Линклар

Оқтўбада ҳалок бўлган ўзбекистонликлар жасадлари махсус учоқда олиб келинди


Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида рўй берган автобус ҳалокатида ҳалок бўлган 9 кишининг жасади ва шу ҳалокатда жароҳатланган 38 одам 24 июн куни махсус учоқда Ўзбекистонга олиб келинди. Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганлар оила аъзоларига ҳамдардлик ҳам билдирди. Ўзбекистон ҳукумати ҳорижда фалокатга учраган ватандошларига илк бор эътибор қаратмоқда.

22 июн куни Самара-Чимкент йўлида икки қаватли "Мерседес-Бенц" автобуси ағдарилиши оқибатида 9 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, 18 одам жароҳатланди.

Автобусдаги ўзбекистонликлар Россияда ишлайдиган муҳожирлар бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати топшириғига биноан ҳалокат жойига етиб борган Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг тиббиёт ходимлари маҳаллий шифокорлар билан биргаликда даволанаётган Ўзбекистон фуқароларини кўздан кечирганлар.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Оқтўба вилоятида рўй берган автобус ҳалокати оқибатида ҳалок бўлганларнинг рўйхатини ҳам эълон қилди.

Ўзбекистон элчихонаси сайтида эълон қилинган рўйхатда ҳалок бўлганларнинг икки нафари Андижон, уч нафари Фарғона, икки нафари Наманган ва бир нафари Жиззах ва яна бир нафари Сурхондарё вилоятидан экани маълум қилинган.

Элчихона мулозимининг Озодликка айтишича, шу 9 кишининг жасади ва 38 нафар жароҳатланганлар юкланган махсус самолёт Ўзбекистонга етиб борган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳорижда фалокатга учраган ватандошларига илк бор алоҳида эътибор қаратмоқда ва уларнинг яқинларига таъзия билдириши ҳам биринчи марта кузатилмоқда.

Ислом Каримов даврида юрт ташқарисидаги ўзбекистонликлар муаммоларига нафақат эътиборсиз бўлинган, балки Каримов уларни "дангасалар" деб ҳам атаганди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG