Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 07:12

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонликларни ишга юбориш бўйича Япония билан келишув имзоланди

Ўзбекистон Ташқи миграция агентлигида Япония делегацияси билан учрашув

13 май куни Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи миграция агентлиги билан Япония делегацияси ўртасида ўзбекистонликларни ишга ёллаш бўйича ҳужжат имзоланди.

Бу ҳақда Ташқи миграция агентлигининг Facebook саҳифасида хабар қилинишича, учрашувда Япониянинг бир неча ширкати раҳбарлари ўзбекистонликларни ижтимоий таъминот ва ҳимоя билан шуғулланувчи ширкатларга ишга юбориш масаласи бўйича келишувга эришган. Фарғона водийсида эса Японияда ишлаш учун кадрлар тайёрлов маркази очиш масаласи муҳокама қилингани айтилмоқда.

Sputnik хабар агентлигининг ёзишича, Ташқи Меҳнат миграцияси агентлигига қисқа вақт ичида кадрларни ёллашни бошлаши мумкин. Ишчилар сафар олдидан махсус тайёрлов курсларидан ўтиши ҳам айтилмоқда.

Агентлик хабарига кўра, Япония делегацияси ташриф доирасида Тошкентдаги “Саховат” қариялар уйига борган ва мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизими фаолияти билан танишган.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон хотин-қизлари раиси ҳам Лола Йўлдошеванинг видеоклипига муносабат билдирди

Ўзбекистон хотин-қизлари раиси Эльмира Боситхонова хонанда Лола Йўлдошеванинг шув-шувга сабаб бўлган "Севгингни менга айт 2" деб номланган видео клипига муносабат билдирди.

Боситханова шоу-бизнесдаги алоҳида ҳолатларни танқид остига олиш мумкинлиги, бироқ бу миллий қадрият устидан кулиш мумкинлигини англатмаслигини таъкидлаган.

Хотин-қизлар қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган Боситханованинг баёнотида жумладан бундай дейилади.

"Куни кеча Лола Йўлдошеванинг клипи чиқди. У "Ўзбекконцерт"нинг лицензия олиб, бериш тартибини балки тўғри танқид қилгандир. Лекин атласни масхарабоз кийими қилгани, маънавият сўзини ўйинчоқ қилиб қўйгани — бу йигирма бешинчи кадр. Афсуски, буни яна ижтимоий тармоқда кўпчилик қўллаб-қувватлаган. Ана шундай ҳолатларда бошланғич ташкилотларнинг фаол бўлиши эса жуда ҳам муҳим", - деган хотин-қизлар раиси.

Ўзбекистонлик 34 яшар қўшиқчи, ижоди тез-тез баҳс-мунозаралар келтириб чиқарувчи Лола Йўлдошеванинг «Севгингни менга айт-2» клипи Youtube ва Instagramга 13 ноябрь куни қўйилганидан бир соат ўтар-ўтмас камида 100 минг марта томоша қилинган эди.

Ўзбекистонлик блогер Нурбек Алимов бу клипни “Лола инқилоби” деб атади.

Лола Йўлдошеванинг ўзи режиссёрлик қилган бу клип Озодлик суҳбатлашган санъатшунослар назарида санъатнинг “ижтимоий протест” жанридаги асардир.

Ўзбек поп қўшиқчиси Лола Йўлдошеванинг «Севгингни менга айт-2» клипида замонавий мусиқа гуруҳининг “давлатнинг маънавият посбони” бўлган "бадиий кенгаш назоратидан ўтиш жараëни" акс этади.

7 минут давом этадиган клипда “мусиқага изн берувчи мулозимлар”, ҳар қандай янгиликни “менталитетга зид бачканалик” дея танқид қиладиган “Ойша холалар” ва қўшиқчини “Ғарб оммавий маданиятига кўр-кўрона тақлидда” айблайдиган “Хейтер” образлари бор. Шунингдек, клипда жамиятнинг барча қатламлари вакиллари, хусусан “соқол қўйган”лар гуруҳи ҳам акс эттирилади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаева Озодликнинг Душанбедаги мухбири билан суҳбатда ўзбек қўшиқчиси Лола Йўлдошеванинг шов-шувга сабаб бўлган “Севгингни менга айт 2” видеоклипига муносабат билдирган эди.

- Клипни диққат билан томоша қилдим. Чунки бу клип ҳақида кенг кўламда маълумотлар чиқа бошлади. Бу маълумотларда Маданият вазирлигига оид ташкилот “Ўзбекконцерт” бадиий кенгаши танқид қилинади. Аслида барча клиплар¸ мусиқа ва қўшиқлар Ўзбекистон менталитетига мос келиши керак, - деган эди Асқархўжаева.

Ўзбек меҳнат муҳожирлари ватанига 5 миллиард доллардан ортиқ пул жўнатган

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўтган йил ватанига 5 млрд доллардан кўпроқ пул жўнатган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов маълум қилди.

Муҳиддиновнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистоннинг 2,6 миллион фуқароси хорижда ишлайди

Улар ҳисобига 2018 йилда 5,1 млрд доллар олинган.

Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар, жумладан Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия каби давлатларда ишлаши учун шароит олдинги йиллардагига нисбатан яхшилангани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов даврида мигрантлар "дангаса" деб таърифланган, уларнинг муаммо ва қийинчиликларига давлат қизиқмаган.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили камида 500-600 минг кишига ўсиб бормоқда.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони ҳам йилма-йил 300-360 мингга ортаяпти.

Бандлик вазирлиги: Ўзбекистонда ишсизлик 8,9 фоизни ташкил этади, энг кўп ишсизлар Сурхондарёда

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Сурхондарё вилоятини ишсизлик энг юқори бўлган вилоят деб топган.

Вазирликка кўра, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик мазкур вилоятда 9,3 фоизни ташкил этган.

Кейинги ўринларни Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари эгаллаган.

Бу вилоятларда ишсизлик 9,2 фоизни ташкил этган.

Ишсизлик бўйича энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида (7,5 фоиз) кузатилган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисоботда 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакат бўйлаб ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этган. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,3 миллион кишига тенгдир.

16-29 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси 14,9 фоиз, аёллар орасида эса ишсизлик даражаси 12,5 фоиздир.

Ўзбекистоннинг 33 миллионли аҳолисидан 19 миллион киши меҳнатга лаёқатли ёшда.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисоботда келтирилишича, бугунги кунда 2 миллион 600 нафар Ўзбекистон фуқароси ўзга давлатларда меҳнат қилмоқда.

Уларнинг 80 фоизи, яъни 2 миллион 200 нафари Россияда, 350 минг нафари Қозоғистонда, 80 минг нафари Жанубий Корея Республикасида, 60 минг нафари Туркия ва бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонда расмий ишсизлик кўрсаткичлари ҳақиқатга яқинлигини кўпчилик савол остига олади.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, ишлаш ёшидаги бу ўзбекистонликларнинг 5-6 миллиони узоқ-яқин хорижий давлатларда доимий ёки вақтинчалик меҳнат мигрантларига айланган.

"Миллий тикланиш" партияси "Лукойл"нинг танобини тортиб қўйишни талаб қилди

Ўзбек ишчилари ҳақоратлангани акс этган видеодан олинган кадр.

“Компания томонидан ҳақорат қилинган шахс миллатининг аҳамияти йўқ. У қайси миллат вакили бўлмасин, уни ҳақорат қилган одам қонун олдида жавоб бериши шарт. Миллий манфаатлар биринчи ўринда. “Лукойл” 50 та бўлса ҳам у бизни фуқароларни ҳурмат қилмас экан, танобини тортиб қўйиш керак”.

Бу баёнот билан 15 ноябрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган "Пресс-қаҳва" партиялар дебати иштирок этган "Миллий тикланиш" партияси вакили чиқиш қилгани тўғрисида ЎзА хабар қилди.

“Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” бош энергетиги Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини "қўй подаси", деб ҳақорат қилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 13 ноябрь куни "Лукойл" мулозимининг маҳаллий ишчиларини ҳақорат қилгани юзасидан ташвиш билдирган эди.

Мазкур ҳолатга ЎзЛиДеП ва ХДП партиялари ҳам ўз муносабатини билдирди.

ЎзА ахборот агентлигининг 14 ноябрда хабар қилишича, “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ раҳбар ходимининг номақбул ҳаракатини компаниянинг исмини айтишни истамаган вакили изоҳлаб, бундай деган:

“Компаниямизда юз берган ушбу ҳодисадан хабардормиз. Айни дамда бу иш юзасидан тегишли текширувлар олиб борилмоқда. Текширув натижалари ўрганилгач, чора кўрилади ва бу ҳақда компаниямиз баёнот беради".

ЎзА 15 ноябрдаги хабарида ҳозиргача ҳақорат қилган шахс қонуний жавобгарликка тортилмаганини ўз хабарида эслаб ўтди.

121 ўқитувчидан 47 нафари ёзган диктант "1"га баҳоланди, ҳеч ким "5" олмади

Иллюстратив сурат

Малака ошириш таҳсилидаги ўқитувчилардан улар доимий фойдаланиб келган дарсликдаги матн асосида лотин ёзуви бўйича диктант олишга тўғри келди. 275 сўздан иборат диктант матнини 121 тингловчидан бирортаси «5» баҳога ёзолмади.

Бу маълумот Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Нусратулло Жумахўжанинг Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида келтирилди.

"Республика таълим марказидан олинган (диктант қайси йили ёздирилганини айтилмаган - таҳр.) ​«Диктантни баҳолаш мезонлари» асосида текширилганида, ўқитувчилардан 23 нафари – «4», 24 нафари – «3», 27 нафари – «2», 47 нафари – «1» баҳога лойиқ диктант ёзгани маълум бўлди. Баҳолаш мезонига кўра, хатолар миқдори 15тадан ошса, «1» баҳо қўйилади. Ҳолбуки, 30дан ортиқ хатога йўл қўйган тингловчилар ҳам бўлди" деб хабар қилди профессор.

"Ёзув қўшҳокимиятчилиги қачонгача? Давлат тили ва унинг ҳуқуқий, назарий ва амалий муаммолари" деган сарлавҳа остида ёритган мақоласида профессор Нусратулло Жумахўжа "Ўқитувчининг аҳволи шу бўлса, ўқувчининг аҳволи, оддий фуқаронинг саводхонлиги қандай бўларкан?" деган саволни ўртага ташлаган.

МСК партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди. "Бирлик" ва "Эрк" яна жараёндан ташқарида

Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партиянинг лидерлари МСК раиси билан.

15 ноябрда Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиялардан кўрсатилган номзодларни расман рўйхатга олди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайлов 22 декабрда бўлиб ўтади.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, ноябрь бошида бешта сиёсий партия — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП), Миллий тикланиш Демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ва Экологик партияси сайлов округлари сонига мос равишда 150 нафардан номзодни кўрсатган эди.

15 ноябрь куни 750 нафар номзоднинг барчаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расман рўйхатга олинди ва сайловда қатнашишга рухсат берилди. Тасдиқланган номзодлар орасида 43 нафари парламент қуйи палатанинг ҳозирги таркибида депутат сифатида фаолият кўрсатмоқда.

  • Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда тузилган, 90- йиллар бошидаёқ мамлакатдан қувғин қилинган "Бирлик" ва "Эрк" партиялари давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг ҳам тақиқдалигича қолди, бинобарин улар бу йилги сайловларда ҳам иштирок этмаяпти.
  • Каримов даврида тузилган ва расман тан олинган 5 та сиёсий партиядан бошқа Мирзиёев даврида янги сиёсий партия пайдо бўлмади.

Москвада ойлаб комада ётган 22 ёшли ўзбекистонлик талаба вафот этди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Москвадаги 67-касалхонада бир неча ойдан бери кома ҳолатида бўлган ўзбекистонлик талаба Ўлмасхон Баҳронов вафот этди.

Ўлмасхон Баҳроновнинг қариндоши Фарруххон Шукурлаев Facebook саҳифасида жиянининг жанозаси 15 ноябрь куни соат 12да Самарканд тумани Қуйи Чордара маҳалласида ўқилиши ҳақида хабар берди.

“Фергана” агентлигининг ёзишича, шифокорлар 22 ёшли Ўлмасхон Баҳроновнинг ўлимини 13 ноябрь куни соат 20:45да қайд этганлар.

Озодлик радиоси шу йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида 20 августида бурнидан қон келгани учун Москва шифохоналаридан бирига олиб келинган ва комага тушиб қолган самарқандлик Ўлмасхон Баҳронов ҳақида лавҳалар берган эди.

Ўлмаснинг яқинлари ўзбекистонлик йигит касалхона врачлари тайинлаган нотўғри препаратлар ва Ўзбекистонда хато ўтказилган жарроҳлик амалиёти оқибатида комага тушганини иддао қилган эдилар.

Ўлмасхон Баҳронов Москвада Россия халқлар дўстлиги университетининг тиббиёт бўлимида тахсил олган.

ИДнинг Туркия қамоқларида сақланаётган ўзбекистонлик аъзолари экстрадиция қилинади

Май ойида Яқин Шарқдан Ўзбекистонга қайтарилган аёллар ва болалар.

Туркияда “Ислом давлати” террор гуруҳига мансублика айбланиб қамоққа олинган 956 нафар одамнинг 82 нафари ўзбекистонликдир. Улар тез орада ватанига экстрадиция қилинади.

Бундан ташқари экстрадиция қилиниши кутилаётган жангарилар орасида Қирғизистоннинг 23, Қозоғистоннинг 10, Туркманистоннинг 6 ва Россиянинг 99 нафар фуқароси бор.

Ўтган ҳафтада Туркия ички ишлар вазири Сулайман Сойлу “Ислом давлати”га мансубликда айбланиб қамоқларда сақланаётган 956 нафар одам 11 ноябрдан бошлаб ўз ватанларига экстрадиция қилинишини билдирган эди.

Жорий йилнинг 30 май куни ўзбекистонлик 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида махсус авиарейс билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Тошкентга олиб келинганди. ​

10 октябрь куни эса Ўзбекистонга Ироқдан 64 нафар ўзбек бола қайтарилган эди.

Айни пайтда Сурия ва Ироқ ҳудудида қолаётган ёки 2011 йил – Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг бу давлатга, кейинроқ Ироққа борган ўзбекистонликларнинг аниқ сони Озодликка маълум эмас.

АҚШдаги Soufan Group тахминича, 2016 йилнинг майига қадар Ироқ ва Сурияга камида бир ярим минг ўзбекистонлик борган, Марказий Осиёдан борганлар сони эса 4 минг 200 кишидир.

Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Россияда мураббийлик фаолиятини бошлади

Бокс бўйича оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев.

Ўта оғир вазнда бокс бўйича жаҳоннинг собиқ чемпиони Руслан Чагаев Россияда мураббийлик фаолиятини давом эттирмоқчи.

Новости агентлигинг 15 ноябрда билдиришича, Руслан Чагаевнинг мураббийлик дебюти россиялик боксчи Фотима Дудиевани машқлантириш билан бошланди.

Петербургда 14 ноябрь куни ўтган “Нокаут қироллари” турнирида Фотима Дудиева польшалик Дорота Норек устидан ғалаба қозонди.

“Ўйлайманки, мен мураббийлик фаолиятини давом эттираман. Бу менинг ишим эканини тушуниб етдим. Ўзимни жуда яхши ҳхис қилдим”, деб айтган Чагаев.

Руслан Чагаев кўриш қобилиятида муаммолар пайдо бўлгани ортидан 2016 йилнинг октябрида профессионал рингни тарк этганди.

Руслан Чагаев профессионал рингда 38та жанг ўтказиб, улардан 34тасида ғалаба қозонган. У рақибларини 21 марта нокаут қилган.

Петербургда ўзбекистонликка ҳужум қилган миллатчи ўсмирлар қамоққа олинди

Россиялик миллатчилар.

Россиянинг Петербург шаҳрида ўзбекистонлик 38 ёшли меҳнат муҳожирига ҳужум қилган уч нафар одам тергов якунлангунига қадар эҳтиёт чораси сифатида 12 январгача қамоққа олинди.

Фонтанка нашрининг 14 ноябрда билдиришича, 15, 16, 17 ва 19 ёшли ҳужумчилар Пост Ковалево темир йўл станциясида қўлга олинган. 15 ёшли ҳужумчини суд қамоққа олган эмас.

Терговчилар улар миллий нафрат асосида ўзбекистонликка ҳужум қилган, деб ҳисобламоқда.

Терговчиларга кўра, 17 ёшли ҳужумчи неонацист Тесак лақабига эга Максим Марцинкевични олқишлайдиган ижтимоий тармоқларда иштирок этади.

19 ёшли ҳужумчи эса ўз ижтимоий саҳифаларида миллатчиларга ҳос кийимларни кийиб тушган суратларини жойлаштирган.

2020 йилда байрамлар муносабати билан дам олинадиган кунлар белгиланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти 14 ноябрь куни 2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга асосан 2020 йилда қўшимча ишланмайдиган кун сифатида 23 март — душанба белгиланди.

Дам олиш кунлари бўлган 4 январь — шанба 2 январь — пайшанбага, 29 август — шанба 31 август — душанбага кўчирилди.

2 январь пайшанба ва 31 август душанба куни барча ходимлар учун иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, дам олиш куни ҳисобланади.

ЎзХДП "Миллий тикланиш" устидан прокуратурага арз қилди

"Миллий тикланиш" газетаси ХДП аъзосининг Геннадий Зюгановга (суратда) қандай “қариндошлиги бор”лигига шама қилган.

ЎзХДП Марказий Кенгаши шу партия аъзоси Мақсуда Ворисованинг шаъни ва қадр-қимматини қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилишни сўраб, тегишли тартибда Юнусобод туман прокуратурасига мурожаат қилди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, "Миллий тикланиш" демократик партияси расмий нашри “Миллий тикланиш” газетасининг 2019 йил 1 ноябрдаги сонида “ЎзХДП аъзоси Мақсуда Ворисованинг Россия коммунистлар партияси етакчиси Геннадий Зюгановга қандай “қариндош”лиги бор”лиги ҳақида ясама суратли анонс чоп этилгани сабаб бўлган..

"Маълумки, "Миллий тикланиш" партияси марказий аппарати раҳбар ходимлари ушбу партия миллий қадрият ва анъаналарни юксак даражада қадрлаши ва ҳимоя қилиши ҳақида кўп гапиради. Партиянинг дастурий ҳужжатларида бу йўналишда қатор ғоя ва таклифлар, шиорлар илгари суриб келинади. Шунга қарамай, "Миллий тикланиш" партияси ўз ғояларига қарши равишда, халқимиз юксак даражада қадрлайдиган аёл, она шаънини писанд қилмаётгани бизда таассуф уйғотади", дейилади Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши баёнотида.

Шаръий никоҳда яшаётган 20350 оилага никоҳ гувоҳномаси топширилди

Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350 дан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.

Бу маълумот13 ноябрь куни оила институтини мустаҳкамлаш мавзусига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилингани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

2018 йил июлидан ФҲДЁ идоралари туман ва шаҳар ҳокими ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раисига бўйсундирилган эди. Шундан сўнг, маълум бўлишича, муддати ўтган (1 йилдан ошган) 13 минг 478та туғилганлик, 21 минг 219та никоҳ, 2 минг 163та ўлим гувоҳномаси расмийлаштирилиб, фуқароларга топширилган.

1 аёлни зўрлаган 5 эркак ишини Сенат ўз назоратига олишини билдирди

Олий Мажлис Сенати биноси.

"Унутмаслигимиз лозим, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида ҳар бир фуқаро хоҳ тун, хоҳ кундуз бўлсин, кўчада юриши тақиқланмаган, шунингдек ҳеч ким бировнинг ахлоқсизлигини рўкач қилиб, уни ўзбошимча жазолашга ҳаққи йўқ".

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати бу баёнотни Сенатнинг расмий сайтида эълон қилди.

Сенатнинг бу баёноти Қашқадарёда 5 нафар эркак 26 ёшли қизни зўрлаганига оид хабар билан боғлиқдир. Бу ҳақда Озодлик “Постда” газетаси 11 ноябрь кунги хабарига таяниб ёзган эди.

Билдирилишича, бу воқеа 2019 йилнинг октябрь ойида содир этилган. Тунги соат 01:30 да кўчада кетаётган 26 ёшли М.Т.ни Қарши шаҳрида яшовчи 30 ёшдан ошган 5 нафар фуқаро мажбурлаб машинага ўтқизиб, овлоқ жойга олиб борган ва номусига теккан.

Ҳозирги кунда жиноятчиларнинг барчаси ушланиб, ЖКнинг 118-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизматининг хабар қилишча, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ушбу жиноят иши юзасидан мутасадди идоралар томонидан зарур чоралар кўрилишини назоратга олади.

Straus House иши: қарийб 400 киши жабрланувчи деб эътироф этилди

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар қилишича, Straus House МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиш арафасида турибди.

Хабарда айтилишича, бугунги кунга қадар жиноят иши бўйича 400 нафарга яқин шахслар сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.

Дастлабки терговнинг тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, Straus House МЧЖ мансабдор шахсларининг жиноий ҳаракатларидан жабр кўриб, мурожаат қилмаган фуқаролар бўлса, ўзлари яшаб турган ҳудудидаги ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимларига ёки ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига ёхуд 71-231-41-28, 71-231-43-02 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар, Юнусобод туман бўлими "Straus House" туяқушчилик ширкати фаолиятини текширишни сентябрда бошлагани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Нафосат Оллошукурованинг адвокати Хоразм вилоят судлов ҳайъатига кассация шикояти топширди

Нафосат Оллошукурова (ўнгдан биринчи)

Мажбурий тартибда руҳий шифохонага ётқизилган 32 яшар хоразмлик блогер Нафосат Оллошукурованинг адвокати фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судлов ҳайъатига кассация шикояти топширди.

Бу ҳақда 14 ноябрда хабар қилган Eltuz.com сайтига кўра, кассация шикояти 6 ноябрда топширилган.

Адвокатнинг фикрича, Нафосатни руҳий шифохонага ётқизиш ҳақидаги суд қарори“Психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги қонун”нинг 27-моддаси талабларига хилоф. Нафосат Оллошукурова суд мажлисига чақирилмаган. Унинг руҳий холати бузилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилинмаган. Психиатрик экспертиза хулосаси олинмаган. Суд қарорига ёлғонлардан иборат ариза асос қилиб олинган.

Нафосат фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суднинг қарори билан 2019 йилнинг 30 сентябридан Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида мажбурий сақланмоқда. Бу қарордан аввал, у журналист Маҳмуд Ражаб ҳимоясига уюштирилган норозилик акциясида иштироки учун 10 кунлик қамоққа олинган эди.

Қатор ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари, жумладан Халқаро Амнистия, “Пахта Кампанияси” коалицияси ва “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” блогерни руҳий шифохонадан чиқариш талаби билан баёнотлар беришган.

Айни пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновнинг фикрича, Хоразм вилояти психоневрологик диспансерида блогер ва инглиз тили ўқитувчиси Нафосат Оллошукурованинг мажбурий касалхонага ётқизилиши унинг танқидий материаллари билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда Алламжонов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берди.

Икки фарзанднинг онаси Нафосат Оллошукурова Жахон тиллари Университетини инглиз тили мутахассислиги бўйича тамомлаган. У ўзининг жамиятдаги фаол позицияси билан танилган. Унинг якинлари, илгари ҳеч қачон руҳий касалликка учрамаганини билдирган.

Президент ҳар жума "Чорвачилик куни" деб эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди..

— Ҳудудларимиз салоҳиятидан тўғри фойдаланиб, қаерга нима экиш, қайси чорва турини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали бозорларимизда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва даромадни ошириш бўйича, афсуски, самарали тизим мавжуд, деб айта олмаймиз, — деган президент.

Чорвачилик паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқлари муаммоларини комплекс ва тизимли ҳал этиш, бу тармоқларини изчил ривожлантириш учун президент Шавкат Мирзиёев қатор вазифалар қўйгани хабар қилинди.

Келгуси йилдан чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини субсидия бериш орқали қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, субсидия етиштирилган тайёр маҳсулотлар ҳажмига мувофиқ равишда берилади.

"Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш учун ҳафтанинг ҳар жумаси «Чорвачилик куни» деб эълон қилинди. Топшириқлар ижросини мувофиқлаштириб бориш ва чорвадорларга кўмаклашишга масъул Республика кенгаши тузилди", деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон 2030 йилгача оналар ўлими ва маиший зўравонликка барҳам бериш масъулиятини зиммасига олди

Иллюстратив сурат.

Жаҳон мамлакатлари етакчилари олди олиниши мумкин бўлган оналар ўлими, гендер нотенглиги ва маиший зўравонликни 2030 йилга қадар батамом тугатиш мажбуриятини зиммасига олди. Ўзбекистон ҳукумати ҳам ушбу мажбуриятларни белгиланган муддатда бажаришга аҳд қилган. Бу ҳақда gazeta.uz хабар қилди.

12−14 ноябрь кунлари Найроби шаҳрида ўтказилган Аҳоли ва Ривожланиш анжумани 25 йиллиги йиғилиши иштирок этиш учун 100дан ортиқ давлатдан 6 мингга яқин иштирокчи Кения давлатига етиб келган. Ўзбекистон Сенатининг қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев бошчилигидаги мамлакат делегацияси таркибида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усмонов, Сенат Халқаро бўлими бошлиғи Афзал Ортиқов, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Диловар Қобулова ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари Найроби саммитида иштирок этишмоқда.

«Қоҳира анжуманида аёллар ва қизларга эътибор қаратиш глобал ривожланиш кафолатларидан бири сифатида тан олинганди. Бу йўналишда кўп ишларга қўл урилди. Аммо эришилмаган натижа ва марралар бизни кутмоқда. Тугалланмаган ишларни якунлаш, кучли ирода кўрсатиш вақти келди», деди UNFPA ижрочи директори Наталиа Канем саммит очилиш маросимида.

1994 йили 179та давлат вакиллари аёллар саломатлиги, гендер тенглиги ва жинсий саводхонлик, ижтимоий имкониятлардан тенг фойдаланиш каби масалаларда ягона қарорга келганди. Орадан 24 йил ўтиб, жаҳон мамлакатлари ушбу қарорни сиёсий даражада қўллаб- қувватлашга келишиб олган. Найроби саммитида халқлар кўзланган мақсадга эришиш учун сиёсий ирода ва молиявий кўмакни ошириш масалаларига батафсил тўхталиб ўтади.

UNFPA маълумотига кўра, ўтган 25 йилда оналар ва болалар ўлими сезиларли даражада камайди ҳамда сифатли контрацептик хизматлардан фойдаланиш имконияти ошди. Шунга қарамай, тақдим этилаётган имкониятлар Ер юзидаги барча оилалар учун тенг тақсимланмаган. Ҳар куни 800 нафарга яқин ҳомиладор аёл ва болалар турли сабаблар билан вафот этмоқда, 232 миллион аёл ҳомиладорликнинг олдини олишга ҳаракат қилади, аммо замонавий контрацептик хизматлардан фойдалана олмайди. Уларга кўмак бериш учун 68,5 миллиард доллар ажратилиши кўзда тутилган. 2030 йилга қадар эришилиш кутилаётган натижалардан бири — қизларнинг таълим олиш давомийлиги сақлаш ва эрта турмуш ҳолатларини камайтириш. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун 35 миллиард доллар талаб этилади.

Саммитнинг биринчи ишчи кунида Ўзбекистон делегацияси UNFPA ижрочи директори ўринбосари Дереже Вордофе билан учрашди. Делегация раҳбари сенатор Низомхўжаев аҳоли саломатлиги, ижитимоий ривожланиш ва маиший зўравонликка қарши кураш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини жаноб Вордофега етказди. Шу билан бирга, UNFPA ижрочи директори ўринбосари Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати, қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва шу кунгача эришилган натижаларга юксак баҳо берди.

Оқдарёда эр ҳомиладор хотинини ўлдирди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 33 ёшли фуқаро оилавий жанжал оқибатида 25 ёшли аёлини бўғиб ўлдирди, шундан сўнг ўзини осиб, жонига қасд қилди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ҳодиса 12 ноябрь куни соат 00:10ларда содир бўлган. Терговнинг аниқлашича, бўғиб ўлдирилган аёл ҳомиладор бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "б" банди (Ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни қасддан ўлдириш) моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.

Расман: Кам таъминланганларга ун ва нон учун 604 миллиард сўм компенсация ажратилди

Иллюстратив сурат.

Ҳукумат кам таъминланган оилаларнинг ун ва қолипли нон сотиб олиш ҳаражатларини компенсациялаш учун 2019 йилда 604 миллиард сўм маблағ ажратди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси 13 ноябрь куни хабар берди.

Билдирувда айтилишича, ҳукумат нон нархини назорат қилишдан воз кечганидан сўнг, кам таъминланган оилаларга бериладиган тўлов миқдори 1 октябрдан ойига 22,3 минг сўмдан 50 минг сўмга кўпайтирилди.

Бундан ташқари компенсация олувчи тоифалар сони 9тадан 11тага кўтарилди. Натижада компенсацияни бугунги кунда 2 миллион одам олмоқда.

Пенсия жамғармасиининг билдиришича, пенсия ва пособия олувчиларнинг ягона базаси мавжуд бўлиб, мазкур база компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлганларни автоматик тарзда аниқлайди. Ҳар ойнинг 3-кунигача тўлов ҳужжатлари расмийлаштирилиб, электрон тарзда банкларнинг филиалларига жўнатилади.

“Тўловларни пластик карточка орқали олувчиларга эса ҳар ой бошида маблағ автоматик тарзда ҳисоб рақамига ўтказилади”, дейилади билдирувда.

Қирғизистон Ўзбекистондан маҳсулот олиб кириш чекланиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги Ўзбекистондан Евросиё иқтисодий иттифоқининг фитосанитар талабларига жавоб бермаган маҳсулотлар олиб кирилаётгани тўғрисида баёнот берди.

Вазирликнинг 13 ноябрда билдиришича, 2019 йилнинг бошидан то шу кунгача 356та мана шундай ҳолат бўлган. Бу ҳолатларнинг 10тасида Қирғизистонга олиб кирилган озиқ-овқат ва меваларда, жумладан, анорда зарарли вируслар борлиги аниқланган.

“Маҳсулот Ўзбекистоннинг фитосанитар назорати сертификатига эга бўлган. Бироқ Ўшдаги лаборатория маҳсулотда “Grapholitha molesta Busck” вируси борлигини аниқлаган”, дейилади расмий баёнотда.

12 ноябрда эса Ўзбекистондан олиб келинаётган 35 тоннадан ортиқ маҳсулотнинг фитосанитар сертификати яроқсиз деб топилган ва Қирғизистонга киритилмаган.

Вазирлик шу муносабат билан Ўзбекистоннинг тегишли идораларига дипломатик каналлар орқали Қирғизистонга маҳсулот олиб киришга вақтинчалик чеклов жорий этилиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантирув мактубини жўнатган.

Президент назарига 25 ёшида тушиб қолган Олимжон Тўйчиев яна вазир ўринбосари бўлди

Олимжон Тўйчиев 2013 йилда "Шуҳрат" медали билан мукофотланган.

Ўзбек тилида сўзлашадиган робот ихтиро қилгани ортидан президент Шавкат Мирзиёев назарига тушган 28 ёшли Олимжон Тўйичев яна вазир ўринбосари лавозимига қайтарилди.

Президентнинг 12 ноябрдаги қарорига асосан Олимжон Тўйичев Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинланган.

Бунга қадар у Инновацион ривожланиш вазирлигида бошқарма бошлиғи ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

2017 йилда президент Мирзиёев 25 ёшли Олимжон Тўйчиевни ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари, 23 ёшли Алишер Саъдуллаевни халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинлаганди.

Олимжон Тўйчиев 1991 йил 27 октябрда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкентдаги Турин политехника университетини тамомлаган. 2017 йили эса Германиядаги Ҳоффенҳайм университети магистратурасини тугатган. Рус, инглиз, немис, итальян тилларида эркин сўзлаша олади.

2013 йил 4 декабрь куни Олимжон Тўйчиев президент фармонига асосан «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.

Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилади. Бу ҳақдаги қарорни президент Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни имзолади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилаётган кенгаш президент ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади.

“Кенгаш таркиби Ўзбекистонда инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган хорижий компаниялар, банклар, инвестициявий ва бошқа тузилмалар, халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, шу жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, бошқа иштирокчилар орасидан белгиланган тартибда шакллантирилади”, дейилади қарорда.

Кенгаш ўз фаолиятини оралиқ ва ялпи мажлислар шаклида юритади. Кенгаш ялпи мажлислари йилда бир марта, оралиқ мажлислари – йилда камида икки марта ўтказилади.

Кенгаш аъзоларининг мажлисларга келиш ва уларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатлари Кенгаш аъзоларининг ўз маблағлари ҳисобидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

ХДП 2,5 млн сўмнинг овқатдан ошмаслигини тан олди. Бошқа чиқимларга пулни қаердан олишни айтмади

Ўзбекистон ХДП лидери Улуғбек Иноятов

"Бизнинг сиёсий партиямиз раҳбари, ҳурматли Улуғбек Илёсович, 2,5 миллион пул 5 кишидан иборат оилага етади деган фикрни билдирганида оиланинг барча харажатларини назарда тутмаган. Балки фақат озиқ овқат маҳсулотларини ҳарид қилишни назарда тутган эди".

Бу баёнотни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши сектор мудири Равшан Хомитов тилга олинган партия лидери Улуғбек Иноятовнинг жамоатчиликда норозилик уйғотган фикрини шарҳлаётиб билдирди.

Маҳаллий нашрларга кўра, ХДП вакили ўз фикрини 13 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган йиғилишда билдирган.

5 кишилик оила 2,5 миллион сўм пулни фақат озиқ-овқатга сарфласа, қолган ҳаражатларни қайси пул ҳисобидан қоплаши ҳақида гапирганми-йўқми - хабарларда ҳеч нарса дейилмаган.

Куни кеча Ўзбекистон ХДП етакчиси Улуғбек Иноятов "Беш нафар фарзанди бор ва битта ойлик маоши билан яшаётган бўлса, 2,5 миллион ойлик олса, бемалол уйидаги беш нафар фарзанди билан... Буни иқтисодчилар ҳисоблаб чиққан», деган, унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлганди.

Андижон ҳокими пахтакор шоирга автомашина совға қилди

Сурат Андижон вилоят ҳокимлиги расмий сайтидан олинди

Андижоннинг эрка шоир ўғли, Ватан куйчиси Шарофиддин Болтабоевга юртни мадҳ этувчи шеърлари учун вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғаси, енгил автомашина топширилди, деб хабар қилди Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Автомашинани вилоят ҳикими Шуҳрат Абдураҳмонов Хонобод шаҳридаги Хонобод сиҳатгоҳида тиббиёт ходимларини шарафлаш тантаналари давомида тапширган.

kun.uz сайтининг хабар қилишича, автомашина билан сийланган шоир бу йилги пахта мавсумининг илк кунларидан ўзи туғилган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани далаларида теримчилар билан бирга пахта терган.

«Шоир пахта далаларида тушлик пайти бўлган вақтларда, ҳашарчи пахтакорлар номидан ёзилган,

Шаҳди ўткир қиличдан,

Шуҳрат Қўшақбоевичдан,

«Равон» олгим келяпти,

Пахта тергим келяпти!

каби мисраларни ўз ичига олган янги шеърларини ўқиб эшиттирган.

Kun.uz "маълумотларга" таяниб, шоирга автомобиль ҳомийлар томонидан тақдим қилинганини хабар қилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG