Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 07:15

Қримда “сепаратчиликда” айбланаётган Озодлик мухбири устидан суд бошланди


Микола Семена (суратда) устидан суд 20 март куни Қрим маркази Симферополь шаҳрида бошланди. 2017 йил, 20 март.

Россия аннексия қилиб олган Қрим яриморолида Озодлик радиоси мухбири устидан суд бошланди. Мухбир Украинага қарашли яриморолнинг Москва томонидан босиб олинишини танқид қилиб ҳамда Украина фаолларининг яриморолни блокада қилиш ташаббусини қўллаб ёзган мақоласи учун айирмачиликда айбланмоқда.

Микола Семена устидан суд 20 март куни Қрим маркази Симферополь шаҳрида бошланди. Агар мухбир айбдор, деб топилса, 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Халқаро ҳамжамият Россияни Семенага қўйилган айбловларни бекор қилишга чақириб келади.

66 ёшга тўлган Семенага қўйилган айбловларга мухбир 2015 йилда Озодлик радиосининг “Қрим воқеълиги” вебсайти учун ёзган мақоласи асос бўлган. Қримдаги рус расмийлари мақола Россиянинг “ҳудудий бирлигини бузишга чорлашини” иддао қилишмоқда.

Мақола юқорида тилга олинган вебсайтда ушбу мавзуда чоп этилган ўнлаб мақоланинг бири бўлиб, у яриморолни блокада қилишга қарши мақолага жавоб ўлароқ ёзилган.

Семенага Қримни тарк этиш ман этилган бўлиб, мухбир Симферополдан ташқарига чиқиш учун ҳам рухсат олиши керак.

Ўтган ҳафтада Европа парламенти Москвани Россия, Қрим ёки Украинанинг айирмачилар бошқарувида бўлган ҳудудларда қамалган ёки бошқа чекловларга дучор бўлган 30 дан ошиқ Украина фуқаросини озод этишга чорловчи резолюцияни қабул қилган эди.

Резолюция Россияни юқорида тилга олинган шахсларга, жумладан, “Озодлик радиоси учун олиб борган журналистик фаолияти туфайли жавобгарликка тортилаётган Микола Семенага эркин саёҳат қилиш имконини беришга” чорлади.

Ўтган ҳафтада, шунингдек, Вашингтон Россия расмийларини “жаноб Семенага қўйилган сохта айбловларни бекор қилиб, уни ва Россия сиёсий сабабларга кўра ушлаб турган бошқа барча украиналикларни озод этишга” чақирди.

Европа Иттифоқи ҳам, АҚШ ҳам Қримнинг Россия томонидан эгаллаб олганганига уч йил тўлгани муносабати билан Кремль аннексиясини қоралади. Украина, Вашингтон ҳамда БМТга аъзо юзта давлат Қрим аннексиясини ноқонуний, деб билади.

Москва яриморолнинг рус ва бошқа аҳолисини Киевнинг ғарбпараст расмийларидан ҳимоя қилиш учун уни аннексия қилиш шарт бўлганини таъкидлаб келади.

Украина ва Ғарб ҳукуматлари эса бу иддаони қоралаб, Қримнинг янги расмийларини қримтатарлар ва Москва сиёсатига қарши бўлган бошқа шахсларни таҳқирлашда айблаб келади.

Семенага расмий айбловларни қўйган Қримнинг собиқ бош прокурори Наталья Поклонская “Қрим воқеълиги” сайтини “саботаж ва экстремизмни ёқлашда” ҳамда “этник нафрат уйғотишда” айблаб келади.

Семенанинг ўзи эса ўтган ойда Озодлик билан суҳбатда жиноятга қўл урганини кўрсатувчи исбот йўқлигини айтиб, чунки “Қримнинг мақоми ноаниқ, ҳатто Россия Федерацияси таркибида ҳам”, деган эди.

Мухбир: “Қрим бутун дунё бўйлаб қизғин мунозара мавзуси бўлган баҳсли ҳудуд” эканлигини, халқаро ҳамда Россия қонунларига биноан унда мазкур мунозарада иштирок этиш ҳамда ўз фикрини изҳор этиш ҳуқуқи борлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG