Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 23:57

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмий сайтида “Оталик меҳри йўқ кимсалар қидирувда” деган хабар пайдо бўлди. Бу хабарга илова қилинган рўйхатга¸ ўз фарзанди учун алимент тўлашдан бош тортган 31 эркак ва бир аëл номи киритилган.

Бу шахслар Тошкент шаҳар туманлари суд ижрочилар бўлими қарори билан қидирувга берилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги жорий йил бошида эълон қилган рақамларга кўра¸ 2016 йилнинг 1 декабри ҳолатига кўра, Ўзбекистон пойтахтида суд ижрочилари қўлида алиментларни тўламаслик ҳолатлари билан боғлиқ 21,9 минг иш мавжуд бўлиб, уларнинг 9300 таси ёки 42 фоизи сўнгги икки йил давомида қўшилган.

Президент виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳар Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва мо­лиявий таъминлаш департа­менти устидан фуқаролардан 1524 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб ярми (688 ёки 45 фоизи) алиментлар тўланмаганлигига оид шикоятлардан иборат бўлган.

2017 йилнинг 1 июлидан бир ойдан ортиқ алимент тўловларини тўламаган шахсларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоққа олиш чорасини қўллаш ҳақида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига қўшимча банд киритилди.Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра¸ алиментни тўлашдан бўйин товлаш фақат такроран содир этилган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилади, яъни 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораларини кўллаш белгилаш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида хорижга чиқиш учун қарздор шахс томонидан алимент тўловларини олдиндан тўлаш ва гаров миқдори ҳақидаги банд киритилган.


XS
SM
MD
LG