Линклар

Озодбек Назарбеков прокурорларга қарши овоз чиқарди


Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги хондада Озодбек Назарбековнинг ашулачилар хизматидан пул ўтказиш йўли билан фойдаланишни йўлга қўйиш, бунинг учун вазирлик қошида тижорий бўлим ташкил этиш таклифини ўрганмоқда. Вазирликнинг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда вазирлик бу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.

2 июнь куни "Ўзбекконцерт" (аввалги “Ўзбекнаво”) ташкилотида бўлган мажлисда Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков Маданият вазирлиги қошида тижорий бўлим очиш ва санъаткорлар хизматидан текин фойдаланиб келаётган давлат ташкилотлари унга пул ўтказиш йўли билан улар хизматидан фойдаланишни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Ўз чиқишида хонанда¸ хусусан¸ прокуратура ва бошқа давлат муассасалари амалдорларининг ўз базмларида хонандалар хизматидан бепул фойдаланиш устига¸ дўқ уриб санъаткорларни обрўсизлантириши ҳақида шикоят қилди.

"Давлат ташкилотлари олдида санъаткорларнинг ҳурмати йўқ. Давлат тадбирлари ҳақида гапирмаяпман. МИД (Ташқи ишлар вазирлиги)да тадбир қилади ёки прокуратурада оддий ўтириш қилади, масалан¸ Наврўзга ўтиради, нонни пулга олади, сувни пулга олади, ресторанни пулга заказ қилади ва санъаткор текинга бориши керак. Ҳурмат ҳам шунга яраша бўлади¸ чунки истаган пайти битта хат билан текинга чақиришмоқда", - деди Назарбеков.

Хонанданинг бу гапи унинг мажлис залида ўтирган ҳамкасблари тарафидан қарсаклар билан қарши олинди.

Яна бир хонанда Адҳам Солиев "Камолот" ташкилоти тарафидан вилоятларда ташкиллаштирилаётган тадбирларга таклиф этилган ашулачилар оч ва кўчада қолаётгани хақида гапирди.

"Биз санъаткорларни ким ҳимоя қилади?" - деди Адҳам Солиев.

Бундай ҳолатлар бўлмаслиги ва қўшиқчиларни амалдорлар таҳқиридан қутқариш учун Назарбеков Маданият вазирлиги қошида тижорий бўлим очишни таклиф этди.

"Улар вазирликка хат билан чиқади. Сизлар унинг ижросини таъминлаб беришларингиз керак. Тижорий бўлим бўлса , мана шунақа ўтириш қилмоқчи бўлганлардан, "сенга ким керак"¸ деб сўрайди. Пулини тўла ёки тушир. Шунда сал ҳурматимиз жойига келади. Ҳозир уларда битта вазирликка хат ташласак¸ ҳаммаси келади, деган фикр бор. Кейин мана шунақа оёқ остилик, сал 15 минут кеч қолсанг, ўдағайлаб ҳам беради яна", - деди вазирликда йиғинда Назарбеков.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик танқили хонандалардан бири Озодбек Назарбековнинг эътирози ўринли экани, лекин унинг таклифи иш беришига ишонмаслигини айтади.

"Масалан¸ Генпрокуратурадан Маданият вазирлигига телефон қилиб “Озодга айтинглар¸ бирров кириб кетсин”¸ деса барибир боради у. Ўзгармайди бу нарса. Мен ҳам шуларнинг хизматини қилганман, текинга. Ҳамма қилади, иложсиз. Керак бўлса Юлдуз ҳам боради, Ғулом ҳам боради, Озод ҳам боради. Керак бўлса¸ дежурний бўлиб беради, бепулга. Борганмиз, қанчадан-қанча прокурор, президент девони, Вазирлар Маҳкамаси, милиция бошлиқларининг тўйида бепул хизмат қилиб берганмиз. Токи¸ куч ишлатувчи тизимлар мавқеи маданият тизиминикидан баланд экан¸ бу шундай бўлиб қолаверади"¸ деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик хонанда.

Ўзбекистонда тўйларда санъаткорларнинг очиқ таҳқирланиши ёки бошқа кўринишда камситилиши учраб турадиган ҳолатдир.

Ўзбекистонлик хонанда Юлдуз Усмонованинг икки йил аввал Тошкентнинг Osiyo Grand ресторанида куч ишлатар тизимида ишовчи амалдор экани ишонилган шахс тарафидан калтаклангани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Қўшиқчига тарсаки туширган йигитнинг тўйда меҳмон бўлган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ўтирган столга бориб ўтиргани кўрилган эди. Таниқли қўшиқчини калтаклаган йигитнинг жавобгарликка тортилганига оид хабар йўқ.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG