Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:23

Ўзбекистон Президенти илк бор имомларни Тошкентга ифторга чақирди


Президент Мирзиёев муфтий Усмонхон Алимов билан

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасидан олинган маълумотга кўра, президент Шавкат Мирзиёев 15 июн куни республиканинг турли вилоятларидан келган имом ва бошқа диний хизматчилар билан учрашади ва шу куни улар билан бирга ифтор қилади. Тошкентдаги манбалар ифторлик "Наврўз" ресторанида бўлиб ўтишини айтмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур бу учрашув ва ифторликка ҳозирлик кўрилаётганини айтаркан, унга республиканинг турли вилоятларидан борадиган имомлар даъват қилинганини тасдиқлади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда шайх ҳазратлари: "Эртага (15 июн куни) Тошкентда анжуман бўлади, президентимиз имомларни қабул қилаяпти. Имомлар билан суҳбатлашадилар, шунга ҳозирлик кўраяпмиз ҳозир", деди.

Тошкентдаги бошқа ишончли манбалар Озодликка президент билан ўтадиган ифторликда 1 минг 200 нафардан ортиқ имом, Диний идора ва Диний қўмита аъзолари, Ўзбекистондаги диний таълим масканлари ходимлари қатнашиши кутилаётганини хабар қилди.

Андижон вилоятидаги имомлардан бири ҳам ушбу тадбирга таклиф қилинмагани, аммо қатнашмайдиган имомларга турли вилоятлардан туриб, анжуманни видеоселектор орқали кузатиш тайинланганини айтди.

"Эртага эрталаб соат 7 га ҳокимиятга чақиришди, ҳамма туман ва вилоят имомларини. Тошкентда диний-маърифий муҳитни соғломлаштиришга бағишланган йиғилиш бўлади ва шуни видеоселектор билан вилоятларга улашаркан. Мингга яқин имом Тошкентга тўпланган ҳозир. Пешингача йиғин бўлади. Кечқурун ифторлик бўлади, деб айтишган бизга", деди андижонлик имом.

Дарвоқе, бу имом Тошкентга бормагани сабабига оид Озодлик саволига жавобан: "Иссиқ, тоқатим кўтармайди, ёшим бир жойга борган энди. Эртага у ерга кириш ва чиқишни ўргатишар экан аввал, репетиция бўларкан, дейишганига бормадим, очиғи", деди.

Президентнинг мамлакат имомларини Рамазон ойида пойтахтга йиғиб, ифторликка даъват қилиши Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилаётган ҳодисадир.

Шу боис, ижтиомий тармоқларда бу воқеани ҳаяжон билан кутаётган, унга ижобий ва салбий муносабат билдираётганлар кўп бўлмоқда.

Жумладан, Facebook фойдаланувчиларидан бири: "Эртага пешингача катта йиғилиш, шомда “Наврўз”да ифторлик бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёв, расмийлар ҳамда мингдан ортиқ (1200 нафар дейилди) имом иштирокида маросим ўтказилади. Биз фикр-мулоҳазаларни, таклифларни айтдик. Буёғи тадбирда қатнашувчиларда қолди", деб ёзди.

Яна бир фойдаланувчи ҳам илк бор мамлакат президенти билан ифторликка кирадиган имомлар Тошкентдаги диний таълим масканларидан бирида машқ қилдирилаётгани ҳақида ёзди:

"Айни вақтда танлаб олинган 28 имом ТИУ да репетиция қиляпти экан. Нима имомлар шунчалик оми, уқувсиз одамларми?! Йўқ, албатта. Баъзи мансабдорлар томонидан исталмаган иш - у имомлардан бирининг мусулмонлар диний таълим олишларини осонлаштириш ҳақида фикрларини гапириб қўйишидан қўрқишади! Шу ерда ҳам ишни ҳақиқий эгалари бажармияпти. Миллатга ва Президентга хиёнат қилишяпти. Бу ифторликка Президент шахсан яширин топшириқлари билан ташаббус кўрсатиб келаётган имомларимиздан бир нечтаси чақиртирилса эди яхши натижаларга умид қилсак бўларди".

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, имомлар, дин хизматчилари ва президент иштирокидаги учрашув 15 июн куни Тошкент вақти билан эрталабки соат 10 дан 12 га қадар бўлиб ўтади.

Кун давомида яна қатор тадбирлар режалаштирилгани ва оқшом соат 8 да "Наврўз" ресторанида ифторлик бўлиши кутилмоқда.

Янгиликларни Озодликда кузатинг!

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG