Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:39

"Мирзиёевнинг Москва сафари давомида 16 миллиард долларлик шартномалар имзоланади"


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 4 апрель куннинг иккинчи ярмида давлат ташрифи билан Москвага келди.

Бу ташриф арафасида Бош вазир 1-ўринбосари Очилбой Раматов президент сафари давомида умумий қиймати 16 миллиард долларлик 50 дан ошиқ иқтисодий шартнома имзоланишини маълум қилди.

Иқтисодий ҳамкорликка оид бу келишувларнинг 3¸5 миллиард долларлик илк қисми 3 апрель куни Раматовнинг ўзи томонидан имзоланди.

Расмий маълумотларга кўра¸ Мирзиёевнинг президент сифатида Москвага қилаëтган илк ташрифи давомида Россия президенти Владимир Путин ва Бош вазир Дмитрий Медведев билан 5 апрель куни музокаралар ўтказиши режаланган. Чоршанба куни Россия президентининг Ўзбекистон делегацияси шарафига тушлик зиëфат бериши ҳам режаланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 4 апрель куни хабар беришича, Мирзиёевнинг Москвага давлат ташрифи арафасида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида икки давлат ўртасида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик шартномалар имзоланган.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва Россия иқтисодий тараққиёт вазири Максим Орешкин раҳбарлигидаги делегациялар иштирок этган.

Хабарда айтилишича, Урал тоғ металлургия холдинги билан Ўзбекистондаги таркибида ванадий бўлган Тебинбулоқ титанмагнетит маъдан конини ўзлаштириш юзасидан қиймати 1,5 миллиард долларлик меморандум имзоланган.

Ўзбекистон Ташқи алоқалар Миллий банки “Газпромбанк” ва Россия экспорт-кредит агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги лойиҳаларни 500 миллион доллар миқдорида кредитлаш шартномасига қўл қўйган.

“Асакабанк” эса¸ ўзбек матбуотига кўра¸ “Газпромбанк” билан Тошкентда металлургия заводи қурилишини ҳамкорликда молиялаштириш келишувига эришган.

Шунингдек, Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникаси заводи базасида ҳамкорликда қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш келишуви имзоланган.

Бундан ташқари Мирзиëев сафари натижасида Ўзбекистондан Россияга 612 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш, Россиядан эса Ўзбекистонга 225 миллион долларлик нефть экспорт қилиш бўйича шартномаларнинг ҳам имзоланиши айтилмоқда.

5 апрель куни ўтадиган учрашувлардан сўнг Кремлда Ўзбекистон ва Россия муносабатларига оид қўшимча ҳужжатлар имзоланиши ҳам кутилмоқда.

Россия Божхона хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми деярли 3 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон томони ўтган йилда Россия билан товар айрибошлаш 2015 йилга нисбатан 5 фоизга озайиб, 4 миллиард 200 миллион долларни ташкил қилганини билдирмоқда.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 961 корхона фаолият юритмоқда. Россияда эса Ўзбекистон иштирокидаги корхоналар сони 569 тани ташкил этади.

XS
SM
MD
LG