Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 02:36

Чодирхаëл: Уч ижрочига омад келтирган “Сев қардошим” қўшиғи тарихи


Шаной¸ Зайнаб Хонларова ва Дилфуза Исмоилова.

Шу кунларда Тошкент тўйларининг рақс қўшиғига айланган “Сев қардошим” ашуласи уни илк ижро қилган турк хонандаси Шаной хонимни 1972 йилнинг энг машҳур қўшиқчисига айлантирган эди. Бу қўшиқни 1980 йилда Тошкентда куйлаган озарий санъаткори Зайнаб Хонларова эса Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонига сазовор бўлган эди.

Тошкентлик 49 яшар Дилфуза Исмоилова бундан 17 йил олдин бу қўшиқни ўзбек матн билан куйлашни бошлаб¸ ҳозиргача мамлакат тўйхоналарига ташриф буюрган меҳмонларни рақсга туширмоқда.

2005 йили “Ўзбектелефильм” киностудиясида Иброҳим Расулов суратга олган “Бегона баҳор” фильмида Дилфуза Исмоилова “Сев қардошим” қўшиғини ижро этганидан кейин бу қўшиқ Ўзбекистонда янада оммалашди.

Ўша пайт дискотекалар репертуаридаги рақсбоп “Шаҳнозалар” қўшиғи ўз ўрнини “Сев қардошим”га бўшатиб бергани эсланади.

Истанбулни портлатган "бомба"

Бундан 48 йил олдин 20 яшар турк қўшиқчиси Шаной хоним ижро қилган бу қўшиқ Истанбул казиноларида бомба каби портлаган эди¸ деб эслайди ўзбекистонлик мунаққид ва блоггер Акмал Ризаев:

- Ҳозир 66 ëшга кирган Шаной хоним бу қўшиқни 1971 йили ижро қилган эди. Бастакор унга бу қўшиқни келтирганида Шаной хоним унча менсимаган ҳам. Унинг назарида қўшиқ куйи примитив туюлган. Аммо ўша пайтда у зудлик билан янги пластинкани чиқариши лозим эди. Қўшиқ 1971 йилда "Benim Olursan/Sev Kardeşim" деган грампластинкадан ўрин олди. Грампластинкани ҳозир "винил диск" деймиз. Унинг икки томонига қўшиқ ëзаилади. “Сев қардошим” пластинканинг В тарафида эди. Айнан ўша тарафга ëзилган “Сев қардошим” Туркиянинг казино ва тунги клубларида бомба каби портлайди. 1972 йилда бу қўшиқ Туркияда йилнинг энг машҳур қўшиғи дея эътироф этилади. 1975 йилда бу қўшиқ ëзилган пластинкалар Боку¸ Тбилиси ва Тошкентдаги ресторанларда ҳам қўйила бошланди. Мен ўзим 1978 йилда Ўзбекистон ресторанида бу қўшиққа рақс тушганман. Қайта-қайта буюртма берардик¸ деб эслайди санъатшунос мунаққид Акмал Ризаев Озодлик билан суҳбатда.

Дунëга келдик бир карра

Қайғуни тўхтат ва бу қўшиқни сўйла

Сев қардошим¸

Е¸ ич¸ кул ўйна....

Эрк истаган озарийлар нидоси

“Сев қардошим” қўшиғини таниқли озарбайжон қўшиқчиси Зайнаб Хонларова 1979 йилда ижро қилди. Турк казиноларида айтилган енгилгина қўшиқ матни озарий тилига мосланганида¸ шиддат касб қилди¸ дейди озарбайжонлик журналист ва санъатшунос Турхон Каримов:

- Қўшиқни мен Шаной хоним ижросида ҳам эшитганман. Лайт (енгил) вариантдаги қўшиқ Хонларова ижросида шиддатли ва яна ҳам эҳтиросли бўлди. Энг муҳими¸ мазмун ўзгарди. 1988 йилдан бошлаб Озарбайжон Халқ жабҳасининг эрк ва озодлик талаб қилинган митингларида бу қўшиқ айтиларди. Майдон қўшиғига айланди.

"Қўлингни бер менга¸ кел қардошим¸ мақсадимиз доим бир бўлсин. Қалбларимиз бирликда урсин. Бахтимиз бир бўлсин¸қайғумиз ҳам бир"¸ деган сатрлар майдонни жунбушга келтирган эди. Мақсади¸ шодлиги ва қайғуси ҳам бир бўлган халқ нидосисига айланди бу қўшиқ¸ дейди Турхон Каримов.

Рашидовни мафтун қилган қўшиқ

Ўзбекистонлик мунаққид Акмал Ризаевнинг айтишича¸ 1980 йилда бу қўшиқни Зайнаб Хонларова Тошкентда ижро этган:

- Айнан шу қўшиқ ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовга жуда маъқул тушган. Хонларова Мелодия фирмасида ишлаб чиқилган ва “Сев қардошим” қўшиғи босилган олтин дискни Рашидовга ҳадя қилган. Шундан кейин Зайнаб Хонларовага Ўзбекистон ССР халқ артисти унвони берилган эди¸ дея эслайди суҳбатдош.

Озарбайжон журналисти Турхон Каримовга кўра¸ Хонларова 1981 йили Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонига сазовор бўлган.

- Зайнаб Хонларова Арманистон халқ артисти унвонини ҳам ўша пайтда олган. СССР халқ артисти унвонини ҳам олган. Қизиғи шундаки¸ “Сев қардошим” қўшиғидаги қалблар¸ мақсадлар¸ севги ва қайғу бир бўлсин¸ деган ғоя Совет Иттифоқи учун ҳам жозибали ғоя эди. Шу боис¸ бу қўшиқ дунëқараши турли бўлганлар учун ҳам муштарак қадриятга айланди¸ дейди суҳбатдош.

“Сев қардошим” ўзбекча зеҳният ифодасига айландими?

- Мен яқинда интернетда ўзбек поп қўшиқчиси Дилфуза Исмоилова ижросида “Сев қардошим” қўшиғини эшитиб мамнун бўлдим. Айни оҳанг¸ аммо сўзлари сал бошқача¸ дейди озарий журналисти Турхон Каримов.

Туркияда кўнгилга ором берадиган ¸ Озарбайжонда майдонларга эрксеварларни чорлаган қўшиқ Ўзбекистонда дунë дардини унутиб¸ бир кун бўлса ҳам¸ даврон суришни тарғиб қиладиган носиëсий шукрона қўшиқ тарзида қайта туғилди.

Кел дўст¸ унут

Дунëнинг дардини.

Кел дўст¸ унут

Ташвишларинг.

Барин унут¸

Ўзингни тут

Ўйна¸ кул¸ яйра....

"Бу қўшиқни куйлашни ëшлигимдан истаганман"¸ дейди ўзбек қўшиқчиси Дилфуза Исмоилова Озодлик билан суҳбатда:

- Кичик пайтимдан хиргойи қилиб юрардим Хонларовага ҳавас қилиб. Институтни битиргач¸ бу қўшиқни айтинг¸ деб таклиф қилишганида кўзимдан ëш чиқиб кетган болалик орзуим ушалганидан. Кейин Зайнаб Хонларовадан изн олиб¸ ижро қилдим. Сўзларини Тоҳир Муҳаммад ўзбекчалаштириб берди¸ Рустам Маҳмудов аранжировка қилди. Мана 17 йилдан бери қаерга борсам¸ шу қўшиқни сўрашади¸ деган Дилфуза Исмоилова бу қўшиқдан бир парчани хиргойи қилиб берди.

Дунëга кулиб бир қара¸

Ўзинг учун ҳам яша бир бора¸

Ўтган умринг қайтмас яна¸

Кунда ўйнаб кулганинг қолар.

Ëлғон дунëни рост дема¸

Ишониб¸ ҳар кимни дўст дема¸

Кўрган кунингни оз дема¸

Кутган бахтли кунлар келар яна.

Кел дўст¸ унут

Дунëнинг дардини.

Кел дўст¸ унут

Ташвишларинг.

Барин унут¸

Ўзингни тут¸

Ўйна¸ кул¸ яйра....

Ижрочига омад келтирадиган қўшиқ

- Қўшиқ энергетикаси жуда позитив.¸ дейди озарий журналисти Турхон Каримли. Унга кўра¸ “Сев қардошим" қўшиғи ўз ижрочисига омад келтирувчи хусусиятга эга:

- Хосиятли қўшиқ¸ деган ҳодиса бор. “Сев қардошим" қўшиғи ана шу тип қўшиқ намунасидир. Қўшиқ мелодияси ва матни универсал. Бу қўшиқни ғариб куйласа бой бўлади¸ бой куйласа ҳаëт маъносини тушунади. Қувноқларни маъюс¸ йиғлаганларни кулдириб¸армонлиларни умидвор қиладиган қўшиқ бу¸ дейди Турхон Каримов.

XS
SM
MD
LG