Линклар

Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари "Иегова гувоҳлари" делегацияси билан учрашди


"Иегова гувоҳлари" ибодат пайтида.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитасида 28 июнь куни “Иегова гувоҳлари” диний ташкилоти делегацияси қабул қилинди.

Ўзбекистон ҳукумат порталининг хабар беришича, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев “Иегова гувоҳлари”нинг АҚШдаги бошқарув Кенгаши вакили К. Флодин ва Европа бирлашмаси вакили Л.Трапанезени қабул қилган. Учрашувда, шунингдек, қўмита маслаҳатчиси Б.Қодиров ва Чирчиқ шаҳридаги “Иегова гувоҳлари” диний ташкилоти вакили Н.Королев ҳам иштирок этди.

“Учрашув давомида К.Флодин ташкил этилган учрашув ва берилган маълумотлар учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, ўз ташрифининг асосий сабаби – ташкилот фаолиятига оид масалалар муҳокамаси эканини айтиб ўтди”, дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистонда "Иегова гувоҳлари" диний ташкилотининг дастлабки секталари ўтган асрнинг 50-йилларида пайдо бўлган ва норасмий равишда фаолият юритиб келган.

Ўтган асрнинг 90- йиллари бошида ташкилотнинг иккита бўлими Фарғона ва Тошкент вилоятларида очилди. 2006 йилда улар Ўзбекистон қонунчилигини бузганликда айбланиб¸ қайта рўйхатга олинмади.

Ҳозир "Иегов гувоҳлари"нинг фақат Чирчиқда бўлими очиқ фаолият юритади.

"Иегова гувоҳлари"нинг Самарқанд, Наманган ва бошқа ҳудудлардаги аъзоларининг бир қисми ноқонуний диний фаолият олиб боргани учун судлангани тўғрисида ўзбек матбуоти ва Озодлик радиоси қатор хабарларни эълон қилган эди.

Ташкилот фаолияти Хитой, Шимолий Корея, Туркманистон, Тожикистон, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ ва бошқа бир қатор мамлакатларда тақиқланган.

Ўзбекистонда фақат рўйхатдан ўтган ташкилотларгина диний фаолият билан шуғуллана олади. Ҳукумат изнисиз диний фаолият билан шуғулланганлик жиноятга тенглаштирилган.

Ўзбекистонда 2 минг 200та диний ташкилот рўйхатга олинган. Уларнинг 90 фоизи мусулмонларга тегишлидир. Бундан ташқари Ўзбекистонда 157та насроний, 8та яҳудий, 6та бахаи, битта кришнаит ва битта буддист ташкилоти рўйхатга олинган.

XS
SM
MD
LG