Линклар

18 декабр 2017, Тошкент вақти: 15:59

Тошкент бош имоми газ-светдан қарздорлар Ҳажга жўнатилмаслигини билдирди


Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов

Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов республика аҳлини сув, газ ва электрдан тежамкорлик билан фойдаланиш, электр ўғирламаслик, қарзларни эса вақтида тўлаб боришга даъват қилди.

Podrobno.uz агентлигининг хабар қилишича, Тошкентдаги халқаро пресс-клубдаги йиғилишда қатнашган пойтахт бош имоми қарздорларни Ҳаж ибодати қабул қилинмаслигидан огоҳлантирган ва бундай қарздорлар Ҳаж зиёратига жўнатилмаслигини айтган.

"Ҳатто, бир сўм қарзи бўлса ҳам Ҳажи қабул бўлмайди ва шунинг учун бундай қарзи бўла туриб, Ҳажга кетаётганларни самолётга чиқармаймиз", дея иқтибос келтирди имом-хатибдан агентлик.

Ўз чиқишида Анвар қори Турсунов аҳолини исроф қилинган ҳар бир томчи сув учун Оллоҳ олдида жавоб беришдан огоҳлантириб, "намоз ўқийдиган, Ҳаж қиладиган, аммо электр учун пул тўламайдиган одамлар бор"лигини ҳам айтган ва бундан аҳолини қайтарган.

Ўзбекистонда аҳоли зиммасида йиғилиб қолган электр-газ тўловларини ундиришга ҳокимият, банк, таълим муассасалари ва маҳалла қўмиталари, солиқ, ИИВ каби давлат ташкилотлари жалб қилинган.

Бу ташкилот ходимларидан иборат махсус гуруҳлар аҳолини қарзларни тўлашга даъват қилади ва уй-уй юриб, ундиради ҳам.

Аммо, Анвар қори Турсунов даражасидаги диний идора мулозимининг расмий телевидение орқали коммунал қарзларни тўлашга даъват қилиши, акс ҳолда "Ҳажга юборилмаслиги", "Оллоҳ олдида жавоб бериши"дан огоҳлантириши илк бор кузатилмоқда.

Ўзбекистонда йиллардан буён энергетик инқироз давом этмоқда. Аҳоли кун давомида бир неча соатгина бериладиган электр, аксар ҳудудларда тамомила узилиб қолган газ таъминоти учун йиғилаётган қарздорликдан норозилигини Озодлик ва турли давлат ташкилотларига билдириб келади.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда свет ва газ бўйича қарздорлик 5 триллион сўмдан ошиб кетган.

XS
SM
MD
LG