Линклар

Жорий йилнинг 1 чораги натижаларига кўра, Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган пул маблағлари ҳажми ўтган 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 50,8 фоизга ошган. Россия Марказий Банки 2017 йилнинг январидан март ойи охиригача Ўзбекистонга 570 миллион АҚШ долларига тенг маблағ жўнатилганини қайд этди.

Мутахассислар бу ўсишни Россия иқтисодининг бироз жонлангани ва ўзбек муҳожирлари маблағларининг кўпайгани билан изоҳламоқда.

Ўзбек муҳожирларининг Россиядан пул жўнатмалари ҳажми охирги тўрт йил ичида биринчи маротаба ўсишни кўрсатди.

Россия Марказий Банки маълумотида айтилишича, бу йилнинг биринчи чорагида, 2016 йилнинг дастлабки 3 ойига солиштирганда, 192 миллион доллар кўп пул Россиядан Ўзбекистонга юборилган.

Россия Марказий Банки 2017 йилнинг январидан март ойи охиригача Россиядан Ўзбекистонга 570 миллион АҚШ доллари ҳажмида пул жўнатилгани, ваҳоланки 2016 йилнинг дастлабки 3 ойи давомида бу кўрсаткич 378 миллион долларни ташкил этганини қайдга олди.

2017 йилнинг дастлабки чорагида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50,8 % га ортди. Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган ҳар бир жўнатманинг ўртача кўрсаткичи 335 доллардан 398 долларгача кўтарилгани кузатилди.

Шу тариқа, охирги 4 йил давомида йилнинг биринчи чорагидаги пул жўнатмалари ҳажми ўса бошлагани қайд этилди:2013 йилнинг биринчи чорагида – 1 млрд 36 миллион, 2014 йилда (I) – 924 миллион, 2015 йилда (I) – 466 миллион ва 2016 йилда (I) – 378 миллион долларни ташкил этганди.

Айни пайтда, Ўзбекистондан Россияга бўлган пул ўтказмалари 2017 йилда 68 миллион АҚШ долларига тушиб қолди (2016 йилнинг биринчи чорагида – 82 миллион АҚШ долл.).

Ўзбек муҳожирларининг Россиядан жўнатаётган маблағлари ўсишини нима билан изоҳласа бўлади? Озодликнинг бу саволига Петербургда меҳнат қилаётган иқтисодчи Дилшод Мирзахўжаев жавоб берди.

Иқтисодий таҳлилчининг фикрича, жўнатмалар кўпайишига бир нечта сабаб мавжуд.

- Россияда иш кўпайди. Ойликлар ошди. Масалан, оддий ишчи илгари кунига 1 минг рубл оларди – ҳозир 1,5 минг рублдан ками йўқ! Бу бир сабаби. Кейин, ҳайдовчилар тўғрисида қонун кучга кирганидан кейин автобус ва маршрут такси нархи бир хил бўлиб қолди – 40 рубл. Маршруткачилар даромади анча яхшиланди. Биргина Питерда 3,5 мингта ҳайдовчи йўловчи транспортда ишлайди. Юк ташувчи, самосвал ва бошқа машиналар билан улар сони 10 мингдан ошади. Кўпчилиги оила аъзолари билан келаяпти – хотинлари ҳам арзонроқ ишда ишлайди. Россияда кунига 1200 рублдан арзон иш қолмади, ваҳоланки қишда 800-700 рублга ҳам ишлашаятувди. Яна бир сабаби – Россияда иқтисодий ўсиш бошланди ва ишчи кучи керак. Демак, Ўзбекистондан келаётганлар сони ҳам кўпайди, деди Дилшодбек.

Таҳлилчи Россияда баҳор жуда совуқ келгани сабабли маҳаллий мева-сабзавотнинг кечикиши кузатилди, дейди. Суҳбатдош ҳозирга келиб Россия дўкон-бозорларида асосан Ўзбекистондан келтирилаётган мева ва полиз экинлари эгаллагани ҳам пул жўнатмалари ҳажмининг ошишига олиб келганини таъкидлади.

Иқтисодчи Ўзбекистоннинг ўзида “илик узилди” пайтида аҳолининг даромадлари кескин пасайиши натижасида Россияга жўнатмалар сони камайганини гапирди.

- Ўзбекистоннинг ўзида пул баланси бўлиши учун камида бир йил ўтиши керак. Ўзбекистонда пул анча тортилиб қолувди. Ҳатто тўйларни ўтказиш маросимлари анча камбағаллашиб қолибди. Бу ҳам бир кўрсаткич, чунки Ўзбекистоннинг 70 фоиз иқтисоди Россияга боғлиқ – Россия ўсса Ўзбекистон ҳам ўсади, Россияда инқироз бўлса – Ўзбекистонда айниқса инқироз бўлади, дея якунлади Дилшод Мирзахўжаев.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий статистикасига биноан, 2016 йил давомида Россиядан бадарға қилинган хорижликлар сони 51,2 фоизга камайган ва жами ҳисобда 55 190 кишини ташкил этган.

Кузатувчилар буни мамлакат ичкарисида хорижликлар устидан назорат кучайтирилгани билан тушунтиришга уринмоқда.

РАНХиГС мутахассислари ўтган йилда Россияда расман қайдга туриб, ишлаган ўзбек муҳожирлари сони 2,2 миллион одамни ташкил этганини маълум қилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG