Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 14:14

Бош вазир Ўзбекистонда гўшт нархини туширишни талаб қилди


Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 16 май куни ўтказган селектор мажлисида гўшт ва чорва моллари озуқаси нархлари кўтарилиб кетиши сабаблари ўрганилди ва вазиятни изга солишга доир топшириқлар берилди. Бу маълумотни Озодлик Фарғона вилоят ҳокимлигидаги ўз манбасидан олди. Сешанба куни ўтказилган селектор мажлиси тўғрисида маҳаллий матбуотда хабар пайдо бўлмади.

Ўтган ой охири, жорий ой бошидан буён Ўзбекистонда гўшт 10 – 20 фоизга қимматлаб кетгани тўғрисида Озодлик куни кеча хабар қилган эди.

Гўшт қимматлаб кетаётганига ҳукумат раиси эътибор қаратгач, Озодлик мавзуга яна қайтиб, бугун масалани Фарғона вилояти мисолида ўрганди.

18 май куни Фарғона шаҳрида 1 кг мол гўшти 28 минг, қўй гўшти 31 минг сўмдан сотилди. 10-15 кун муқаддам мол гўшти 3 минг, қўй гўшти 2 минг сўмга арзонроқ эди. Бу маълумотни Озодлик Фарғона марказий бозоридаги исмини айтишни истамаган қассобдан олди.

Ёзёвон туман марказидаги қассобхона мудирининг айтишича, 18 май куни у мол гўштининг килосини 27 минг, қўй гўштини 30 минг сўмдан сотди. Бу туманда мол гўшти нархига 2 минг сўм қўшилганига бир ҳафта бўлди. Шу муддатда қўй гўшти ҳам 2 минг сўмга қимматлади.

​Ёзёвонлик қассобнинг Марғилондаги нархлардан ҳам хабари борлиги маълум бўлди: Бу шаҳарда мол гўшти 28, қўй гўшти 30 минг.

Фурқат туманида яшайдиган фермер Очил Бегматовнинг Озодликка билдиришича, 18 май куни у яшайдиган туман марказида мол гўшти 28 минг сўмдан сотилди. Қўй гўшти эса, дўконларда йўқ. "Битта қўйни бир ҳафтадаям сотолмаяпмиз", деди Очил ака билан гаплашаётганимизда унинг ёнида турган қассоб.

Фурқатда 10 кун олдин гўшт бугунгидан 2 минг сўмга арзонроқ эди.

2012 йилнинг 29 июлида Тошкентнинг Чорсу бозори маъмурияти белгилаган гўшт нархи
2012 йилнинг 29 июлида Тошкентнинг Чорсу бозори маъмурияти белгилаган гўшт нархи

Сўх – Фарғона вилоятининг бошқа туманларига ўхшамаган ҳудудидир. Атрофи Қирғизистон ерлари билан ўралган эксклав бўлгани учун бу туманга ташқаридан гўшт олиб кириш ёки аксинча, олиб чиқиш ўта мушкулдир. Шу сабабли сўхликлар ўзлари етиштирган гўштни истеъмол қилади ва балки шунинг учундир, Сўхда гўшт арзонроқ.

Бу ерда 18 май куни 1 кг мол гўшти 22 минг, қўй гўшти 28 минг сўмдан сотилди. Лекин, Сўхда ҳам гўшт нархининг сўнгги 10 кунлик динамикасида кескин ўзгариш юз берди: мол 2 минг, қўй 3 мингга қимматлаб кетди.

Гўшт қимматлаши мавсумий ҳолат эмасми?

“Йўқ”, деди ёзёвонлик қассоб. Унинг айтишича, гўшт нархи одатда ёзнинг охирига бориб бир-икки ойга бироз кўтарилар, сўнг яна аввалги ҳолатига қайтар эди.

Ўзи яшайдиган ҳудуддаги вазият ҳақида айтиб берган сўхликка кўра, эксклавда сўнгги 3 – 4 йил ичида нархлар барқарор турган эди.

Хўш, унда нега қимматлаяпти?

Сўхликнинг айтишича, йил бошидан буён чорва озуқаси, жумладан кунжара қимматлаб кетди. Бундан 5 ойлар муқаддам килоси 1600 сўмдан сотилган кунжара бугун 1800 сўмдан сотилмоқда.

Озодликнинг Фарғона вилоят ҳокимлигидаги манбасининг айтишича, Бош вазир 16 май куни ўтказган селектор мажлисида шу масала ҳам кўтарилган.

“Фермерлар уюшмаси вакиллари ёг-мой комбинатлари, "Омухта ем" бирлашмалари фермерларга кам ем беряпти, деб бош вазирга ёлғон маълумот берган. Кечадан эътиборан ёг-мой комбинатлари "Омухта ем" бирлашмасини тўхтатиб, фермерлар учун товар биржаларида сотувга ем чиқарди, ҳозирги дақиқагача фермерлар бу емни сотиб олмаётгани маълум бўлди. "Омухта ем" бирлашмаларини эса, кечадан бошлаб турли ташкилотлардан салласини келтир, деса калласини олиб келадиганлар ағдар-тўнтар қилиб, зуғум ўтказишни бошлашди”, деди манба.

"Омухта ем" бирлашмаларидаги вазиятни ўрганишни бошқа кунга қолдириб, гўшт қимматлаши сабабини хўжалигида 200 бошдан кўпроқ қорамоли бор фурқатлик фермер Очил Бегматовдан сўрадик.

"Ҳокимлар чорванинг озуқасига умуман эътибор бермай қўйди. Улар ерларнинг яхшисини фақат пахта билан буғдойга ажратиб, чорва учун озуқа етиштиришга сифатсиз ерларни ажратган. Яхши ерда етиштирилган озуқани еган мол бир кунда 10 литр сут беради. Бизнинг моллар эса, 2 литр сут бераяпти, холос. Шундан хулоса қилаверинг",- деди фермер.

XS
SM
MD
LG