Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:05

Манчестерда портлаш: "Ислом давлати" портлашга масъуллигини иддао қилди


* Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида худкуш ҳужумчи бомба портлатиши натижасида 22 киши ўлди, 60га яқини жароҳатланди.

* Полиция ҳужумчининг шахси аниқлангани, аммо ҳозирча ошкор этилмаслигини билдирди.

* Портлашга алоқадор кўрилган 23 яшар шахс ушланди, унинг шахсига оид маълумот ҳам очиқланмади.

* "Ислом давлати" экстремист гуруҳи Манчестердаги портлашни "ўз аскари" амалга оширганини иддао қилди.

Тереза Мей: Ҳужумчининг шахси аниқ

Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэй 22 май оқшомида Манчестердаги концерт залида содир этилган портлашни "номардларча ҳаракат", деб қоралади ва ҳужумчининг шахси маълумлигини айтди.

Портлаш жойида топилган тана қолдиқлари худкуш ҳужумчи шахсига оид экани матбуотга очиқланди, аммо бирор маълумот ҳозирча ошкор этилгани йўқ.

Терговчилар, худкуш шахсига оид тафсилотларни йиғиш ва унинг бирор террор тармоғига алоқаси бўлган-бўлмаганини аниқлаш ўз олдиларидаги бирламчи вазифа эканини билдирди.

Ҳозирча бирор гуруҳ Манчестердаги портлаш учун масъулиятни зиммасига олмади, бироқ ИШИДга хайрихоҳлар бу қонли воқеани Интернетда байрам қилдилар.

Портлашга алоқадор шахс ушланди

Қатор ғарб ахборот воситалари Манчестердаги портлашга алоқадорликда гумон қилиниб, 23 яшар шахс қўлга олинганини хабар қилмоқда.

​Полиция бу шахснинг Манчестер жанубида қўлга олинганини тасдиқлади, аммо бошқа маълумотларни ҳозирча ошкор қилмади.

"Ҳужумни бир киши амалга оширган"

Манчестер полицияси раҳбари дастлабки тергов худкуш ҳужумчининг якка ҳаракат қилгани ва қўлбола портловчи мосламани портлатганини тахмин қилаëтганини билдирди.​

"Ҳозирча, ўтган тундаги ҳужумни бир киши содир этган, деб хулосадамиз. Ҳужумчи концерт залида ўлган. Ишончимиз комил, у портловчи мосламани ўз танасида залга олиб кирган ва портлатган. Ҳозир энг муҳим вазифа унинг ёлғиз бўлгани ёки шериклари билан ҳаракатланганини аниқлашдир", деди Манчестер полицияси раҳбари Иан Ҳопкинс.

Ариане Гранде концертида портлаш

Портлаш маҳаллий вақт билан соат 21:45 ларда америкалик хонанда Ариана Гранде концерт бераётган Manchester Arena залида содир бўлди.

Гувоҳлар зални тарк этаётган пайтларида қаттиқ портлаш овозини эшитганини айтмоқдалар.

“22 одам ўлди, олтмишга яқини яраланди. Полиция томонидан аксини исботловчи далиллар топилмагунига қадар бу ҳозирда террор ҳодисаси ўлароқ қаралмоқда”, дея хабар қилди Манчестер полицияси Twitter микроблогидаги ўз саҳифасида.

Ҳозирга қадар манчестерликлар орасида концертга кетган фарзанди, яқинларини қидираётганлар ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраб мурожаат қилмоқда.

Манчестердаги ҳужумни дунë раҳбарлари қораламоқда

ЕИнинг Ташқи алоқалар ва хавфсизлик сиëсати бўйича олий намояндаси Федерика Могерини қурбонлар яқинларига ҳамдардлик билдирди ва уни Европа ëшларига қарши xуруж дея баҳолади:

- Қурбонларнинг аксари ëшлардир. Бу очиқдан-очиқ Европа ëшлари¸ уларнинг ҳаëтга бўлган муҳаббатига қилинган ҳужумдир. Мен европаликларнинг ўз яшаш тарзлари¸ ўз эркинлик ва қувончларини¸ бирга яшаш ва ҳаëтдан биргаликда завқ олишни бундан сўнг ҳам қадрлашда давом этишларига ишонаман. Мен қўрқувнинг ғолиб чиқмаслиги ва Европа ëшлари бундан сўнг ҳам ҳаëтдан биргаликда завқ олиш орқали террорчиликка энг лойиқ жавобни беришда давом этишига ишонаман¸ деди Могерини ўз баëнотида жумладан.

Ҳужумни биринчилардан бўлиб қоралаганлар орасида АҚШ президенти Дональд Трамп ва Фаластин президенти Мҳамуд Аббослар ҳам бор.

Ариана Гранде: Сўзлашга тилим ожиз

Америкалик хонанда Ариана Гранде Twitter саҳифасида Manchester Arena залида содир бўлган портлашдан карахт аҳволга тушгани, чуқур қайғуга ботгани, ҳодиса юзасидан бирор сўз айтишга ожиз қолаётганини ёзди.

​24 яшар америкалик хонанда, актриса ва фотомодел Ариана Гранде, асосан, ўсмирлар ва ёшлар орасида сўнгги йилларда танилган поп қўшиқчисидир. Шу боис, Манчестердаги концерт залига асосан, мактаб ёшидаги болалар ва ўсмирлар йиғилган эди.

Полиция берган маълумотга кўра, ўлганларнинг камида 12 нафари 16 ёшдан кичик бўлган болалардир. Жароҳатланганлар орасида эса, ҳатто, 8 яшар болалар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG