Линклар

Афғонистон пойтахтида амалга оширилган ҳужумда 90 киши нобуд бўлди


Афғонистон хавфсизлик кучлари ходимлари ва фуқаролар бомба ўрнатилган машина портлаган жой атрофида турибди. 2017, 31 май.

Кобулнинг чет мамлакатлар элчихоналари жойлашган мавзесидаги камида 90 кишининг умрига зомин бўлган ва 400 дан ошиқ кишини ярадор қилган юк машинасидаги бомба портлашидан сўнг орадан бир кун ўтиб ҳам бу мудҳиш жиноят учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни зиммасига олмади.

Афғонистондаги “Толибон” гуруҳи воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид 31 майда рўй берган портлаш учун жавобгарликни қатъий рад этди ҳамда тинч аҳолига талофат етказган ва аниқ мақсад кўзланмаган ҳужумларни толиблар ҳам қоралаётганини хабар қилди.

Аммо Рейтер ахборот агентлигининг хабар қилишича, Афғонистоннинг бош разведка агентлиги – Миллий хавфсизлик дирекцияси бомбани “Толибон” гуруҳи билан боғлиқ Ҳаққоний тармоғи Покистон кўмагида портлатди, деб ҳисоблайди. Ушбу айбловни Афғонистоннинг айрим собиқ расмий кишилари ҳам билдирди.

Қўшни Покистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотида “террорчилик ҳужуми”ни қоралаб, Афғонистон билан бирдамлик изҳор қилди.

Илгари мусулмонларнинг муқаддас ойи Рамазон вақтида кўпдан-кўп ҳужумлар уюштирган Ислом давлати (ИД) экстремистик гуруҳи ушбу хунрезлик ҳақида лом-мим демади. Ваҳоланки, ИД жорий йилда Кобулда содир бўлган ҳужумлар, жумладан, март ойидаги ҳарбий шифохонада уюштирилган ва 50 дан ошиқ кишининг бошига етган қирғинни уюштирган эди.

Кечаги ҳужум бутун дунёда ҳамдардлик ҳислари ва қаҳр-ғазаб уйғотди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши (ХК) уни “жирканч ва қўрқоқларча” ҳужум деб атади ҳамда барча мамлакатларни жиноятчиларни излаб топиш ва жавобгарликка тортишда Афғонистон ҳукуматига кўмаклашишга қатъий даъват қилди.

ХК тарқатган баёнотда айтилишича, 15 мамлакат аъзо бўлган кенгаш террорчилик барча шакл ва кўринишларида халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солишини яна бир карра таъкидлади.

Стефан Дужаррик, БМТ бош котиби Антонио Гутеррешнинг воизи:

“БМТ бош котиби Гутерреш жаноблари бугун (31 май) эрталаб Кобулнинг дипломатия ваколатхоналари жойлашган мавзесига уюштирилган террорчилик ҳужумини кескин қоралайди. Бош котиб ушбу ҳужумдан нафратланаётганини изҳор қилди ва террорчилик ва бузмакор экстремизмга қарши курашни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Тинч аҳолига қарши ким айбдор, ким айбсизлигини ўйлаб ўтирмай, ҳужум қилиш инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол тарзда бузилишидир ва уни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди”.

Кобул полициясининг билдиришича, эрталабки тиғиз пайтда Вазир Акбар Хон мавзесида портлаган моддалар ёнилғи ташувчи юк машинасига яширилган экан.

Ўлган ва яраланганларнинг кўпчилиги аёллар ва болалардир, дея баноёт берди Афғонистон ҳукумати. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вайроналар остидан жасадлар чиқариб олинаётгани сари ўлганлар сони ортиб боришидан огоҳлантирди.

Ички ишлар вазирлиги воизи ўринбосари Нажиб Донишнинг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, 50 дан ошқ автомобиль бутунлай вайрон бўлган ёки шикастланган. Бир қанча уйлар ҳам шикаст топган.

НАТО етакчилигидаги Қатъий кўмаклашиш миссиясига кўра, кўплаб чет эл элчихоналари ва ўзининг бош қароргоҳи жойлашган ҳамда қаттиқ қўриқланадиган Яшил зонага киришидан олдин Афғонистон хавфсизлик кучлари юк машинасининг йўлини тўсган ва портлаш мўлжалга етиб бориши олдини олишга ҳаракат қилган.

Ўлган ва ярадор бўлганларнинг кўпчилиги Афғонистон ватандошларидир, аммо ярадорлар орасида чет элликлар ҳам бор.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳужумни “ҳарбий жиноят” дея кескин қоралади.

Ашраф Ғани, Афғонистон президенти:

“Мен бугун, 31 майда Кобул шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми қурбонлари оилаларига чуқур таъзия изҳор қиламан, ушбу ҳужум оқибатида кўплаб ватандошларимиз қурбон бўлди, анча-мунча давлат биноларига зиён етди. Ушбу шафқатсиз ҳужум сабаб ватандошларимиз муқададс Рамазон ойида қайғуга ботди”.

Афғонистон президенти воизига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Ашраф Ғанига ҳамдардлик билдирди ва кўмак беришга тайёр эканини айтди.

Давлат департаментидан хабар қилишларича, АҚШ элчихонаси ёнида 9 нафар афғон қўриқчиси ҳалок бўлди, 11 нафар шартнома асосида хизмат қилаётган америкалик яраланди. Яна бир афғон қўриқчиси бедарак йўқолган.

Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэлнинг айтишича, ушбу мамлакат элчихонаси хизматчилари яраланган ва бир нафар афғон қўриқчиси ҳалок бўлган.

Би-Би-Сига кўра, бир афғон ҳайдовчиси ўлди ва тўрт нафар журналист яраланди.

Эроннинг ИРНА ахборот агентлиги маълум қилишича, Эрон элчиси яшаб турган қароргоҳга қаттиқ шикаст етган ва дипломатия биноси вайрон бўлган.

Яна маълум бўлишича, Франция, Туркия, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Қозоғистон элчихоналари ҳам шикастланган, аммо бирор ходими ярадор бўлгани ҳақида хабар берилмади.

НАТО “Афғонистон хавфсизлик кучларини, айниқса, полиция ва талофат оқибатларини тугатишга киришган кишиларни жасурлиги” учун мақтади.

Портлаш Афғонистон пойтахтидаги ҳужумлар туркумининг сўнггиси бўлди. 2017 йилнинг дастлабки уч ойида Кобул шаҳрига уюштирилган кўплаб ҳужумлар оқибатида пойтахт номи билан аталувчи вилоятда ҳисобсиз қурбонлар берилди, айниқса, ҳужумларга тинч аҳоли кўп рўпара бўлди.

XS
SM
MD
LG