Линклар

“Ўзбекистон 24” деб номланган янги телерадиоканал иш бошлайди


Gazeta.uz нашрининг ҳукумат ва Миллий телерадиокомпаниядаги (МТРК) ўз манбаларига таяниб хабар қилишича¸ Ўзбекистон президенти 2 май куни МТРК таркибида “Ўзбекистон 24” деб номланган янги миллий ахборот-таҳлил телерадиоканали ташкил этишга оид қарорга қўл қўйган.

Ҳозирча расмий нашрларда эълон қилинмаган бу қарорга кўра¸ 24 соат давомида эшиттириш узатувчи бу канал¸ “аҳолига объектив ва ишончли хабар етказиш¸ Ўзбекистон медиа ҳудудини сифатли ахборот-таҳлил материаллари билан бойитиш¸ сиëсат¸ хавфсизлик¸ иқтисод¸ маданият¸ илф-фан ва спорт¸ шунингдек¸ бошқа давлатлардаги муҳим воқеаларни тезлик билан ëритиш” мақсадида ташкил этилади.

Айтилишича¸ хориж давлатларида ўз мухбирлик пунктлари бўладиган янги телерадиоканалнинг яқин ойларда SD ва HD рақамли форматида иш бошлаши кутилмоқда.

Хабарга кўра¸ президентнинг айни қарори билан “Диëр” телеканали ва “Тошкент” радиоканали фаолияти тўхтатилиб¸ улар частоталари “Ўзбекистон 24” телерадиоканалига бериладиган бўлган.

Ҳозирда Ўзбекистонда uz24.uz ахборот сайти мавжуд¸ ҳозирча янги телерадиокомпаниянинг мазкур сайтга алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

XS
SM
MD
LG