Линклар

Ҳажга велосипедда отланган Ҳусан Чайка Туркманистон чегарасидан ортга қайтди


Ҳусан бобо Ҳожибоев

Наманганнинг Чортоқ туманидан Ҳаж сафарига велосипедда йўлга чиққан 75 яшар Ҳусан Ҳожибоев Озодлик билан суҳбатда 9 июн куни Ўзбекистоннинг Бухоро ва Туркманистоннинг Лебап вилоятлари орасидаги Фароб чегара постигача етиб боргани, лекин паспортида визаси йўқлиги сабаб чегарадан ўтолмай, ортга қайтишга мажбур бўлганини айтди.

Чортоқдан 2 июн тонгида йўлга чиққан Ҳусан Ҳожибоев етти кун ичида велосипедда Туркманистон чегарасигача бўлган 1150 километр йўл босди.

9 июн куни Ўзбекистоннинг Бухоро ва Туркманистоннинг Лебап вилоятлари орасидаги Фароб чегара постига етиб келган Ҳусан бобони Туркманистон чегарачилари паспортида Туркманистон визаси йўқлиги сабаб ортга қайтаришди.

- Чегарадан ўтказишмади. “Савоб учун ўтказиб юборишимиз мумкин, лекин Туркманистондан чиқаётганингизда ушласа, барибир ортга қайтаради, чунки визангиз йўқ”, дейишди. Шунинг учун энди велосипедда ортга қайтаман, - дейди Ҳусан Ҳожибоев.

75 га кирган оқсоқол Озодлик билан суҳбатда паспортидаги Ўзбекистон ОВИРининг “дунёнинг барча давлатларига чиқиш учун” деб ёзилган мухри унга барча давлатлар чегарасидан ўтиш ҳуқуқини беради, деган ишончда йўлга чиққанини айтди.

- Дунё бўйича барча ҳорижий давлатларга чиқиш ҳуқуқига эга, деб печат босиб беришди. Вазирлар Маҳкамасида Нуриддин деган одам мени ишонтирди-да. "Кетаверинг шу бўлади", - деди-да. Бу муҳр фақат Ўзбекистондан чиқиш учун экан, дунёни ҳамма давлатларига кириш ҳуқуқини бермас экан, - дейди Ҳусан Ҳожибоев.

6 июн куни Озодлик мухбирининг ОВИР визаси бошқа давлатга кириш ҳуқуқини бермаслиги ҳақидаги огоҳлантируви ҳам уни ишончини сўндирмади.

“Йўқ, ҳаммаси жойида. Божини тўлайман. Беайб, бенуқсон одамлигимни тушунтираман, ўтказиб юборишади”, деган эди ишонч билан Ҳусан бобо 6 июн куни Озодлик мухбирига.

Энди Ҳусан бобо велосипедда яна 1150 километр йўл босиб Чортоқдаги уйига қайтиши керак.

- Велосипедда қайтаман. Агар йўлда машина учраса машинада, олмаса велосипедда қайтаман, - дейди Ҳусан ота.

Чортоқлик 75 яшар оқсоқол велосипедда биринчи марта узоқ сафарга чиқаётгани йўқ.

У ўтган йил сентябр ойида Чортоқдан Самарқандгача бўлган 520 км йўлни велосипедда босиб, президент Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиб қайтган эди.

Ҳусан Ҳожибоевнинг зиёрати тўғрисидаги Озодлик хабарини ўнлаб Интернет нашрлар кўчириб босганидан сўнг, оқсоқол машҳур бўлиб кетганди.

Facebookда Ҳусан бобонинг Самарқандга велосипедда қилган зиёратини “кичик ҳаж”га тенглаштирганлар бўлган, бир гуруҳ энтузиастлар пул йиғиб, у кишига янги велосипед совға қилганди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG