Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2020, Тошкент вақти: 16:18

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев Марғилонда Эркин Воҳидов номи берилган боғни бориб кўрди

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов.

Марғилон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғига Эркин Воҳидов номи берилди.Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида маълум қилинди.

Мирзиёев мазкур боғни бориб кўрган ва уни реконструкция қилиш бўйича ўз кўрсатмаларини берди. Хабарда айтилишича, боғда Эркин Воҳидов ҳайкали ҳам ўрнатилади.

2016 йил 7 декабрда президент «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов 2016 йил 30 май куни Тошкентда оламдан ўтганди.

Марҳумнинг дафн маросимига ўша вақтда Ўзбекистон президенти бўлган Ислом Каримов келмаган, бироқ ўша пайтда бош вазир лавозимини эгаллаб турган Шавкат Мирзиёев иштирок этганди.

Кун янгиликлари

Коронавирусга чалинганлар сони 33 минг кишига яқинлашди

Коронавирус инфекциясига чалинган 25 659 нафар бемор тузалди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 13 август соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 183 кишига кўпайди ва 32 837 нафарни ташкил этмоқда.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 113 нафари Тошкент шаҳрида, 31 нафари Самарқанд вилоятида, 11 нафари Наманган вилоятида, яна 11 нафари Сирдарё вилоятида, 9 нафари Қашқадарё вилоятида ҳамда 8 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Шу билан бирга, коронавирусга чалинган Шайхонтоҳур туманида яшаган 63 ёшли Д.А. (аёл) ҳамда Зангиота туманида яшаган 66 ёшли Х.Э. (аёл) бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 213 кишига етди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 25 659 нафар бемор тузалди ва соғайиш даражаси 78 фоизни ташкил этди.

Ҳозирда касалхоналарда 6 965 нафар бемор қолмоқда. Улардан 1 375 нафари оғир, 410 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Масжидлар ишлай бошлайди, аммо жума намозлари ўқилмайди

Коронавирус пандемияси муносабати билан диний ташкилотлар фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.

Ўзбекистонда 17 августдан бошлаб диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолиятига рухсат берилади. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарорида қайд этилди.

Қарорда айтилишича, диний ташкилотлар ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда ишлаши мумкин.

Аммо қарор билан диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилади.

Коронавирус пандемияси муносабати билан диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.

Коронавирусдан вафот этганлар сони 211 кишига етди

12 август куни Ўзбекистонла 671 ҳолатда касаллик қайд этилган.

12 август куни кун давомида Тошкент шаҳрида яна беш бемор коронавирус оқибатида вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининиг билдиришича, бу билан Ўзбекистонда вафот этганлар сони 211 кишига етди. Уларнинг 137 нафари Тошкентда даволанаётган беморлардир.

Коронавирусдан ўлим ҳолатлари юзасидан эса иккинчи ўринда Тошкент вилояти турибди. Вилоятда шу кунгача 23 киши вафот этган.

Вазирликнинг билдиришича, 12 август куни Ўзбекистонла 671 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинганини тасдиқлади

Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаев қўлга олинганидан беш кун ўтиб расмий маълумот берди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 13 август куни Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинганлиги юзасидан маълумот берди.

“Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Б.Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Ҳозирги кунда унинг Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши масаласи ҳал қилинмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.

Бобомурод Абдуллаев қўлга олинганидан беш кун ўтиб тарқатилган бу расмий хабарда журналистга қандай айблар қўйилаётгани ёки қандай жиноятларда гумонланаётгани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда ҳибсга олингани хабари чиқиши ортидан бир гуруҳ нуфузли халқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб¸ уни зудлик билан озод этишни сўради.

Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now ва Norwegian Helsinki Committee (NHC) гуруҳларининг қўшма баëнотида Абдуллаевга қўйилаëтган айбларнинг “уюштирилан”и¸ у Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда уни қийноқ ва 20 йилгача қамоқ жазоси кутаëтгани айтилган.

Бош вазир Сўхга борди. Сўх-Фарғона-Сўх авиақатнови бир ой ичида ташкил этилиши ваъда қилинди

Авиақатнов "Ан-2" самолёти ва "Ми-8" вертолёти воситасида амалга оширилади.

Фарғона шаҳри ва Сўх тумани ўртасида йўловчи ташувчи самолёт ва вертолётлар қатнайди. Бу ҳақда 12 август куни Фарғона вилояти Сўх туманига борган бош вазир Абдулла Арипов туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Ариповнинг билдиришича, Сўх туманидаги “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бир ой ичида кичик аэропорт ташкил этилади. Бу ердан Humo Air авиакомпаниясининг “Ан-2” самолёти ҳамда Uzbekistan Helicopters компаниясига қарашли “Ми-8” вертолёти ҳар куни 2 марта Фарғонага ва Сўхга парвоз қилади.

“Ан-2” самолёти 12 нафар йўловчи сиғимига, “Ми-8” вертолёти 16 нафардан 20 нафаргача йўловчи сиғимига эга. Йўловчилар 35—40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади.

Хабарда айтилишича, талабга қараб кейинчалик рейслар сони ҳам кўпайтирилади.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади.

2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.

Жорий йилнинг май ойи охирида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Чечме қишлоғи аҳли ўртасида булоқ суви талашидан жанжал келиб чиққан эди.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлгани расман билдирилган.

Шаҳарларда 15 августдан автотранспорт, 17 августдан шаҳарлараро қатновлар, 20 августдан бозорлар фаолиятига рухсат берилади

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови тикланади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 12 августда ўтган видеоселектор йиғилишида кўрсатма берди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади.

Белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади.

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланди.

20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди.

Йиғилишда Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.

Ўзбек муҳожирлари Россияда Ўзбекистон бюджети ҳисобидан рус тили ва касб-ҳунарга ўргатилади

Россияда меҳнат қилаётган ўзбек мигрантларидан бири.

Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлигида бўлган Ўзбекистон фуқароларини 2020 йил 1 сентябрга қадар касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш ташкил этилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мутассадди ташкилотларга кўрсатма берди.

Қарорга асосан, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда уч ой муддатда Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Новосибирск шаҳарларида ва бошқа ҳудудларда давлат ҳамда нодавлат таълим муассасалари ва марказлари билан таълим масканларини ташкил этиши шарт.

Бу таълим масканларида “мазкур ҳудудларда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилга, айниқса кечки пайт (иш вақтидан кейин) ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан ўқитиш учун жой, ўқув қўлланма ва ўқув қуроллари билан таъминлаш бўйича ўзаро келишувлар тузиш” қарорда белгилаб қўйилди.

Қарорда таъкидланишича, бу ишни амалга оширишда мутасадди ташкилотлар Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН), “Молодые профессионалы (Ворлдскиллс Россия) иттифоқи ҳамда “бошқа таълим ва касбий малакани баҳолаш муассасалари билан кенг ҳамкорлик ўрнатиши” лозим.

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясида касб-ҳунарга ва рус тилига ўқитиш харажатларини Вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш назарда тутилсин”, -дейилади қарорда.

Ўзбекистонда аҳолининг камида 4 миллиони қашшоқ экани расман тан олинди

Республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистонда аҳолининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда. Бу ҳолат президентнинг “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида эътироф этилди.

“Республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда. Иқтисодий фаол аҳолининг 9,0 фоизи ёки 1,4 миллионга яқин киши ишга муҳтож, аёллар ва ёшлар ўртасида ушбу кўрсаткич мос равишда 12,5 ва 14,9 фоизни ташкил қилмоқда. Аксарият камбағал ва ишсиз фуқароларнинг касбий малака даражаси ҳозирги меҳнат бозори талабларига тўғри келмайди”, - дейилади қарорда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қарорда камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўқитишга қаратилган умуммиллий тизим жорий этилиши назарда тутилган.

Бунинг учун Қоракалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилади.

Бундан ташқари ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолият юритади.

Тошкент шаҳрининг туманларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги ўрта махсус таълим муассасаларида ишсиз ёшлар, хотин-қизлар ҳамда ўз малакасини оширмоқчи бўлган фуқаролар учун ташкил этиладиган қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари иш бошлайди.

Маҳалла гузарларида, маҳалла ҳудудларидаги ўқув муассасалар, корхона ва ташкилотлар, ташаббускор тадбиркорлик субъектлари биноларида, бошқа бўш турган жойларда ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарларга ўқитиш марказлари ҳузурида ташкил этилган маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.

Коронавирусдан ўлганлар сони 208 кишига етди. 1700дан ортиқ беморнинг аҳволи оғир

Ҳозирда 7 917 нафар бемор касалхонада қолмоқда.

Сўнгги 12 соат давомида Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшаган 61 ёшли Ш.А. (аёл) ҳамда Яшнобод туманида яшаган 55 ёшли Б.А. (эркак) коронавирусдан вафот этди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 208 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 августда кун давомида коронавирусдан 6 киши ўлганини билдирган эди. Уларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 1 нафари Тошкент вилоятидан.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 12 август соат 10:00 ҳолатига кўра 32 215 нафарни ташкил этди. Бу 11 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 232 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 155 нафари Тошкент шаҳрида, 23 нафари Самарқанд вилоятида, яна 23 нафари Бухоро вилоятида, 15 нафари Сирдарё вилоятида, 6 нафари Тошкент вилоятида, яна 6 нафари Қашқадарё вилоятида ҳамда 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”,-дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 24 090 нафар бемор тузалиб, соғайиш даражаси 75 фоизга етди. Ҳозирда 7 917 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 1308 нафари оғир, 428 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун 500 миллион доллар ажратади

“Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 659 миллион 300 минг АҚШ долларига тенг.

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 августда имзолаган “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорда таъкидланишича, “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 659 миллион 300 минг АҚШ долларига тенг. Бу маблағнинг 159 миллион 300 минг доллари Ўзбекистоннинг улушидир.

Мазкур лойиҳа доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулот етиштириш, экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш каби қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов коронавирусга чалинганини маълум қилди

Вазир бу ҳақда 12 август куни ўзининг Telegram каналида билдирди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов COVID-19га чалиниб даволаниб чиққани ва ҳозирда уй шароитида реабилитациядан ўтаётганини маълум қилди.

Вазир 12 август куни ўзининг Telegram каналида қолдирган постида, таъмирлаш ишлари қандай кетаётганини билиш учун мактабларга борганида коронавирусни юқтириб олган бўлиши мумкинлигини таҳмин қилди.

Шерзод Шерматовнинг ёзишича, у биринчи ҳафта шифокор маслаҳати билан уйда даволанишга ҳаракат қилган. Лекин бир ҳафтадан кейин, тана ҳарорати яна кўтарилиб кетгач шифохона шароитида даволанишга ўтган. Вазир коронавирусни даволашга ихтисослаштирилган Семашко санаториясида даволанган.

Шерзод Шерматов коронавирусга чалингани маълум қилинган Ўзбекистондаги биринчи вазир бўлди.

Хорижга рухсатномасиз олиб чиқиш мумкин бўлган нақд валюта миқдори кўпайтирилди

Ҳозирги кунда Ўзбекистондан рухсатномасиз 5000 долларгача миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш мумкин.

Ўзбекистондан 1 сентябрдан бошлаб хорижга рухсатномасиз ва декларациясиз 9750 долларни нақд пул кўринишида олиб чиқишга рухсат берилади. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси 10 августда қарор қабул қилди.

Қарорга асосан, жисмоний шахслар мамлакатдан 100 миллион сўмгача эквивалентдаги нақд хорижий валютани ҳеч қандай рухсатномасиз олиб чиқиш мумкин, Бундан ташқари 70 миллион сўмгача бўлган эквивалентдаги маблағ учун декларация талаб қилинмайди.

Айни пайтда 100 миллион сўм 9750 долларга, 70 миллион сўм эса 6800 долларга тенг.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондан рухсатномасиз 5000 долларгача, декларациясиз эса 2000 долларгача миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш мумкин.

Коронавирусга қарши кураш учун россиялик врачлар гуруҳи келади

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко.

Коронавирусга қарши курашга кўмаклашиш учун Ўзбекистонга яқин кунларда россиялик врачлар жўнатилади. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко 10 август куни ўтган коронавирусга қарши кураш мувофиқлаштириш кенгаши президиумида маълум қилди.

“Известия” газетасининг хабар беришича, вазир Россия врачлари Қозоғистонда коронавирусга қарши курашда ўз миссиясини муваффақиятли бажарганларини ва эндиликда Ўзбекистонга боришга тайёргарлик кўраётганларини айтган.

Хабарда Россия врачлари Ўзбекистонга қачон келиши ва бу масалада Ўзбекистонда кимлар билан музокаралар олиб боргани айтилмаган.

Июль ойи охирида Мурашко Россияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцинани Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга етказиб бериш масаласида музокаралар бошланганини билдирган эди.

Тошкентда коронавирусдан вафот этганлар сони 131 кишига етди

Коронавирусдан вафот этганлар сони Ўзбекистон бўйича 204 кишига етди.

Тошкентда коронавирусдан, 11 август соат 17:00 ҳолатига кўра, яна икки киши вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Мирзо Улугбек туманида яшаган 63 ёшли Ш.Й. (аёл) ҳамда Шайхонтоҳур туманида яшаган 57 ёшли Х.Қ. (эркак) вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 август куни Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар бемор вафот этганини билдирган эди.

Вазирликнинг 11 август куни эрталаб берган маълумотида Юнусобод туманида яшаган 60 ёшли А.А. (эркак) ҳамда Олмазор туманида яшаган 60 ёшли А.М. (эркак), жами 2 киши коронавирусдан ўлгани қайд этилган.

Бу билан Тошкент шаҳрида коронавирусдан вафот этганлар сони 131 кишига, Ўзбекистон бўйича 204 кишига етди.

Коронавирусдан карантинда бўлган яна бир шахс ўзини ўлдирди

Июнь ойида Ўртасаройдаги карантин марказида фуқаро контейнер ичида ўзини осиб қўйгани хабар берилган эди.

Тошкентдаги “Саёҳат” меҳмонхонасида карантинда бўлган сурхондарёлик 31 ёшли эркак 10 август куни тўртинчи қаватдан сакраб ўз жонига қасд қилди.

“Дарё” нашрининг хабар беришича, К.О. ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига 10 август, соат 10:33 да келиб тушган.

Бош прокуратуранинг нашрга маълум қилишича, К.О. 4 август куни чартер рейс орқали Россиянинг Қозон шаҳридан Тошкентга олиб келинган ва карантинга жойлаштирилган.

У 7 август куни COVID-19 вируси учун тест топширган ва 9 август куни чиққан тест таҳлиллари унда вирус йўқлигини кўрсатган.

К.О.нинг Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи қариндошлари унинг руҳиятида салбий ўзгаришлар кузатилганини айтишган. Ани пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва ўз жонига қасд қилган шахснинг руҳий саломатлиги юзасидан ҳам суриштирувлар олиб борилмоқда.

“Июнь ойида Ўртасаройдаги карантин марказида фуқаро контейнер ичида ўзини осиб қўйгани хабар берилган эди. Фуқаро нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани номаълум”, -деб ёзди нашр.

Ростов-Дондан ҳам ўзбекистонликлар ватанига олиб келинмоқда

Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди.

Ростов-Дон шаҳридан 10 августда 918 нафар ўзбекистонлик поездда Ўзбекистонга қараб йўлга чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Республика махсус комиссияси томонидан Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округидаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун “Тошкент – Ростов-Дон – Тошкент” темир йўл рейси ташкиллаштирилган.

“Ҳозирда Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини ватанимизга тезроқ қайтариш учун Россиянинг турли ҳудудларидан рейсларни кўпайтириш, рейслар, жумладан, темир йўл рейсларининг йўналиши ва турларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда”, -дейилади расмий билдирувда.

Россиядан олиб келинган ўзбекистонликлар белгиланган тартибда карантин марказларига жойлаштирилади. 10 август куни “Самара—Бузулук—Тошкент—Поп” йўналиши бўйича Россиядан олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик 9 августда Поп темир йўл вокзалида кутиб олингани ва Попдаги карантин ҳудудига жойлаштирилгани хабар қилинганди.

7 августга ўтар кечаси Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан Ўзбекистон томон йўлга чиққани хабар қилинган эди. 7 август куни Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам 918 йўловчини Ўзбекистонга олиб келиниши билдирилган.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинди.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари коронавирус пандемияси туфайли киритган карантин чекловлари ва чегараларнинг ёпилиши ортидан май ойидан буëн Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди. Кейинроқ уларнинг бир қисми Қозоғистон билан келишилган ҳолда чегарадан ўтказилиб, Ўзбекистонга олиб келинганди.

Мирзиёев Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони “президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади".

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Беларус президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони “президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга Беларуснинг барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида янги зафарлар тилади”.

"Икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги анъанавий яқин ҳамкорликка доир долзарб масалалар кўриб чиқилди”,- дейилади расмий хабарда.

10 август куни Мирзиёев Лукашенкога Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Россия президенти Владимир Путин билан бир қаторда табрик телеграммаси ҳам жўнатган эди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

Коронавирусга чалинганлар сони 32 мингга яқинлашди

Ҳозирда 8 351 нафар беморга шифохоналарда қолмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 11 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 31 545 нафарни ташкил этмоқда. Бу 10 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 241 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 193 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Самарқанд вилоятида, 12 нафари Сирдарё вилоятида, 8 нафари Навоий вилоятида ҳамда 7 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 22 992 бемор тузилиб, соғайиш даражаси 73 фоизни ташкил қилмоқда. Беморлардан 202 нафари вафот этган.

Ҳозирда 8 351 нафар беморга шифохоналарда қолмоқда. Улардан 1361 нафари оғир, 387 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан ўлганлар сони расман 200дан ошди

Ўлим ҳолатларининг асосий қисми Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги бир кеча-кундузда 8 киши коронавирусдан вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 10 август куни билдиришича, Тошкент шаҳрида 4 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар бемор вафот этган.

Вазирликнинг 11 август куни эрталаб берган маълумотида Юнусобод туманида яшаган 60 ёшли А.А. (эркак) ҳамда Олмазор туманида яшаган 60 ёшли А.М. (эркак), жами 2 киши коронавирусдан ўлгани қайд этилган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 202 кишига етди.

Коронавирусдан ўлим ҳолатларининг 129таси Тошкент шаҳрига ва 22 таси Тошкент вилоятига тўғри келмоқда.

Қашқадарё вилоятида 8 нафар, Бухоро вилоятида 7 нафар, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида 6 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Наманган вилоятларида 5 нафардан, Самарқанд вилоятида 3 нафар, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 2 нафардан, Хоразм ва Фарғона вилоятларида 1 нафардан бемор вафот этган.

Шавкат Мирзиёев Лукашенкони президентликка сайлангани билан тўртинчи бўлиб табриклади

Лукашенкони Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган “ишончли ғалабаси билан қутлади”. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 10 августда хабар берди.

“Давлатимиз раҳбари ўз мактубида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари Беларусь халқининг Александр Лукашенкога бўлган улкан ишончини ва бирдамлигини, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар давом эттирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор намоён этганини қайд этди”, -дейилади хабарда.

Беларус президентлигига 9 августда ўтган сайловда ғалаба қозонгани расман эълон қилинган Александр Лукашенкони 10 август куни биринчилардан бўлиб Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Шавкат Мирзиёев жаҳон давлатлари президентлари орасида Лукашенкони табриклаган тўртинчи, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи президент бўлди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

ОАВ: Масжидлар 15 августдан бошлаб ишлай бошлаши мумкин

Йиғилишда айтилишича, масжидлар учун 150 миллиард сўм ажратилган.

“15 августдан бошлаб юртимизда масжидлар босқичма босқич яна фаолият кўрсата бошлайди”, -деб хабар берди 10 август куни “Azon.uz” ўз манбаларига таянган ҳолда.

Хабарда таъкидланишича, айни соатларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча имом ва ноиблар билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофир Аҳмедов иштирокида видео селектор шаклида йиғилиш ўтказмоқда.

“Йиғилишда пандемия вақтидаги имом хатиблар фаолиятини янада самарадорлик қилиш, давлатимиз томонидан имомларга эътибор қаратилиб, 150 миллиард сўм ажратилгани, ёшларимизнинг тарбиясида имомларнинг ўрни ва таъсири бўлиши зарурлиги каби мавзулар муҳокама қилиняпти”, - дейилади хабарда.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати ва коронавирусга қарши кураш бўйича Республика сайти бу хабар юзасидан муносабат билдирмади.

Расман: Фарғона пандемия иккинчи тўлқинига тайёрланмоқда

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Қўқонда кислород концентраторлари ишлаб чиқарилишини айтди.

Фарғона вилояти COVID-19 инфекциясининг навбатдаги эҳтимолий тўлқинига тайёргарлик ишларини бошлаб юборди ва 12 мингдан ортиқ захира ўринларини ҳозирлаб қўйди. Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати мана шундай хабар тарқатди.

Расмий хабарда айтилишича, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган 500 дона кислород концентратори ҳамда 5 мингта пульс оксиметрлари олиб келинди. Ҳозирга қадар 12 мингдан ортиқ захира ўринлари ҳозирлаб қўйилди.

“Тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти. Уч ойлик дори-дармон захираси учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан қарийб уч миллиард сўм маблағ эвазига Хитойдан кислород концентраторлари ва пульс оксиметрлари олиб келинганлиги ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир. Мазкур тиббий жиҳозлар захира жой учун тайёрлаб қўйилган масканларга топширилди”,- дейилади расмий маълумотда.

Аввалроқ Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу каби жиҳозларни ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилишини эълон қилгани ҳақидаги видеони ҳам тарқатган.

Видеода Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида кислород концентраторларини ўрнатиш жараёнини билан танишгани акс этган.

-Вилоятимизда тайёрланган захира ўринларига бу кислород концентраторлари ва пульс оксиметрларининг биринчи қисми етказилмоқда. Шунингдек, бу каби зарур жиҳозлар билан барча тиббиёт масканларимизни таъминлаш тадбирларини кўрганмиз. Бундан ташқари, яқин кунларда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида худди шундай тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарадиган йирик корхона ишга туширилади. Вилоятимиздаги барча шифокорлар ва тиббиёт ходимлари бепул пульс оксиметрлари ва бошқа керак тиббий жиҳозлар билан таъминланади, -деб айтган видеода вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бир дона кислород концентратор нархи барча ҳаражатлари билан 4 милион 200 сўм, бир дона пульс оксиметри эса 150 минг сўмга тушди.

ЎМИ муфтий алмашганига оид иддаолар ёлғон эканини билдирди

Диний идора маълумотига кўра, Усмонхон Алимов Ўзбекистон муфтийси лавозимида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов фаолиятини давом эттирмоқда. Бу баёнотни диний идора матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда муфтий алмашгани ҳақида тарқалган маълумотларнинг асоссизлигини қайд этиш учун берган.

ЎМИ вакилларига кўра, “8 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига гўёки номзодлар кўриб чиқилиб, Azon.uz сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад маъқулланди, деган мазмундаги хабар сохта ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди”.

Қайд этилишича, мазкур асоссиз маълумот тарқалиши биланоқ Azon.uz таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилган.

Доллар ва евронинг расмий курси яна кўтарилди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 10 августидан валюталарнинг сўмга нисбатан нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, душанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 21 сўм 85 тийинга қимматлаб, 10 минг 231 сўм 71 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 2 сўм 17 тийинга қимматлаб, 10 минг 209 сўм 86 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 38 сўмга ошиб, 12 минг 59 сўм 9 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 125 сўм 5 тийинга кўтарилиб, 12 минг 21 сўм 9 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Коронавирусдан ўлганлар сони 196 кишига етди. 1764 беморнинг аҳволи оғир

Беморлардан 22 042 нафари соғайди, касалхоналарда 8 582 нафар бемор даволанмоқда.

Тошкентда сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинган беморлардан яна икки нафари вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони камида 196 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 10 августда билдиришича, Қибрай туманида яшаган 44 ёшли А.А. (эркак) ҳамда Шайхонтоҳур туманида яшаган 68 ёшли У.М. (аёл) вафот этган. 9 августда эса коронавирусга чалинган 6 киши вафот этгани хабар қилинганди.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 10 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 30 820 кишига етганини ҳам маълум қилди. Бу 9 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 211 нафарга кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 176 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 33 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 143 нафари эса Ўртасарой карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида), 24 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 11 нафари Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади расмий маълумотда.

Беморлардан 22 042 нафари соғайди, касалхоналарда 8 582 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 1 378 нафари оғир, 386 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG