Линклар

18 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:31

7 июль куни Германиянинг Ҳамбург шаҳрида G20 саммити билан бирга янги тартибсизликлар бошланиб кетди. Ҳокимият идораларининг билдиришича, исёнчилар полиция маҳкамасига ҳужум қилди ва унинг автомобилларини ёқиб юборди.

Ривожланган мамлакатлар раҳбарлари 7-8 июль куни бўлиб ўтадиган саммитга йиғилиши билан тартибсизликлар янада авж олиб кетди.

Саммит кун тартибига савдо-сотиқ ва иқлим ўзгариши сингари масалалар муҳокамаси киритилган.

Европа Комиссияси президенти Жан-Слод Юнкернинг журналистларга, саммит қатнашчилари Ҳамбург кўчаларидаги норозилик намойишларига "кўр ва кар" бўлиб тургани йўқ, деб айтди.

АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп билан Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтиши кутилаётган учрашув ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда.

АҚШ президенти лавозимига киришгандан бери биринчи марта Путин билан айни саммит доирасида учрашади.

Томонлар Сурия ва Украина билан боғлиқ муносабатларда тобора чуқурлашиб бораётган тангликка барҳам бериши ва Россиянинг АҚШ президент сайловига аралашгани ҳақидаги иддаоларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Тадбир олдидан полиция билан норозилик намойишчилари тўқнашиши оқибатида ўнлаб полициячилар ва намойишчилар яраланди.

7 июль куни Ҳамбург шаҳри полицияси ҳокимият вакиллари «исёнчилар» деб атаётган кишилар маҳкамага ҳужум уюштиргандан сўнг 7 та сув сепиш машинасини тадбир ўтаётган жой яқинига жойлаштирди.

Полиция оммани тарқатиб юборишга уринди ва айрим намойиш иштирокчиларни куч ишлатиб судраб олиб кетди. Шундан сўнг айрим намойишчилар, "Биз тинчлик кишилармиз. Сизлар-чи?" деб бақирди.

Германия федерал полицияси Твиттерда, Ҳамбургнинг Алтона туманида ёнувчи моддалар улоқтирган, полиция машиналарини ёқиб юборган "бузғунчи шахсларга қарши амалиёт ўтказилмоқда", деб баёнот берди.

6 июль куни рўй берган тўқнашувларда, тахминан, 75 нафар полиция ходими яраланди, 3 киши касалхонада ётиб даволанишига тўғри келади, деб айтди полиция вакили. Айрим намойишчилар лазер нури билан нишонга олгани учун полиция вертолётлари учувчилари кўзидан жароҳат олди.

Айрим намойишчилар ҳам ярадор бўлди. Айни чоқда бошқалари кўчаларда дайдиш, шиша улоқтириш, ойналарни синдириш, автомобиль ва бошқа объектларга ўт қўйиш билан тартибсизликларни келтириб чиқарди.

6 июль куни Ҳамбург кўчаларига 13 минг нафар норозилик намойишчиси, жумладан, 1000 нафар қора кийим кийган ва ниқоб таққан анархист чиқди. Полиция зирва ўтадиган ҳафтада ушбу порт шаҳарга 100 мингга яқин намойишчи келиши кутилаётгани айтди. Германия хавфсизликни таъминлаш учун 20 минг полиция ходимини сафарбар қилди.

Саммит олдидан унда иштирок этадиган мамлакатлар раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар ҳам яхши бўлмади. Германия канцлери Ангела Меркелнинг 20 та иқтисоди ривожланган мамлакат раҳбарлари зирва охирида эълон қиладиган коммюнике матнини келишиб олиш учун анча елиб-югуришига тўғри келди.

6 июль куни Меркель АҚШ президенти Трамп билан учрашгандан сўнг Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль иқлим ўзгариши ва савдо-сотиқ масаласида "аниқ тафовутлар" иштирокчиларни иккига бўлиб қўйганини, аммо «кўплаб умумий жиҳатлар" топилганини билдирди.

– Бугун глобал савдо масаласида америкаликларнинг ўз мамлакати ютиши ёки ютмаслиги аҳамиятли эканига ишониб қолгани асосий муаммо бўлиб турибди, – деди у АРД телекомпаниясига берган интервьюсида. – Уни ҳал этиш учун биз америкаликларни ҳамма бир хил ўйин қоидасига амал қилиши кераклиги ва бу ҳамма учун яхши бўлишига ишонтира олишимиз керак.

G20 га аъзо мамлакатлар раҳбарлари одатда ҳар доим протекционизмга қарши курашишга ваъда бериб келар эди, бироқ Трампнинг "Аввало Америка" принципига асосланган савдо сиёсати у лавозимига киришгандан бери глобалашув ва савдо-сотиқ массаласида муросага келишга халақит бера бошлади.

XS
SM
MD
LG