Линклар

12 декабр 2017, Тошкент вақти: 22:56

Маст ҳолда машина ҳайдаб¸ пиëдалар ўлимига сабаб бўлган ИИБ бошлиғи тергов қилинмоқда


Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Расулжон Йўлдошев икки нафар пиёданинг ўлимида гумонланмоқда. Ички ишларга яқин манбаларнинг айтишларича, собиқ бошлиқ маст ҳолда бошқарган автомобиль 9 май куни ярим тунда Фарғона шаҳри марказида икки нафар пиёдани босиб кетган. Пиёдалардан бири воқеа жойида, иккинчиси бир неча кундан сўнг касалхонада вафот этган. Бу воқеани Фарғона шаҳар прокуратураси тергов қилмоқда.

Олтиариқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Расулжон Йўлдошев бошқарган автомобилнинг пиёдаларни босиб кетгани ҳақидаги хабар Озодликка Фарғона ички ишлар тизимидаги мулозимга яқин манбадан етиб келди.

“Бу воқеа 9 май куни содир бўлган. Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Расулжон Йўлдошев кечаси соат 11 ларда аёл кишига тегишли бўлган “Ласетти” автомобилини маст ҳолатда бошқарган. У Фарғона шаҳрининг собиқ Карл Маркс кўчасида йўлда кетаётган пиёдаларни катта тезликда уриб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Пиёдалардан бири ўша жойнинг ўзида жон берган ва яна бирини тез ёрдам олиб кетган”, деди Озодликка воқеа тафсилотларини хабар қилган фарғоналик.

Унинг айтишича, бу воқеадан сўнг ўтказилган тезкор тадбир натижасида милиция бошлиғи бошқарган автомобиль қўлга олинган.

“Аввалига, милиция бошлиғи машина рулида укаси бўлганлигини айтган. У шу йўл билан жазодан қутулиб¸ мансабида қолишни ва таниш-билишлари орқали укасини қутқариб олишни ўйлаган бўлса керак. Лекин, автомобиль салонида бўлган аёллардан бири, машинани Расулжон Йўлдошевнинг ўзи бошқарганини терговчиларга айтиб қўйган. Шундан сўнг, бошлиқни ишдан олишган ”, деди милицияга яқин Озодлик манбаси.

Олтиариқ тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими ҳам, шу воқеа сабаб Йўлдошев ишдан олинганини тасдиқлади.

“Ҳа, бошлиқ ишдан бўшатилди. Ҳозир у кишининг иши терговда”, деди ички ишлар мулозими.

Мулозим воқеа тафсилотларидан хабари йўқлигини қўшимча қилди.

Фарғона шаҳар тез тиббий ёрдам касалхонасининг ўзини таништирмаган шифокорларидан бири, бу автоҳалокатда жароҳатланганлардан бири жонлантириш бўлимида ўлганлигини тасдиқлади.

“Мўминов деган одам жонлантириш бўлимида беш кун ётди. Лекин унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Жуда ҳам кучли зарбдан бош қисми, умуртқаси ва ички аъзоларига қаттиқ шикаст етган эди”, деди шифокор.

Фарғона шаҳар прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, Расулжон Йўлдошев устидан жиноят иши очилганини инкор қилмади.

“Бошқа ҳеч нарса айта олмайман. Бошқа тафсилотларни келсангиз биласиз, телефонда маълумот бермайман”, деди прокуратура мулозими.

Мулозим¸ ҳозирда Йўлдошевнинг ҳибсда ёки қамоқда эканлиги тўғрисида ҳам маълумот бермади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG