Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:06

Фарғонадаги "давомат рейдлари"да 50 дан ошиқ дарсга бормаган ўқувчи ушланди


Фарғона вилоятида ички ишлар тизими ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари дарсдан қолиб, кўча-кўйда, бозор ва интернет кафеларда вақт ўтказаётган мактаб ва коллеж ўқувчиларига қарши рейдлар ўтказди. Вилоят ички ишлар тизими мулозимининг билдиришича, 6 апрель куни вилоят бўйлаб 29 та мактаб, 12 та касб-ҳунар коллежи, 21 та интернет кафе ва бозорда рейд ўтказилган, ушланган ўқувчилар милиция бўлимларига олиб келиниб, сўроқ қилинган.

Озодлик суҳбатлашган Фарғонадаги рейдларга алоқадор мулозимнинг айтишича, 6 апрель кунги рейдлар давомида дарс пайти кўчада юрган элликдан зиёд бола ушланган.

"Аксар ҳолларда ўқувчилар уйдан мактабга, деб чиқиб кетишади, лекин дарсларга бормайди. Вақтини интернет-клубларда ўтказади. Ота-оналар эса болам мактабда, деб ўтираверади. Айрим ўқитувчилар ҳам бефарқ муносабатда бўлади. Дарсга келмаганларнинг ота-онасига билдирмайди. Сўроқ пайти шу нарса аён бўлаяпти"¸ дейди исми сир қолишини истаган фарғоналик мулозим.

Фарғонадаги рейдларда¸ Озодликка маълум бўлишича¸ вилоят Халқ таълими бошқармаси вакиллари ҳам қатнашган.

Бошқарманинг Озодлик суҳбатлашган расмийси ўқувчилар давоматини тўлиқ таъминлай олмагани аниқланган мактаб ва коллеж директорлари ишдан ҳайдалиши мумкинлигини айтди.

"Ўқувчилар сўроқ қилиниб, уларнинг кўрсатмалари ҳужжатлаштирилади, шунинг асосида ота-онаси ёки ўқитувчиси, керак бўлса мактаб директоригача чора кўрилади", - деди бошқарма мулозими.

Ўзбекистон йирик шаҳарларидаги колежларда ўқувчиларнинг қачон келиб қачон кетишини электрон қайд этувчи турникетлар ўрнатилган.

Қисман ота-оналар тўлаган маблағ ҳисобига ўрнатилган турникетлар ҳам коллежларда давомат юқори бўлишини таъминлай олмаяпти.

"Бу турникетлар нафақат кирди-чиқдини, балки ўқишга мунтазам келмаётган ўқувчиларнинг рўйхатини ҳам автоматик тузиб беради¸деб айтилганди. Лекин бу тизим ишламаяпти. Номига турибди, ишламайди", - дейди фарғоналик коллеж ўқувчиси.

Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълим тизими жорий этилган. Умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиши шарт.

“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, ота-оналар болаларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар. Бу қонунни бузганлар эса, маъмурий жазога тортилади.

Ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасаларидаги давомат масаласи йиллардан бери ҳукумат эътиборида қолиб келмоқда.

2013 йилда ўшандаги Бош прокурор давоматни назорат қилишни шахсан ўз зимамсига олганини айтган бўлса¸ 2017 йилга келиб¸ давомат муаммоси президент чиқишларида ҳам бир неча бор тилга олинди.

XS
SM
MD
LG