонда газ қазиб олишни йўлга қўйиш учун мамлакатга миллиардлаб доллар қарз берган - Хитойга сотилаëтган газ пулининг бир қисми Ашхобод қарзини қоплашга сарфланади.

Росссия эса “Туркмангаз” билан шартномани¸ Туркманистон Россиядан 240 доллар талаб қилгани учун шартнома бекор қилган. “Газпром” Қозоғистон ва Ўзбекистон билан янгидан шартнома тузди. Life News хабар агентлигига кўра, “Газпром” Қозоғистон ва Ўзбекистонданҳар минг метр куб газни 140 доллардансотиб олади.

XS
SM
MD
LG