Линклар

Эрдўғон тансоқчисини ўлдиришда гумонланган ўзбек қизини террорга қарши идора тергов қилмоқда


Uzbekistan - Bayramova Feride

Ўтган ҳафта Туркия президентининг тансоқчилари бошқармасида ишлайдиган 24 яшар Рамазон Ўзчеликни ўлдиришда гумонланиб Истанбул шаҳар Бейликдузи тумани полиция идорасига келтирилган Ўзбекистон ватандоши Фарида Байрамовани Террорга қарши кураш бўлими сўроқ қилмоқда.

Бу ҳақда Бейликдузи полиция идораси вакили Озодликка маълум қилди.

Унга кўра¸ 25 яшар Ўзбекистон ватандоши Фарида Байрамова “террорчилик шубҳаси мавжудлиги учун оддий жиноий тергов қилинмасдан террорга қарши кураш бўлимида сўроқ қилинмоқда”

Хабартурк газетасининг ëзишича, Малатиядаги Исмат Инўну университети фармацевтика факультети талабаси Фарида Байрамовага оид Истанбул шаҳар Бейликдузи туманидаги уйдан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон тансоқчисининг жасади топилган.

Ҳодисани ўрганган "Хабартурк" газетаси жиноят хабарлари бўлими ходими Сариёр Муслим Озодликка Туркия президенти тансоқчилар бошқармасида 2016 йилдан бери полициячи лавозимида ишлаб келган Ўзчелик ўтган душанба куни соат 14 да Фарида Байрамованинг уйида бошидан отиб ўлдирилганини айтди.

Маълум бўлишича, Фарида Байрамова бундан 9 ой олдин JAMOU ижтимоий тармоғи орқали мақтул Рамазон Ўзчелик билан танишган.

Ҳодиса юз берган кун улар бирга бўлганлар.

Сариëр Муслим ўз мақоласида Фарида Байрамованинг терговдаги кўрсатмасидан иқтибос келтиради.

Воқеадан бир кун олдин у келиб уйимда ëтиб қолди. Эрталаб соат 10 ларда мен уйғондим. Унинг тўппончасини қўлимга олиб шкафнинг устига қўйдим. Рамазон эса ухлар эди. Соат 14 да уйғонди. Емак олиш учун ташқарига чиқиб келмоқчи эди. Кийина бошлади. Бу орада шкаф устида турган тўппончани кўрди. Нега уни бизга қаратиб қўйдинг, деб сўради ва пистолетни олиб белига тақди. Бу пайтда мен унга қўл телефонимда рус рулеткаси видеосини кўрсатдим. У бўлса, бу ўйин ундай ўйналмайди¸ мана бундай ўйналади, деб тўппончани чап қўлига олиб, пешонасига тиради. Уни тўхтатиб қолишни истадим, аммо кеч бўлган эди. Тўппонча отилди. Кўз ўнгимда ўлди”.

Бейликдузи полиция идораси вакилининг айтишича¸ ана шундан кейин воқеа жойига тезкор гуруҳ етиб келиб, Байрамовани ҳибсга олган.

Уйда Байрамовага оид турли номерлардаги тўртта қўл телефони топилган:

- Ҳозир иш бизнинг назоратимизда эмас¸ террор шубҳаси билан Байрамова сўроқ қилинмоқда. Тафсилотлар судда аниқ бўлади, - деди Бейликдузи полиция идораси вакили.

Унга кўра¸ Байрамованинг саломатлиги ва руҳий ҳолати тиббий кўрикдан ўтказилган ва бармоқ излари олинган - шифокорлар Байрамованинг руҳий соғлом эканини айтган.

Матбуот: "Рус рулеткаси" ҳикояси ишончсиз

"Терговчилар Байрамованинг кўрсатмасида зиддият топишди"¸ дея ëзади "Ҳуррият" газетаси.

Текширувлар асносида на Байрамованинг ва на Ўзчеликнинг телефонидан “Рус рулеткаси” видеоси томоша қилинмагани аниқланган.

Терговчиларнинг матбуотга билдиришича, Туркия президенти тан соқчилари қўлидаги мавжуд тўппончада рус рулетини ўйнаш имкони йўқ.

Воқеани ëритган Элтуз нашри суҳбатлашган тарихчи Сергей Спиридонов, рус рулеткаси одатда олти ўқли револьверда ўйналишини айтган.

"Русская рулетка ëки гусарская рулетка деб аталадиган бу экстремал қимор ўйини асосан револьверда ўйналади. Туркия полицияси қўлланадиган ва ўқдони тўппонча дастагида жойлашган қуролда буни ўйнаш имконсиз," деган Сергей Спиридонов.

Фармацевтика талабаси¸ уй эгаси¸ спортчи ва соҳибжамол

25 яшар Ўзбекистон ватандоши Фарида Байрамова Истанбулдан 850 километр узоқликда жойлашган Малатиядаги Исмат Инўну университети фармацевтика факультети талабаси.

Факультет ўқитувчиси Байрамовага ақлли талаба, спортчи ва соҳибжамол сифатида ижобий тарафдан билгани ва унинг жиноятда айбланаётганидан таажжубда эканини айтди.

Унинг маълум қилишича¸ Байрамова оид барча ҳужжатлар Террорга қарши кураш идорасига жўнатилган.

"Ҳозир бизда таътил бўлгани боис Байрамова Истанбулдаги ўз уйига бўлган. Бошқа тафсилотларни айта олмаймиз," - деди факультет ўқитувчиси.

Озодлик Байрамовани таниганлардан бири билан суҳбатлашди.

Унга кўра Байрамованинг ота-онаси Тошкентда таниқли доктор бўлиб ишлашади.

Айнан улар қизи учун Истанбулнинг денгиз соҳилидаги Бейликдузи туманидан квартира сотиб олиб беришган.

Таҳсил ва Туркиядаги яшаш билан боғлиқ харажатлар ҳам ота -она зиммасида бўлган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG