Линклар

ФТБ собиқ директори Оқ Уйни ўзига туҳмат қилганликда айблади


Федерал тергов бюроси (ФТБ) собиқ директори Жеймс Коми.

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) собиқ директори Жеймс Коми, президент Дональд Трамп бюронинг кўп муаммолари бор, деб ёлғон гапирганини, ўзини ФТБ Россия расмий шахслари билан алоқаларни тергов қилаётгани учун ишдан бўшатилганини айтди.

Комининг 8 июнь куни Сенатнинг Разведка масалалари бўйича қўмитаси олдида айтишича, терговда асосий эътибор Трампнинг ёрдамчилари билан Россия расмий шахслари ўртасидаги алоқаларга қаратилаётгани Трампнинг “жиғига теккан” ва шу сабабли у Комини ишдан бўшатишга қарор қилган.

“Россия билан боғлиқ масалани тергов қилаётганим қайсидир маънода унга босим ўтказгани ва жиғига теккани учун ишдан бўшатилганимни биламан”, деди Коми.

Трампнинг шахсий адвокати, Марк Казовиц бундай айбловларни инкор қилди ва ўз навбатида Комини президент билан ўртада бўлиб ўтган “хос мулоқот”ни “рухсат этилмасдан туриб ошкор қилиш”да айблади.

Комининг Сенат олдида билдирган дадил фикрлари Оқ Уйни сиқувга олган ва Вашингтоннинг аксарият қисми эътиборини тортган сиёсий жанжалнинг шу вақтгача бўлган энг сўнгги ва муҳим бўлаги бўлди.

Трампнинг хавфсизлик масалалари бўйича илк маслаҳатчиси ишини ФТБ тергов қилаётганига халақит беришга уринишига оид масалалар унинг ёрдамчилари билан Россия расмий шахсларининг ғайриодатий алоқалари ҳақидаги гапларнинг “чангида қолиб кетди”.

Майкл Флинн февраль ойида Россия ҳукумати амалдорлари, жумладан, Россиянинг Қўшма Штатлардаги элчиси билан мулоқотлари тўғрисида Оқ Уй расмий шахсларига нотўғри маълумот бергани учун Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ишдан бўшатилган эди.

АҚШ қонунчилигида одил судловга халақит бориш жиноят экани белгилаб қўйилган, аммо Трампга айб қўйилиши масаласи ҳуқуқшунос экспертлар ўртасида баъзи мунозараларга ҳам сабаб бўлди.

Трампнинг айрим ёрдамчилари Россия ва бошқа шубҳали чет эл расмий шахслари билан алоқалари тафсилоти келтирилган бир туркум ОАВ хабарлари Москва ўтган йилги сайлов кампаниясига аралашиш мақсадида ҳакерлик ва тарғибот кампанияси ўтказгани хусусидаги АҚШ разведка ҳамжамияти хулосасига мос келади.

Конгресснинг камида икки қўмитаси иккала масалани ҳам ФТБ баробарида кўриб чиқмоқда. ФТБ терговни ўтган йилнинг июль ойида Трамп билан Демократик партия вакили Ҳиллари Клинтон ўртасидаги президентлик учун кураш якунловчи босқичга ўтган пайтда бошлаган эди.

Трампнинг ўтмишдоши Брака Обама ФТБ директорлигига тайинлаган Коми ушбу ташкилот олиб бораётган терговнинг табиати ва миқёси хусусида жамотчиликка жуда оз маълумот берган эди. Март ойида у Вакиллар палатаси қўмитаси олдида берган гувоҳлигида тергов олиб борилаётганини очиқлаган, аммо буни бошқача тарзда айтган эди.

8 июндаги тингловдан бир кун олдин Сенат қўмитаси Коми билан Трамп муносабатларининг айрим тафсилотлари келтирилган ёзма гувоҳлигини ошкор қилди.

Коми ўша гувоҳлигида 27 январь куни, яъни Трамп президентлик лавозимига киришганидан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб, Оқ Уйда берилган кечки хусусий зиёфат чоғида ундан ўзига содиқ бўлишни талаб қилганини билдирди.

Трамп 9 май куни Комининг фаолиятига Адлия вазирлиги танқидий баҳо берганини пеш қилиб, уни қўққисдан ишдан бўшатиб юборди.

Коми 8 июнь куни Сенат олдида берган оғзаки гувоҳлигида бунга қарши гапириб, Трамп ёлғон гапирганини таъкидлади.

– Маъмурият, ФТБда тартибсизлик ҳукм сурмоқда, у ёмон бошқариляпти, ходимлари раҳбарга бўлган ишончини йўқотди, деб менга ва энг муҳими, ташкилотга туҳмат қилиш йўлини танлади. Бу оддий ва очиқча ёлғон эди, – деди Коми.

Коми Трамп билан Оқ Уйда учрашганидан сўнг учрашувлари тафсилотларини қайд қилиб бориши кераклиги тўғрисида ўйлагани, чунки “у ёлғон гапириши мумкинлигидан хавотирга тушиб қолдим”, деб айтди.

Коми ўша пайтда ўйлаганларини хотирлайди: “Буларни батафсил ёзиб боришим керак, ёзиб боришим керак”.

Яна у Трамп билан суҳбатига оид қайдлари мазмунини “Нью-Йорк Таймс” газетасига сиздирганини, бундан кўзланган мақсад ушбу ишни тергов қилиш учун махсус прокурор тайинлашга ундаш бўлганини ҳам маълум қилди.

Казовиц Комини “хос маъулумот”ни ошкор қилгани учун жавобгарликка тортишни таклиф қилди.

Сенаторлар Комидан, Трампнинг Флинн ишини тергов қилишни тўхтатиш борасида таклифи одил судловга тўсқинлик қилишни англатадими, деб сўради. Коми, бу савол менга эмас, махсус прокурор, ФТБнинг яна бир собиқ директори Роберт Мюллерга берилиши керак, деб эътироз билдирди.

Кейинчалик у “Россия билан боғлиқ олиб борилаётган тергов усулини ўзгартириш” мақсадида ишдан бўшатилдим, деб ҳисобланишини айтди.

Казовиц Комини кескин танқид қилганига қарамасдан, ишдан бўшатилган ФТБ директорининг гувоҳлиги Трамп Россия билан тил бириктирганлик ёки ФТБ терговига халақит берганлик учун тергов қилинмаётганини айтди.

Коми ишдан бўшатилгандан сўнг орадан бир кун ўтиб, 10 май куни Трамп кутилмаганда Россия ташқи ишлар вазири билан ушбу мамлакат элчисини Оқ Уйда қабул қилди. Матбуот хабарларига кўра, Трамп русларга Комини ишдан бўшатгани билан мақтанган ва уни “тентак” деб атаган ва уни ишдан бўшатиш маъмуриятига бўлаётган босимни камайтиришини айтган.

Трампнинг Комини ишдан бўшатиши Конгресс аъзоларининг норозилигига сабаб бўлди. Адлия вазирлиги раҳбари, бош прокурор Жефф Сешнз олдинроқ Россия расмий шахслари билан ўзининг ҳам алоқаси бўлгани учун ушбу мамлакат билан боғлиқ ҳеч бир терговда қатнашмасликка мажбур бўлган эди.

Трамп ўзининг бирор хатога йўл қўйганини қайта-қайта инкор қилди.

У Вашингтон шаҳрида тарафдорлари олдида тинглов билан деярли бир вақтда сўзлаган нутқида курашни давом эттиришга аҳд қилганини маълум қилди.

Оқ Уй воизи Сара Сандерз 8 июнь куни журналистларга Трампни “ёлғончи эмас” деб айтди.

Республикачилар партиясининг Вакиллар палатасидаги энг юқори лавозимли вакили Пол Райан Трампнинг Комидан содиқлик талаб қилиши “шубҳасиз” номаъқул иш бўлганини айтди.

Тинглов ниҳоясига етгандан сўнг қўмита раиси, республикачи Ричард Берр, “терговнинг охири кўринмайди”, деди.


Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG