Линклар

Россиядаги ўзбекларнинг энг йирик ташкилоти фаолиятига вақтинчалик тақиқ қўйилди


Россиядаги Ўзбеклар, ўзбекистонликлар бутунроссия Конгресси (ВКУУ)

Россия Адлия вазирлиги Ўзбеклар, ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси (ВКУУ) фаолиятини вақтинчалик тўхтатди. Адлия вазирлиги ВКУУга 2017 йилнинг 24 ноябригачага тегишли “ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф” этиш топшириғини берди.

Россия Адлия вазири май ойи охирларида имзолаган 693-сонли қарор билан Россияда фаолият юритиб келаётган Ўзбеклар, ўзбекистонликлар бутунроссия Конгресси (Всероссийский Конгресс узбеков, узбекистанцев (ВКУУ)) ишини вақтинчалик тўхтатиб қўйди.

Адлия вазирлиги ташкилот фаолияти 2017 йилнинг 24 ноябригача вақтинча тўхтатилганини билдирди.

Ташкилотга йиғилиш, митинг, намойиш, юриш, пикет қилиш ва бошқа оммавий акциялар ва тадбирлар уюштириш, сайловларда иштирок этиш, хўжалик ҳисоб-китоблари ва маош бериш, солиқ, тўлов ва жарималар тўлашлардан ташқари банк омонатларидан фойдаланиш тақиқланади”, дейилади Фарғона.ру сайтида эълон қилинган ҳужжатда.

Россия Адлия вазирлиги Ўзбеклар, ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси фаолиятинининг 6 ой муҳлатга тўхтатилиши “Жамоатчилик ташкилотлари тўғрисида”ги мамлакат федерал қонунининг 42- моддаси асосида амалга оширилганини ҳам билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Конгресс раиси Иброҳим Худойбердиев ВКУУ фаолиятининг тўхтатилишини “оддий расмиятчилик”, деб атади.

- Россия Адлия вазирлиги бизнинг барча минтақавий ташкилотларимизга тегишли бўлган ташкилотлардан ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилди. Бу дегани Россиянинг 13 минтақасидаги ваколатхоналаримиз ва яна 50 ка яқин ўзбек маданий марказлари билан тузилган ҳамкорлик ҳужжатлари деганику! Мен вазирликдагиларга “Ахир, 2 юк ташувчи “Газель”га юк бўладиган ҳужжатни қабул қилиб олаверасизларми?”, деб берган саволимни улар аввалига ҳазил деб тушунди. Бу эса чин гап! Бунча ҳужжатни минтақалардан йиғиб, келтиришнинг ўзи бўладими. Шунга қарамасдан, ҳозир бирин-кетин ҳужжатларни келтиришни бошладик, деди ташкилот раиси.

Конгресс раҳбари Иброҳим Худойбердиев тузилма фаолияти батамом тақиқлангани тўғрисидаги гап-сўзлар ҳақиқатдан йироқ экани ва ташкилот иши талаб қилинган ҳужжатлар Россия Адлия вазирлигига тақдим этилгунига қадар муайян фурсатга тўхтатилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Биз ҳеч қандай қонунбузарлик қилганимиз йўқ. Бу, шунчаки, Россияда давлат идоралари томонидан авж олдирилган қоғозбозлик ва текшир-текшир натижасидир. Бу каби текширишлар олдин ҳам бўлган, аммо бу сафар биздан талаб қилинган ҳужжатларни жамлашга кўп вақт кетади, холос, - деди ўзбеклар конгресси белгиланган муддатдан кейин ўз ишини яна давом этишига ишонч билдирган Иброҳим Худойбердиев.

Ташкилот расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбеклар, ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси ташкилий қўмитаси 2011 йилнинг 1 майида Москвада иш бошлаган ва тез орада Россияда энг йирик ўзбеклар жамоалари бирлашмасига айланган.

ВКУУ ташкилоти Россиянинг 13 минтақасида ўзининг ваколатхонасига эга экани, 50 зиёд ўзбек миллий жамоалари билан ҳамкорлик қилишини таъкидлаб келади.

У ўзининг асосий мақсади сифатида Россияда меҳнат қилаётган ва яшаётган ҳамюртларга ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилишини айтиб келади.

Ҳозирга келиб Ўзбеклар, ўзбекистонликлар Бутунроссия конгресси Россиянинг энг йирик ўзбекистонликлар бирлашмаси саналади.

Озодлик Россияда фаолият юритаётган айрим диаспора раҳбарлари ўртасида жанжал ва тортишувлар бўлиб туриши, яна бошқалари ўз эса ҳамюртларини очиқчасига талаши ва зўравонлик қилиши борасида хабар берганди.

Меҳнат муҳожирлари сони жиҳатидан ўзбекистонликлар Россиядаги мигрантлар орасида кўпчиликни ташкил этади ва турли манбаларда 2,5 миллиондан 5 миллионга қадар кўрсатилади.

Бугунга келиб Россиянинг 85 минтақасида 190 зиёд миллат ва элат вакиллари яшаб келади.

Бу ҳудудларнинг деярли барчасида - марказий минтақаларда ҳатто бир нечтадан, - ўзбеклар миллий-маданий бирлашмалари мавжуд.

Охирги йилларда кузатувчилар миллий нодавлат уюшмалари давлат идоралари қаттиқ назоратига олинаётгани борасида Озодлик олдин ҳам хабар берган.

Хусусан, 2013 йилнинг ноябрида Санкт-Петербургда ўзбекистонликларнинг “Умид” жамияти фаолияти Россия Адлия вазирлиги талаби билан тўлиқ тўхтатилган эди.

Миллий-маданий ташкилотларнинг аниқ сонига оид расмий маълумотлар мавжуд бўлмасада, Ўзбекистондан келиб ишлаётган муҳожирлар ва Россияда муқим яшаётганлар сони жиҳатидан ўзбек диаспоралари энг йириклардан бири бўлиб қолмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG