Линклар

Францияда сайлов хавфсизлигини таъминлашга 50минг полициячи жалб қилинди


23 апрель куни Францияда президент сайловининг биринчи давраси бошланди. Сайлов натижаси минтақадаги геосиёсий вазиятга, жумладан, Европа Иттифоқи келажаги ҳамда Ғарбнинг Россия билан бўлган муносабатига катта таъсир ўтказиши мумкин.

Маҳаллий вақт билан соат 8:00 да 60 мингдан ошиқ сайлов участкаси очилди. Маҳаллий вақт билан тушгача сайловчиларнинг 28,54 фоизи овоз берди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди. Бу 2012 йилда кузатилган кўрсаткичдан озгина юқоридир.

Бугунги сайлов Франция тарихидаги башорат қилиш энг қийин бўлган сайловлардан биридир. 11 номзод қатнашаётган сайлов арафасида терроризм ва хавфсизлик масалалари муҳим ўрин тутди.

Сайловчиларни ҳимоялаш учун мамлакат бўйлаб 50 минг полициячи, 7 минг аскар сафарбар қилинган.

Францияда 2015 йилдан бери амалга оширилган террор ҳужумларида 230 дан ошиқ одам ҳалок бўлди. Шу сабаб мамлакатда фавқулодда ҳолат режими таъсис қилинган.

Сайловолди сўровлар марказчи номзод Эммануэль Макрон ва миллатчи Марин Ле Пен олдинда эканлигини кўрсатди. Шундай бўлса-да, иккинчи даврага консерватив республикачи Франсуа Фийон ва коммунистлар дастаклаётган Жан-Люк Меланшон ҳам ўтиши эҳтимолдан холи эмас.

23 апрель куни эрталаб “Фемен” феминист гуруҳининг кўкрагини очган ҳолда келган олти нафар аъзоси Ле Пен овоз бериши кутилаётган сайлов участкаси олдида қўлга олинди. Улар Ле Пен ва Трамп ниқобларини тақиб олган ҳолда автомобилдан ирғиб тушишган, аммо полиция уларни тезда олиб кетган. Ҳодисадан кейин озгина вақт ўтиб, Ле Пен овоз берди.

Хабарларга кўра, сайловчиларнинг чорак қисми ҳали бир қарорга келмаган. Мутахассисларнинг фикрича, 20 апрель куни полиция ходимининг отиб ўлдирилгани хавфсизлик ва терроризм бўйича қатъий қарашларга эга номзодлар кўпроқ овоз олишини таъминлаши мумкин.

Хужум ортидан Ле Пен ўзини мамлакатни исломий экстремистлардан ҳимоя қила оладиган ягона номзод қилиб кўрсатди.

Сайловолди чиқишларидан бирида Ле Пен “Одамлар бирикмаса, бирдамлик ҳам бўлмайди. Шундай экан, одамларимиз бирлигини ҳимоя қилишимиз керак. Мен ўзим бир аъзоси бўлган халқни ҳимоя қилишни истайман. Мени улғайишимни, болаларим улғайишини кўрган, болаларим болалари улғайишини кўрадиган одамларни ҳимоя қилишни хоҳлайман”, деди.

Танқидчилар эса номзодни мазкур ҳужумдан сиёсий мақсадларда фойдаланишда айбламоқда.

Ле Пен миграция ҳамда глобализацияга қарши бўлиб, унинг ғалабаси Ғарб мамлакатларида авж олаётган изоляционизм учун яна бир ютуқ бўлади.

Шундай бўлса-да, Еврокомиссия матбуот котиби Мина Андреева “Ле Пен ғалаба қозонса ҳам, бу Европа лойиҳаси тугади, дегани эмас”, деди.

Франция НАТОнинг энг муҳим аъзоларидан бири бўлиб, Европа Иттифоқи томонидан Россия Қримни аннексия қилиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллагани учун мамлакатга қарши санцкия жорий қилинишда муҳим роль ўйнаган.

АҚШнинг популист президенти Дональд Трамп каби Ле Пен Россия президенти Владимир Путин ҳақида ижобий оҳангда сўзлайди ва Москвага қарши санкцияларни бекор қилиш тарафдоридир. Ле Пен 24 март куни президент Путин билан учрашганидан кейин, Европа Иттифоқининг Россия бўйича сиёсатини танқид қилди.

Айни дамда Франция президентлик сайловига Россия аралашаётгани ҳақидаги айбловлар кўпаймоқда. Москва эса бу айбловларни кескин рад этиб келади.

Макрон Россия билан яқиндан алоқа қилишни истамайдиган ягона салмоқли номзоддир.

Фийон рейтинги номзод 2015 йилда ливанлик миллиардер, фаранг нефть ширкати етакчиси ҳамда Путин билан учрашиш учун 50 минг евро олгани ҳақидаги хабарлар ортидан шўнғиди.

Сайловолди кампанияси 22 апрель куни кеч расман тўхтатилди. Айнан шу пайтда Франциянинг хориждаги ҳудудларида ҳамда АҚШ ва Канадада Франция фуқаролари учун сайлов бошланди. Сайлов натижалари 23 апрель куни маҳаллий вақт билан кечки 8:00 ларда эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG