Линклар

Қирғиз талабаларининг Қримга чақирилиши дипломатик баҳсларга сабаб бўлди


Қирғизистонлик талабаларнинг Москва томонидан Қримдаги қурилишларга талабалар қурилиш отрядлари қаторида ишга чақирилиши Бишкекда дипломатик баҳсларга ва жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бишкекдаги Қирғиз-Славян университети талабаси Бекназар Қримга талабалар қурилиш отряди сафларида ёз мавсумида ишга бориш учун камида 20 талаба ёзилганини айтди.

-25 талабадан иборат қурилиш отряди ташкил этилиши керак экан. Ҳозир 21 талаба ёзилдик. Керч кўприги қурилишига фақат 2-курс талабаларини олишмоқда. Йўл ҳақи, Қримда яшаш ва овқатланиш бепул экан. Бизга “Қримдаги қурилишга бориш учун ёзилинглар, ҳаммаси яхши бўлади, бу қурилишга бошқа давлатлардан ҳам талабалар қурилиш отрядлари келади”, деб тарғибот қилишаяпти, -деди Бекназар.

Талабаларни қурилиш отрядларига жалб қилиниши бўйича эълонда “Қрим Россия Федерацияси ҳудуди ҳисобланади”, деган маълумот берилган. Бундай талқинга Украинанинг Қирғизистондаги элчихонаси томонидан норозилик билдирилгач, эълоннинг интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларида берилиши тўхтитлди.

Бироқ Қирғизистон Ёшлар меҳнат биржаси раҳбари Азиз Идрисов талабаларни Қримга ишга жўнатиш масаласи кун тартибидан олиб ташланмаганини билдирди.

- Бу масалада Москвадаги марказий штаб билан музокаралар давом этаяпти. Асосан Қирғиз-Рус университети талабаларидан иборат гуруҳни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ўтган йили Россиянинг турли шаҳарларидаги қурилишларга мингта талабани жўнатган эдик. Бу йил Қримга 25 талабани жўнатиш ниятимиз бор эди, -деди Азиз Идрисов.

Украинанинг Қирғизистондаги элчиси Николай Дорошенко: “ Мен универститет раҳбариятига Украинанинг босиб олинган ҳудудига кириш ва чиқиш тартиби бўйича қонун-қоидаларни тақдим этдим. Шунингдек, Украина қўйган талабларни бузган одамларга нисбатан кўриладиган жазо чоралари борлиги ҳақида ҳам огоҳлантирдим. Менинг эътирозларим қабул қилинди ва мен Қримга борадиган ихтиёрчилар гуруҳи ташкил этилмайди, деб умид қиламан”, -деб билдирди.

Аввалроқ Киев парламент депутатлари Ирина Карамушкина ва Марат Иманкулов Қримга Украинани четлаб, Россия ҳудуди орқали боргани учун қирғиз ҳукуматига норозилик ноатасини топширган эди.

18 апрель куни Киев расмийлари Қримга борган олти нафар ўзбекистонликнинг Украинага кириши уч йилга тақиқлангани ҳақида ҳам хабар берган эди.

“Вақтинча босиб олинган Қрим ҳудудидан “Чонгар” чегара ўтказиш пунктига олти нафар Ўзбекистон ватандоши пиёда келган. Чегара назорати текшируви пайтида улар Қримга фаолияти вақтинча тўхтатилган чегара пункти орқали кириб келгани аниқланди", дейилади Украина чегара хизмати расмий маълумотида.

Киев Россия томонидан 2014 йилда аннекция қилган Қримни вақтинча босиб олинган Украина ҳудуди, деб билади. Шунинг учун ҳам Қримга Украина идоралари билан келишилмай туриб қилинган ҳар қандай сафар Киев томонидан ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоланади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG