Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:11

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари устидан иш судга ошди


Давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб қўлга олинган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг раҳбари Омонулло Юнусов устидан тергов якунлангани маълум бўлди. Озодликка сиздирилган ҳужжатларда, “тергов давомида Юнусов агентлик ҳисобчиси Дилфуза Усмонова билан тил бириктириб, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг маблағларини талон-тарож қилгани, агентликка 229 миллион 534 минг 385 сўм миқдорида зиён етказган”и аниқлангани айтилади.

Юнусов ва агентликнинг ҳисобчиси Дилфуза Усмонова ўтган йил август ойида Ўзбекистон жиноят кодексининг 167-моддаси, яъни “Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш” да айбланиб Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўз ишхонасида қўлга олинган эди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, ҳозирда Омонулло Юнусов ва Дилфуза Усмоновалар устидан очилган 9229-сонли жиноят иши судга оширилган.

Тошкентнинг Юнусобод тумани суди ҳозирда бу ишни кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг исми сир қолишини истаган ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, бу ерда катта растрата ҳақида гап кетяпти.

"Агентликда текширув ҳозир ҳам кетяпти. Ҳамма асабий холатда. Давлат бюджетидан китоб нашр қилиш учун ажратилган бир неча миллион сўмлик маблағ талон-тарож қилинган, МХҲни махсус тергов гуруҳи бу билан шуғулланди”, - деди Озодликка агентлик мулозимларидан бири.

58 ёшли Омонулло Юнусов 2013 йилдан бери Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Омонулло Юнусов агентликка раҳбар бўлишидан олдин 2005-13 йилларда мамлакатда турдош корхоналар орасида монополист ҳисобланган “Шарқ” матбаа концернига раҳбарлик қилган.

Агентлик расмий сайтида 16 июн куни ҳам Юнусов Омонулло Ҳамидуллаевич номи агентлик Бош директори мақомида турибди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати раҳбари Шавкат Ўринов Озодлик билан суҳбатда Омонулло Юнусов ҳозир ҳам расман агентлик раҳбари лавозимида қолаётганини айтди.

- У киши августдан бери йўқ. Уни устидан иш қай жараёнда, хабарим йўқ. Лекин, ҳукуматдан Юнусовни бўшатиш қарори келгани йўқ. Уни ишини ҳозир ўринбосари бажаряпти, - деди Ўринов.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриëтларда бир йил аввал кенг кўламли тафтишлар бошланган.

Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ўзбекистон Молия вазирлигининг назорат тафтиш бошқармаси томонидан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйида олиб борилган тафтишлар чоғида 2,2 миллиард сўмлик камомад аниқланган эди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ноширлик¸ матбуот нашрлари ҳамда даврий нашрларни тарқатиш соҳасида давлат сиëсатини амалга оширадиган бошқарув органи ҳисобланади.

“Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, “Ғофур Ғулом”, “Чўлпон” каби нашриётлар ҳам шу агентлик тасарруфидадир.

XS
SM
MD
LG