Линклар

Ўзбекистон Улуғ Ватан уруши иштирокчилари хотирасини абадийлаштириш шартномасига қўшилди


Ўзбекистон МДҲ давлатларида Улуғ Ватан уруши иштирокчилари хотираси ҳамда қаҳрамонлигини абадийлаштириш бўйича шартномага қўшилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таянган ҳолда Тошкент ва Москвадаги бир қатор ахборот агентликларининг 1 июль куни билдиришича, президент Шавкат Мирзиёеев бу борадаги қарорни 28 июнда имзолаган.

Мазкур шартнома 2011 йилнинг 3 сентябрида Россия, Беларусь, Украина, Арманистон, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан қабул қилинган эди.

Ўзбекистонда 1999 йилда “Улуғ Ватан уруши” ва “Ғалаба” деган атамалардан воз кечилган эди. Ўшандан бери Совет даврида Ғалаба куни сифатида нишонланиб келинган 9 май Ўзбекистонда Хотирлаш ва қадрлаш куни сифатида нишонланади.

Президент Ислом Каримов 2016 йилнинг майидагина “Улуғ Ватан уруши” ва “Ғалаба” сўзларини қайта тилга олган эди.

Улуғ Ватан урушида 1,5 миллион ўзбекистонлик иштирок этган. Уларнинг 400 мингги урушда ҳалок бўлган, 130 мингги эса бедарак кетган. Айни пайтда Ўзбекистонда 1 минг 600 нафар уруш фахрийси яшамоқда.

Уруш пайтида 120 минг ўзбекистонлик орден ва медаллар билан тақдирланган. 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 53 ўзбекистонлик эса Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалери бўлган.

XS
SM
MD
LG