Линклар

Рус олигархи Associated Press агентлигини Трампнинг собиқ маслаҳатчисига бўҳтон ёғдиришда айблади


Кремлга яқиндан алоқадор эканлиги айтиладиган рус миллардери Олег Дерипаска Associated Press агентлиги яқинда эълон қилган ҳисобот ўзига қарши “йирик ва ёлғон кампания” яратганини таъкидлади. Ҳисоботда Дерипасканинг АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов кампаниясининг собиқ етакчиси Пол Манафортга бўлган алоқаси ҳақида сўз юритилади.

28 март куни Дерипаска The Wall Street Journal ҳамда The Washington Post газеталарига ҳақ тўлаб, ўз танқидий мақоласини чоп эттирди. Associated Press ҳисоботида Дерипаска ва Манафорт ўртасидаги ҳамкорлик ёритилган. Манафорт 2016 йилнинг августида Украинадаги сиёсий партиядан ноқонуний равишда маблағ олгани ошкор бўлганидан кейин истеъфо берган эди.

22 март куни эълон қилинган ҳисоботда ёзилишича, Манафорт Дерипаскага ишлаётган пайтида АҚШ, Европа ҳамда собиқ совет мамлакатларида сиёсат ва бизнес шартномаларга таъсир ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида Россия президенти Владимир Путин ижобий оҳангда тасвирланишига эришиш режасини таклиф қилган.

Дерипаска мақоласида мен “Путин ҳукуматига катта фойда олиб келиш учун 10 миллион доллар қийматга эга йиллик шартнома имзолаганим ва уни ижро этиш вазифаси Пол Манафорт елкасига юклангани таъкидланади. Мен мазкур ёвуз иддао ва ёлғонни кескин рад этмоқчиман. Дунёнинг ҳеч бир бурчагида “Путин ҳукумати” қизиқишларини тарғиб қилиш ёки илгари суриш учун ҳеч қачон ҳеч қанақа ваъда қилганим ёки шартнома имзолаганим йўқ”, дейилади.

Аслида эса Associated Press ҳисобитида Дерипаска Путинга фойда келтирувчи шартнома имзолаган, дейилмаган. Ҳисобот “Манафортга қилинган тўловлар ҳамда бизнес ҳужжатлар билан таниш одамалар”га таянган ҳолда, Манафорт шу каби махфий стратегия режасини 2005 йилнинг июнида таклиф қилгани ва 2006 йилнинг бошида 10 миллион доллар қийматга эга шартномани имзолагани таъкидланади.

Дерипаска ўз фаолияти ҳақида “ёлғон иддаоларни” тарқатаётган ҳар қандай “шахс ёки нашриётни” жавобгарликка тортишини билдирди.

Озодлик радиоси Associated Press матбуот котибидан Дерипаска мақоласи ҳақида сўраганда, “Ҳисоботимизни тўғри деб биламиз”, деган жавобни олди.

Президент Трамп маъмурияти ҳокимият тепасига келганидан бери Россиянинг АҚШ ички ишларига аралашгани ва Трамп ёрдамчиларининг Россия билан алоқаси текширилаётгани ҳақидаги хабарлар тинмаётир.

АҚШ разведка хизматлари январь ойида Россия президенти Владимир Путин 2016 йилда ўтган АҚШ президентлик сайловига “таъсир ўтказиш кампаниясини” буюртиргани ҳақидаги ҳисоботни эълон қилган.

Ҳисоботда айтилишича, Россия расмийлари киберҳужумлар, ҳужжат сиздиришлар ҳамда бошқа услублар ёрдамида АҚШ сайлов тизимига таъсир қилиб, демократлар партияси номзоди Ҳиллари Клинтонни қоралаш, Трамп ғалабасини таъминлашга қаратилган.

Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер ўтган ҳафтада Манафор Дерипаскага ўн йил аввал ишлаганини ва бунинг Манафортнинг Трамп сайлов кампаниясидаги фаолиятига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

20 март куни АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) директори Жеймс Коми президент Трамп ёрдамчиларининг Россия расмийлари билан алоқасига оид даъволари суриштирилаётганини тасдиқлади.

Бошида ишончсизлик билдирган Трамп эндиликда сайловга қилинган киберҳужумлар ортида Россия турганига ишонишини айтмоқда. Аммо президент мазкур кампания сайлов натижасига таъсир кўрсатмаганини таъкидлаб келади.

Ҳозир АҚШ Конгрессининг тўрт қўмитаси Россиянинг 2016 йилги сайлов давомидаги ҳаракатларини тергов қилмоқда.

Дерипасканинг 28 март куни эълон қилинган мақоласида у ўз “обрўси ва номини” ҳимоя қилиш учун Конгресс эшитувларида иштирок этишга тайёр эканлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG