Линклар

БМТ комиссари Ўзбекистондаги ислоҳотларга кўмак беришга тайёрлигини билдирди


БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни амалга оширишда ўз кўмагини таклиф қилди, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлини тарқатган баёнотда. Зайд Раад ал-Ҳусайннинг бу таклифи унинг Ўзбекистонга 3 кунлик сафари доирасида президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа давлат расмийлари билан учрашувлари чоғида янграган.

Бу БМТ айни лавозимдаги расмийсининг мамлакат тарихидаги илк сафаридир.

Бунга қадар 2007 йилда ўша кездаги олий комиссар Луиз Арбурнинг Ўзбекистонга бориш сўровини расмий Тошкент рад этган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда таъкидланишича , учрашувларда БМТ Олий комиссари аввалги президент Ислом Каримов вафотидан сўнг президентликка сайланган Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар ва очиқ мулоқотдан мамнунлигини билдирган.

Расмий баёнотда Ўзбекистон президентининг бу учрашувда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш у режалаган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири эканини таъкидлагани ҳам айтилди.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлаткалари бўйича директори Хью Виллиамсон ўз Twitter саҳифасида бу ҳодисани Каримов давридаги тарих саҳифаларини ёпиш учун Мирзиёевга берилган бир имконият, деб баҳолади.

Бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг мустақил Ўзбекистон тарихида мамлакатга қилган илк сафаридир.

Сўнгги бор 2007 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ўша кездаги Олий комиссари Луиз Арбурнинг Ўзбекистонга бориш тўғрисидаги мурожаати расмий Тошкент томонидан рад этилган.

Луиз Арбур Ўзбекистон ҳукумати бу сафар режаланган пайтда уни қабул қилишга имконияти йўқлигини билдириб, мурожаатини рад этганини айтган.

Ўша кезда БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссарлиги Қирғизистондаги 500 дан зиёд ўзбекистонликни Руминияга олиб ўтди ва ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарлиги Андижон воқеалари бўйича мустақил текшириш ўтказилишини талаб қилди.

Бу воқеалардан сўнг марҳум президент Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатдаги кўплаб халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТнинг қатор агентликлари ваколатхоналарини ҳам чиқариб юборди.

Собиқ совет замонидан кейин мамлакатни бошқарган марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ҳурфикрлик бўғилган ва инсон ҳуқуқлари аҳволи жуда абгор ҳолга келгани учун йиллар давомида халқаро жамоатчилик томонидан танқид қилиб келинди.

Эндиликда бу сиёсатдан воз кечиш истагини намойиш қилаётган янги президент Мирзиёев қадамларини олқишлаган инсон ҳуқуқлари фаоллари йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, хусусан, бу жараённи сиёсий маҳбусларни озод этишдан бошлашган чорламоқда.

Хусусан, Олий комиссар Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга тарихий сафарининг илк кунида Тошкентда фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашди ва бу учрашувда Тошкент расмийлари ҳам иштирок этди.

Олий комиссар билан учрашувда иштирок этган "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, фаоллар илк учрашувдаёқ Олий комиссардан хорижга қувғин қилинган фуқаролик жамияти ҳамда мухолифат фаолларининг Ўзбекистонга қайтиши, 2005 йилда бўлган Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказилишини таъминлашда ҳуқуқий ёрдам сўраган.

БМТ Олий комиссарининг Ўзбекистонга сафари 12 май куни ҳам давом этади. Бу кунда унинг Самарқандга бориши ва ўзбекистонлик журналистлар билан пресс-брифинг ўтказиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG