Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:12

Mарказий Банк раиси Файзулла Муллажонов оламдан ўтди


Файзулла Муллажонов

23 май куни Ўзбекистон тарихида энг узоқ муддат битта лавозимни эгаллаб келган Марказий Банк Бошқаруви раиси Муллажонов Файзулла Мақсуджонович 67 ёшида оламдан ўтди.

Марҳум яқинларининг Озодликка айтишича, Муллажонов 2013 йилдан бери муттасил давом этиб келаëтган бўйрак етишмаслиги хасталигидан вафот этган.

Марказий Банкнинг Тошкентдаги идорасида ишлайдиган ходимларнинг айтишларича, Муллажонов сешанба куни ишга борган ва кун бўйи ишда бўлган.

Муллажонов сўнгги 2-3 йилда сурункали буйрак ва қанд касаллигидан азоб чеккан. Охирги бир йилда эса буйраклари ишдан чиққани боис, гемодиализ воситасида яшаб келган.

Яқинларининг билдиришича, марҳум эртага пешин намозидан сўнг Чиғатой қабристонида тупроққа берилади. Аммо унинг ҳоки Сирдарёдаги оилавий хилхонасига олиб кетилиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Файзулла Муллажонов сўнгги бир ой давомида деярли ишга чиқмаган. Бундан деярли барча ҳукумат мулозимлари хабардор эди.

Муллажонов ўлими ортидан Марказий банк бошқаруви раислигига вақтинча Саидкамол Хўжаев тайинланган.

Энг узоқ лавозимда ўтирган мулозим

1950 йил Сирдарё вилоятида туғилган, Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган Муллажонов 1991 йилдан буён Марказий банк раиси бўлиб ишлаб келаётганди.

Марҳум 2015 йилда АҚШнинг Global Finance журнали томонидан тузиладиган дунё марказий банкларининг энг яхши раҳбарлари рейтингидан ўрин олган мулозим сифатида эсланади.

Айни пайтда Муллажонов Марказий банкни бошқарган давр мобайнида ўзбек сўми эркин алмашиб конвертация қилинадиган валюта шаклига кўтарила олмади.

Унинг бир ўғли — полковник Абдумажид Муллажонов Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИБ бошлиғи, иккинчи фарзанди Улуғбек Муллажонов Тошкент шаҳар Бектемир тумани прокурори лавозимларида фаолият юритмоқда.​

XS
SM
MD
LG