Линклар

Москвада автобус ҳайдаш учун ўзбекистонликлар орасида танлов эълон қилинди


Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграция агентлиги Москвада автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлашни истовчилар учун танлов эълон қилди.

Бу ҳақда Sputnik агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Россия томони ўртасида имзоланган шартномага биноан “Мосгортранс” ширкатида автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаш учун минг нафар ўзбекистонлик ҳайдовчи танлаб олинади.

“Номзодлар “D” ҳайдовчилик категориясига эга бўлиши, рус тилини яхши билиши, синчиков бўлиши ҳамда корхона мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиши керак”, дейилади хабарда.

Ҳайдовчиларнинг маоши 43 мингдан 60 минг рублгача белгилангани ҳам эълон қилинди. Муҳими, ҳайдовчи аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда камида 1 йил ишлаган бўлиши лозим. Қизиққанлардан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг маҳаллий бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистондан Россияга бориб ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони, турли манбаларда, 2 ярим миллиондан 5 миллионга қадар экани айтилади. Аксарият ҳолларда иш излаб борганлар ноқонуний вазиятга тушиб қолиши ва одам савдоси ёхуд жиноятчи гуруҳлар, товламачилар қурбонига айланиши кузатилади.

Ўтган ойда Шавкат Мирзиёевнинг Москвага сафари чоғида эса ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига оид ҳужжатлар ҳам имзоланган ва бунда ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний иш билан таъминланишини кафолатлаш ҳам назарда тутилгани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG