Линклар

АҚШ Конгресси Намоёндалар палатаси қўмитасининг етакчиси миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ президент маслаҳатчиси Майкл Флинн 2015 йилда Россияга боришидан олдин рухсат олмай қонунни бузган бўлиши мумкин, деган хулосага келинганини билдирди.

Нафақадаги генерал-лейтенант Флинн 2016 йилги сайловда Дональд Трампнинг тўнғич маслаҳатчиларидан бири бўлган. У 2015 йилда Россияга ташриф қилиб, Россия президенти Владимир Путин билан овқатланган, Кремль дастаклайдиган RT телеканали уюштириган маросимда сўзга чиққан. Телеканал Флинн Москвага қилган ташрифи учун унга камида 33 минг доллар тўлаган.

Намоёндалар палатаси назорат қилиш қўмитасининг республикачи етакчиси Жейсон Чаффетц журналистлар билан суҳбатда “У пулни қайтариб олиш керак”, деди.

“Собиқ ҳарбий офицер ўлароқ Россия, Туркия ёки бошқалардан пул ола олмайсиз. Афтидан, у пулни ростдан олган. Бу ножўя ҳаракат бўлиб, қонунни бузишнинг оқибати ҳам бўлади”, деди Чаффец.

“Хорижий давлатлардан пул олишдан аввал рухсат олиш генерал Флинннинг бурчи ва вазифаси бўлган. Бизда у бундай рухсат излаганини ёки рухсат олганини кўрсатувчи ҳеч нима йўқ”, дея қўшимча қилди Чаффец.

Майкл Флинн Россия ҳукуматига алоқадор шахс ва ташкилотлар билан алоқаси ошкор бўлиши ҳамда бу ҳақда вице-президент МайкПенсга нотўғри маълумот бериши ортидан президент Дональд Трамп томонидан шу йилнинг 13 февраль куни ишдан олинган. У АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида атиги 24 кун ишлади.

Флинни АҚШ Намоёндалар палатаси ҳамда Сенати разведка қўмиталари ҳамда Федерал қидирув бюроси тергов қилмоқда. Улар Россиянинг 2016 йилги сайловга қаралашгани ҳақидаги иддаоларни ҳам текширмоқда.

Намоёндалар палатаси Назорат қўмитасининг демократ аъзоси Элайжа Каммингс Флинн Россиядан олган маблағлари ҳақида тўлиқ ҳисобот бермаганини, бундай қилиш оғир жиноят эканлигини айтди.

Чаффец ва Каммингс Флинн қонунни бузган-бузмаганини аниқлаш ҳамда ҳукумат уни жавобгарликка тортиши керак ёки йўқлиги ҳақида қарор чиқарилиши учун АҚШ армияси назоратчиси ҳамда Мудофаа вазирлигининг бош инспекторига мурожаат қилишларини билдиришди.

Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер Флинн қонунни бузган-бузмагани ҳақидаги саволга “Буни унинг ўзидан ҳамда ҳуқуқ-тартибот агентликларидан сўраш керак”, деб жавоб берди.

Аввалроқ Каммингс “Тергов етакчиси Чаффец ва мен ҳар икки партия номидан Оқ уй аппарати етакчиси жаноб [Райнс] Прибусга бир гуруҳ ҳужжатни, жумладан, генерал-лейтенант Флинннинг хориж фуқаролари билган қилган алоқасига доир ҳужжатларни бизга беришини сўраб мурожаат қилдик”, деган эди.

Бунга жавобан Оқ уй расмийси мазкур ҳужжатларда махфий маълумот борлигини ва шу сабаб уларни бера олмасликларини айтган.

“Бу жуда номақбул жавоб”, деди Каммингс.

XS
SM
MD
LG