Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 19:43

Мирзиёевнинг қарори оқибати: аптекаларда зарур дорилар йўқолиб, борлари қимматлади


Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг дори-дармон нархини тартибга солиш, уларнинг нархини асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймасликни кўзда тутувчи қарори кучга кириши ортидан инсон ҳаёти учун муҳим ҳисобланган айрим дорилар аптека пештахталаридан ғойиб бўлган.

Айрим дорихона эгалари нархи чет элда ҳам қиммат бўлган дориларни ҳукумат арзон нархда сотишга мажбурлаётгани, бу эса зарарига бўлаётгани учун уларни сотишни тўхтатганлар.

- “Сальбутамол” аэрозоли мисол учун чет элда 10 доллар, сиз уни 5 долларга сотмайсизку, - дейди исми сир қолишини истаган тошкентлик дорихона эгаларидан бири.

Тошкентлик Мунира касал ётган онаси учун “Заксон” дорисини икки ҳафтадан буён аптекалардан топиб бўлмаётгани, бошқа дорилар нархи эса ўттиз фоиз, айримлари юз фоиз қимматлаб кетганини айтади.

- Касал ётган онамга “Заксон” деган дорини оламиз. Бир ой олдин 20 та таблеткаси 40 минг сўм эди, ҳозир 80 минг сўм. Уни ҳам беркитиб сотишяпти. Бу дори арзон сотилиши керак бўлган дорилар рўйхатида экан. Лекин, улар арзон сотилиши керак бўлган дориларни беркитиб, танишлари орқали қиммат нархда қўлда сотишяпти, - дейди Мунира.

Президент Мирзиёевнинг ўтган йил октябр ойида қабул қилган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ аптекаларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 116 та ва чет элда ишлаб чиқарилган 227 та дори воситалари ва тиббий буюмларининг нархлари бўйича энг юқори нархлар чегараси белгилаб берилган эди.

Тошкентдаги “Таблетка” дорихонаси ходимаси айрим дорилар нархи ошганини тасдиқлади, лекин ҳукумат берган рўйхатга кирган дорилар нархи ўзгармаганини айтди.

- Бизда дориларга 12-17 фоиз устама нарх қўйилади. Ўзи 20 фоизгача устига қўйишимиз мумкин. Чет элдан келадиган дорилар қимматлаган. Чунки доллар ошди. Лекин, ҳукумат берган рўйхатдаги дорилар ўша нархда турибди, келиб кўришингиз мумкин, - деди дорихона ходимаси.

Тошкентлик нафақахўр Ҳалима опанинг айтишича, ҳукумат белгилаган меъёрий нархда сотилиши керак бўлган кўпгина дорилар нархи аптекаларда ўзгармаган, лекин улар сотувда йўқ.

- "Преднизон" деган дорини доимо олиб келар эдим. Бир ой бўлди - йўқ. Асосан, чет эл дориларини сотишмаяпти. Беркитиб қўйишган. Чунки уларга дориларни арзон сотиш фойдасиз экан, шунинг учун сотишмаяпти. Таниш-билиш орқали қимматга сотишяпти, - дейди Ҳалима опа.

Озодлик Тошкентдаги бир қатор дорихоналарга телефон қилди ва ҳақиқатан ҳам ҳукумат белгилаган меъёрий нархда сотилиши керак бўлган кўпгина дорилар йўқлигини аниқлади.

- Списка чиққанидан сўнг бизда кўп дорилар йўқ бўлиб кетди, - деди Тошкентдаги “Дори-дармон” ширкати тармоғидаги аптекалардан бирининг ходими.

Бошқа дорихоналарда эса арзонлаштирилган дори-дармонлар зарарини ҳукумат рўйхатига кирмаган бошқа турдаги дори воситаларини қиммат сотиш эвазига қоплаб олишга ҳаракат қилишяпти.

Бу эса бошқа дори воситаларининг қамматлашувига олиб келган.

Ўтган ой Озодлик дори нархини оширгани учун 200 дорихона лицензиядан маҳрум қилингани ва ўн кун ичида 255 дорихона ёпилгани ҳақда хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG