Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистонда шакарнинг қимматлаши доллар курси кўтарилиши билан боғлиқ
Ўзбекистонда шакарнинг қимматлаб кетишига доллар курсининг ўсиши ва шакар хом ашёси нархининг кўтарилгани сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда “Даракчи плюс” газетаси Ўзбекистон Молия вазирлигига таянган ҳолда маълум қилди.
Вазирликнинг билдиришича, Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш учун шакарқамиш ишлатилади, бу хом ашё эса Бразилиядан долларга сотиб олинади.
Вазирлик ҳозирда шакарнинг бир килосини 4750 сўмдан 5200 сўмгача бўлган қийматда сотишни тавсия қилган.
Ўтган йилнинг кузида бир кило шакар нархи 3 673 сўмни ташкил қилган эди. Ўтган бир неча ой ичида шакар нархи кескин кўтарилиб кетган.
Кун янгиликлари
Мирзиёев: Тошкент 7,5 млн нуфусли мегаполисга айлантирилади
Тошкент шаҳри камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантирилиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишувда айтган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманларини пойтахт билан яхлит агломерация асосида ривожлантириш бўйича топшириқлар берган.
Ҳозирда Тошкент шаҳри ҳудуди 43 минг 822 гектарни ташкил қилади. Аҳоли сони эса 3 миллиондан зиёд.
2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режа лойиҳасида кўрсатилишича, пойтахт ҳудуди учта зонага ажратилади. Консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолади. Реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлади. Реновация зонасида эса эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилиш ва таъмирлаш амалга оширилади.
Бош режада Тошкент ва унинг атрофидаги яшил ҳудудларни 3 карра кўпайтириш, жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш, жумладан, метробус йўналишлари ташкил этиш, электр энергияси, сув ва оқова инфратузилмасини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.
Қайд этилишича, бош режаси лойиҳаси Сингапур, Буюк Британия, Туркия, Германия, Хитой ва Нидерландия компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Бош режа тасдиқлангач, унинг хариталари Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизими ва шаҳар ҳокимлиги веб-сайтида очиқ маълумот сифатида жойлаштирилади.
ТИВ раҳбари Саидов “Толибон”нинг янги элчисини қабул қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 9 октябрь куни Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссияси янги раҳбари Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилган.
“Томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш, ишлатилмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қиладиган янги лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади”, дея маълум қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Теравий Ўзбекистон кўрсатаётган доимий ёрдам учун Афғонистон номидан миннатдорлик билдирган.
“Мамлакатларимиз ўртасадаги муштарак тарих ва фаровонлик манфаатлари барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларимизни ривожлантиришга туртки бўлиб хизмат қилмоқда”, деб ёзган Бахтиёр Саидов Телеграмдаги расмий саҳифасида.
Абдул Ғаффор Теравий Ўзбекистонда “Толибон” тузган ҳукуматни тамсил этиши жорий йил сентябрь ойида маълум бўлганди.
2021 йил август ойида Афғонистоннинг асосий қисми, жумладан, пойтахт Кобулни эгаллаган “Толибон” ҳаракати “Афғонистон ислом амирлиги” ташкил этилганини эълон қилган.
Толиблар ҳокимиятга келганидан буён ўтган уч йил ичида дунёдаги мамлакатлардан биронтаси у шакллантирган ҳукуматни расман тан олган эмас.
“Толибон” ҳаракати кўплаб мамлакатларда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Ҳозирда “Толибон” ҳукумати хорижий давлатлардаги 39 та элчихона ва консулликни назорат қилади.
Ўзбекистон Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасини жорий йил февраль ойида янги маъмурият ихтиёрига топширган.
ОТБ Ўзбекистон ва Тожикистонга 15 миллион доллар грант беради
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тожикистонга мамлакат электр тармоқларини Ўзбекистон билан ўзаро алоқа тармоғи орқали Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қайта улаш лойиҳасини кенгайтириш учун қўшимча 15 миллион доллар грант ажратади.
“Gazeta.uz” нашрининг ёзишича, қўшимча маблағ Тожикистон шимолидаги “Сўғд” подстанцияси ва Ўзбекистондаги “Янги Сирдарё” подстанцияси ўртасида 22 километрлик 500 кВ янги электр узатиш линиясини қуришга йўналтирилади.
“Бу (маблағ) Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган Марказий Осиё ягона энергетика тизимидаги давлатлар ўртасида электр энергияси экспорти ва импорти салоҳиятини ошириш ҳамда тармоқ узилишларининг олдини олиш учун инфратузилмани мустаҳкамлашга ёрдам беради”, деб ҳисоблайди ОТБ.
Узоқ муддатли истиқболда лойиҳа Тожикистондаги Роғун ГЭСдан электр энергиясини узатиш схемасининг асосий таркибий қисмига айланиши кутилмоқда.
Озодлик аввалроқ ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат молия бозорларини мустаҳкамлаш ва барқарор бозорга йўналтирилган энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 400 миллион АҚШ доллари бўлган иккита қарзни маъқуллагани ҳақида хабар қилганди.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган қарийб 30 йил давомида банк мамлакатга 12,5 миллиард доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.
БП: 40000 доллар пора олган терговчи қочиб кетди
Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси Ш.Ш. 40 минг доллар миқдорида пора олгач, қочиб кетган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбиркор И.Х. ариза билан мурожаат қилиб, терговчи унинг корхонасига қарши очилган жиноят ишини ҳал қилиб бериш эвазига пора талаб қилганини айтган.
“Ушбу ариза асосида жорий йилнинг 7 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.Ш. ариза муаллифидан келишилган 40 минг АҚШ долларини олиб, жиноий таъқибдан қутулиш мақсадида номаълум томонга яширинган. 40 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган”, дейилган БП баёнотида.
Прокуратура ўз хабарномасида тезкор тадбирнинг асосий нишони бўлган терговчи қандай қилиб таъқибдан қочиб қутулгани ва 40 минг доллар маблағ қай тарзда ундан олиб қўйилганига ойдинлик киритмаган.
Ҳолат юзасидан Ш.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ва қидирув эълон қилинган.
Жорий йилнинг 13 февраль куни Бухоро вилояти Когон тумани прокурори 100 минг доллар билан қўлга тушгани ҳам жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Тошкентда темирйўл ходимини поезд босиб кетди
Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги темирйўл ҳудудида фуқаро поезд босиб кетиши оқибатида вафот этди.
“Milliy” телеканалининг “Millar” дастури хабарига кўра, фожиа жорий йил 5 октябрь куни рўй берган.
Темирйўлда кондуктор лавозимида ишлаб келган 36 ёшли эркак тепловозга юк вагонини улаётган вақтда эҳтиётсизлик туфайли темирйўл изига йиқилиб тушган. Шу вақтда уни юк вагонлари босиб кетган.
Ҳодиса жойига етиб борган “тез ёрдам” хизмати ходимга тиббий кўмак кўрсатганига қарамай, у ўша ерда вафот этган.
Мамлакатда ҳар йили поезд уриб кетиши оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлиши айтилади. Масалан, 2017 йилда 19 киши айни шундай транспорт ҳодисаси сабабли ҳаётдан кўз юмган.
2024 йил 23 август куни Тошкент шаҳри Салар–Нурҳаёт темирйўл бекати оралиғида уч фарзанднинг онаси бўлган аёл, 20 июнь куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги темирйўл ҳудудида 10 ёшли бола, 5 март куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги темирйўл кесишмасида 31 ёшли эркак поезд остида қолиб вафот этган эди.
Тошкентда раҳбарлар салоҳиятини баҳолайдиган марказ очилади
Ўзбекистонда президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги муассислигида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 октябридаги 629-сонли қарорига мувофиқ, марказнинг асосий вазифалари ўлароқ қуйидагилар белгиланган:
- ижтимоий-психологик тадқиқотлар асосида давлат фуқаролик хизматчилари учун базавий, алоҳида лавозим ёки лавозимлар гуруҳи учун компетенциялар модели ҳамда индикаторларини ишлаб чиқиш;
- давлат фуқаролик хизматчиларини шахсий-профессионал диагностика қилиш, компетенциялар модели асосида комплекс баҳолаш;
- компетенцияларни баҳолаш жараёнида фойдаланиш учун доимий равишда янги услубларни ишлаб чиқиш, ўзлаштириш ва жорий қилиш;
- компетенцияларни баҳолаш натижалари асосида раҳбар кадрлар учун шахсий-профессионал ривожланиш траекториясини ишлаб чиқиш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш;
- раҳбарлик лавозимига номзодларнинг умумий касбий билими, қадриятлари ва ақлий салоҳиятини аниқлаш бўйича тест синовларини ҳамда психологик сўровномалар ўтказиш;
- раҳбар кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни прогноз қилиш, уларни саралаб олиш ва жой-жойига қўйиш жараёнларига рақамли технологияларни ва замонавий усулларни кенг жорий этиш;
- фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича эксперт-таҳлилий фаолият, илмий тадқиқот ва изланишларни олиб бориш.
Бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган қарорда айтилишича, Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари,шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар,халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари ва техник кўмаклари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, вақтинча бўш турган маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Марказга ўз фаолиятини самарали амалга ошириши учун тегишли соҳа бўйича малакали мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб қилиш, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа буюртмачилар билан тўғридан-тўғри тузиладиган хизмат кўрсатиш шартномаси асосида фаолиятининг асосий йўналишлари доирасида даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш, давлат фуқаролик хизматида замонавий рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ахборот дастурларини ишлаб чиқиш каби ҳуқуқлар берилган.
Ҳукумат қарорида янги марказнинг манзили ўлароқ Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ислом Каримов кўчасидаги 55-уй (Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУКга тегишли бино) кўрсатилган.
Ўзбекистон боғчаларида француз тилини ўқитиш йўлга қўйилади
Ўзбекистонда 12 та мактабгача таълим ташкилотида Kokoro lingua платформаси ёрдамида бепул француз тилини ўқитиш йўлга қўйилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, вазир Ҳилола Умарова Францияда бўлиб ўтган Халқаро Франкофония ташкилотининг 19-саммити доирасида Kokoro lingua компанияси асосчиси Натали Ласслет билан бу борада келишув имзолаган.
Kokoro lingua 4-8 ёшдаги болаларга чет тилларни ўргатишга мўлжалланган халқаро онлайн таълим платформасидир. Дарслар асосан видео орқали, ўйин форматида ташкил этилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ниццадаги Франкофония университети билан педагогларнинг малакасини ошириш бўйича ҳам битим имзолаган. Унга кўра, 2025 йил давомида 200 нафар ўзбекистонлик француз тили ўқитувчилари грант асосида Францияга малака оширишга юборилади.
Daryo.uz нашри қайдича, Ўзбекистонда француз тили 600 га яқин мактабда хорижий тил сифатида, 100 га яқин мактабда эса иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади.
Мамлакат таълим вазирлиги кейинги йилларда АҚШ билан ҳам инглиз тилини ўқитиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Қўшма Штатлар кўмагида 10 мингдан зиёд мактаб учун юқори сифатли инглиз тили дарсликлари харид қилинган, 15 минг нафар инглиз тили ўқитувчиси малака ошириш дастурларида қатнашган.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон хорижда таҳсил олаётган талабалар сони бўйича дунёда бешинчи эгаллагани ҳақида хабар қилганди.
Экспертлар хорижда ўзбекистонлик талабалар сони ортиб бораётгани чет тилларни ўқитиш кўлами кенгайиши билан ҳам боғлиқ эканини айтади.
Бухоролик аёл 3 яшар боласини уриб ўлдириб қўйди
Бухоро шаҳрида яшовчи 28 ёшли Ш.Р. 3 яшар ўғлини калтаклаб, унга тан жароҳати етказган, бунинг оқибатида бола вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, жорий йилнинг 4 октябрь куни мазкур ҳолат юзасидан аёлга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва у қамоққа олинган.
Ҳодисани ўрганган Xabar.uz нашрига кўра, аёл фарзандини тунги соат 01:00 ларда калтаклаган. Норасида бола талоқ ёрилиши оқибатида икки соатча қийналган ва соат 03:00 ларда жон берган.
Аёл Бухоро шаҳри Гулшан маҳалласида ижарада яшаб келган, турмуш ўртоғи эса Россия Федерацияда ишлайди.
Маълум бўлишича, қотилликда гумонланиб қамоққа олинган аёл олдин ҳам 5 яшар фарзандини калтаклаб ўлдирган. Ушбу жиноят ишини кўриб чиққан суд аёлнинг қилмишидан пушаймонлиги ва қарамоғида 1 ёшли фарзанди бўлгани важидан унга енгилроқ жазо тайинлаган. Аёл аввалги жинояти учун берилган жазо муддати тугамасдан туриб иккинчисига қўл ургани айтилмоқда.
Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 30 ёшли эркак қонуний никоҳсиз яшаб келган хотини билан жанжаллашув ортидан аёлнинг биринчи турмушидан бўлган 3 яшар ўғлини чавақлаб ўлдирганди.
2022 йил 24 декабрь куни эса Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи эркак хотини ва 5 ойлик боласини ўлдириб, сўнг ўзини осган эди.
Ўзбекистонда пиёдаларни уриб кетиш ҳолати кўпаймоқда
Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшаган 57 ёшли ватандош йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди.
“Миллий” телеканалининг “Миллар” дастури репортажида қайд этилишича, “Lacetti” автомобилини ҳайдаб кетаётган 30 ёшли шахс бошқарувни йўқотиб, уйи дарвозаси олдида турган эркакка келиб урилган. Оғир жароҳатланган жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Маҳаллий матбуот Тошкент вилоятида рўй берган ЙТҲда яна бир пиёда ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Саккизинчи октябрь куни Олмалиқ шаҳрида “Nexia 3” ҳайдовчиси йўлнинг белгиланган қисмидан ўтаётган 50 ёшли пиёдани уриб юборган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Ўзбекистонда ҳар йили 2000-2500 киши ЙТҲ туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмади. Жумладан, 2023 йилда авариялар оқибатида 2282 киши ҳалок бўлган, 9209 киши жароҳатланган. Жароҳатланганларнинг 1568 нафари, ҳалок бўлганларнинг эса 263 нафари болалардир.
Таҳлилларга қараганда, пиёдаларни уриб кетиш ҳолати кўпайган. Фаоллар йўллардаги бевақт ўлимлар сабаб соҳа масъулларининг истеъфосини ҳам талаб қилгани маълум.
Санэпидқўмита ўзбекистонликларни ҳалокатли хасталикдан огоҳлантирди
Африканинг Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмаси қайд этилгани ортидан Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси ватандошларни эҳтиёт чораларни кўришга чақирди.
Ушбу хасталикда ўлим даражаси 90 фоизга тенг экани айтилади.
“Марбург иситмасининг манбаи кўршапалаклар ҳисобланиб, улардан касаллик соғлом одамларга юқиши мумкин. Инфекцияга чалинган беморлардан ажраладиган биологик суюқликлар (қон, тупук, пешоб) билан бевосита алоқа қилиш, шунингдек, турли жисмлар юзалари орқали ҳам фаол тарқалиши мумкин”, дейилган хабарномада.
Қўмита огоҳлантиришига кўра, касаллик белгилари тўсатдан бошланади ва беморда юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи, безовталик, мушакларда оғриқ, диарея, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолатлари кузатилади. Касалликнинг бешинчи кунида кўкрак, орқа ва қорин бўшлиғида қонталаш тошмалар пайдо бўлиши мумкин.
Санэпидқўмита геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморлар аниқланганда уни зудлик билан иҳоталаб, тиббиёт ходимларга мурожаат қилиш, беморнинг қони, тана суюқликлари ва ифлосланган юзаларга тегмаслик кераклигини эслатган.
Инфекция хуружи эҳтимоли сабаб маҳаллий ҳайвонларнинг чала пиширилган гўштини истеъмол қилмаслик, кўршапалаклар яшайдиган ғорларга бормаслик уқтирилган.
МДҲ лидерлари махсус хизматлар ҳамкорлигини кучайтиришмоқчи
Россия пойтахти Москвада 8 октябрь куни бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Россия президенти раислигида ўтган саммитда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Арманистон етакчилари қатнашган.
Қайд этилишича, учрашувда МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланган.
Расмий Тошкент Ўзбекистон ташаббуси билан 2025–2027-йиллар учун МДҲ давлатларининг Дерадикализация соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинганини “саммитнинг муҳим натижаси” деб баҳолаган.
Машваратда интернет технологиялари ва “Катта маълумот” (Big Data) индустриясини ривожлантириш, рақамли ечимларни жадал жорий этиш, креатив иқтисодиёт, яшил энергетика ва ядро технологиялари, иқлим муаммолари каби йўналишларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги ҳам қайд этилган.
Москвадаги саммит Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунига мўлжаллаб уюштирилган. Ҳар йили 7 октябрь куни Кремлга “дўст” мамлакатлар президентларининг Москвага бориб, Путинни шахсан табриклаб келиши ўзига хос анъанага айланиб улгурган.
Қурилиш вазирлиги аҳолидан шикоятлар ортаётганини тан олди
Ўзбекистонда якка тартибдаги уй-жойлар ҳудудида қўшимча кўп қаватли тураржойлар қурилишига рухсат берилиши натижасида аҳолининг шикоятлари кундан-кун кўпаймоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, 7 октябрь куни вазир в.б. Шерзод Ҳидоятов бошчилигидаги йиғилишда шу каби муаммоли ҳолатларга эътибор қаратилган.
Қайд этилишича, низоли масалалар кўпроқ аҳоли яшаш уйлари билан оралиқ масофа сақланмаслиги оқибатида юзага келмоқда. Бундай зиддиятли вазиятлар Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида кескин ошган.
Вазирлик, шунингдек, ҳудудий Архитектура-шаҳарсозлик кенгашига киритилган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келишиш муддатлари сурункали равишда бузилаётганини ҳам тан олган.
Туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари объектнинг ихтисослигини ўзгартиришга рухсатнома беришда ҳам хатоларга йўл қўйгани аниқланган.
Ижтимоий тармоқлардан аҳолининг ноқонуний қурилишлардан норози бўлиб йўллаган мурожаатларини кўплаб топиш мумкин.
Экспертларга кўра, катта пул айланадиган қурилиш соҳасида коррупция илдиз отиб кетган.
Жорий йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев қурилишни “коррупциясиз соҳа”га айлантириш учун бир қатор вазифаларни белгилаганди.
Жамоатчилик фаоллари Ўзбекистонда қурилиш сифатига доир талабларни кучайтириш зарурлигини айтиб келишади.
МБ: Олтин-валюта захиралари 41 млрд доллардан ошди
Жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг олтин-валюта захира активлари 41,14 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Марказий банк ҳисоботида келтирилишича, сентябрь ойида захиралар 1,98 миллиард долларга ёки 5 фоизга ошган.
Маҳаллий нашр қайдича, бу ҳолат 2013 йилдан бери юритиладиган статистик маълумотларнинг бутун даври учун навбатдаги рекорд кўрсаткичдир.
Марказий банк захиралари кетма-кет учинчи ой ўсиб бормоқда. Июль (1,06 миллиард доллар) ва август (1,75 миллиард доллар) ойларида ҳам ижобий натижа қайд этилган.
Сентябрь ойида олтин котировкалари унцияси учун 2502,8 дан 2647,1 долларга ошгани қўл келган.
Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки саналади.
Аввалроқ Озодлик жорий йилнинг 1 августига келиб Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 37 миллиард 402 миллион 200 минг АҚШ долларини ташкил қилгани ҳақида хабар қилган эди.
Йил бошидан буён “тез ёрдам”га қарийб 10 миллион киши cим қоқди
Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойи мобайнида шошилинч тиббий ёрдам хизматига 9 миллион 958 минг 507 та чақириқ қайд этилди. Бу ҳақда Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров маълум қилган.
Қайд этилишича, чақирувларнинг 7 миллион 107 мингтасини шошилинч бетобликлар, 2 миллион 531 мингтасини сурункали касалликлар ва 64 минг 446 тасини туғуруқлар ташкил қилган.
Энг кўп мурожаатлар Фарғона (1 миллион 40 минг 546 та), Андижон (1 миллион 13 минг 131 та) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (1 миллион 7 минг 327 та) кузатилган.
Нуфуси нисбатан оз Навоий (296 минг 46 та), Сирдарё (335 минг 10 та), Жиззах (399 минг 342 та), Бухоро (482 минг 325 та) каби вилоятларда камроқ чақириқ қайд этилган.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директорига кўра, мамлакат бўйлаб 2 минг 853 та тез ёрдам бригадаси фаолият юритмоқда.
Расмий статистика мамлакатда “тез ёрдам”га мурожаатлар йил сайин ошиб бораётганидан далолат беради. “103” 2022 йилда хизматига 13 миллион, 2023 йилда эса 13 миллион 522 мингта қўнғироқ келиб тушганди.
Футбол бўйича Ўзбекистон термаси тренерининг яна тоби қочди
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 3-босқич саралашида Эрон ва БААга қарши ўйинларни бош мураббийсиз ўтказади.
Ўзбекистон Футбол ассоциацияси матбуот хизмати қайдича, Сречко Катанец “саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра” жамоани вақтинча бошқара олмайди.
Икки муҳим учрашувга жамоани ёрдамчи мураббийлар Алеш Чех ҳамда Владо Радманович тайёрлайди.
Ўзбекистон 10 октябрь куни Эрон, 15 октябрда эса БАА вакилларига қарши тўп суради.
Словениялик Сречко Катанец 2021 йил август ойида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. У билан 2025 йилгача шартнома имзоланган.
Маҳаллий матбуот Сречко Катанец учинчи марта бетоблиги важидан терма жамоага кўмак бера олмаётганига эътибор қаратган. У айнан “соғлиғида юзага келган муаммолар” сабаб 2023 йил июнь ойида Туркманистонга қарши, 2024 йил март ойида эса Ҳонконгга қарши ўйинларни ўтказиб юборган.
“Daryo.uz” нашрининг ёзишича, словениялик мутахассис ўтган йил 5 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида “агар учинчи марта соғлиғи сабаб термани тарк этса, бошқа қайтиб келмаслиги”ни айтган.