Линклар

Свет-газ ҳисобининг автоматлаштирилган тизими 2 ойда ишлаб чиқилади


Электрон ҳисоблагич, иллюстратив сурат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан аҳоли ва ташкилотлар истеъмол қилаётган электр токи ҳамда газ ҳажмини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими лойиҳаси 2 ой ичида ишлаб чиқилади.

Бу ҳақда президент 27 июнда имзо чеккан 4979-сонли «Электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини янада жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишда қайд этилган.

Газ-светнинг автоматлаштирилган тизимини республика бўйича ягона тизимга бирлаштириш кўзланмоқда.

Президент расмий сайтида чоп этилган фармойишга асосан автоматлаштирилган тизимга таклифларни тайёрлайдиган махсус ишчи комиссия тузилган.

Комиссияга Бош вазирнинг иқтисодий ривожлантириш, инвестиция, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилик қилади.

Комиссия 2 ой ичида Президент аппаратига аниқ таклиф ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини киритиши лозим.

Расмий маълумотга кўра, ҳозирга келиб мамлакатдаги жисмоний ва юридик шахсларнинг свет-газ ҳамда бошқа коммунал хизматлардан йиғилган қарзи 5 триллион сўмдан ортган. Президент қарори билан тузилган Мажбурий ижро бюроси 1 июлдан бошлаб, бу қарздорликни ёпишга киришади.

XS
SM
MD
LG