Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 21:25

Трамп ва Путиннинг қўл бериб кўришгани ортида нима гаплар бор?


Россия билан АҚШ раҳбарларининг барча учрашувларига тарих, ҳарбий қудрат, жаҳонда мавжуд тартиб юзасидан ўзаро рақобат қилувчи қарашлар нуқтаи назаридан баҳо берилиб келгани маълум. 7 июль куни Владимир Путин билан Дональд Трампнинг учрашувини ўша учрашувларга қиёсан тарихий деб аташ унинг аҳамиятини ерга урмайди.

Ядро қуролига эга икки йирик давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар сўнгги 30 йил ичида энг паст нуқтага тушиб кетди ҳамда совуқ уруш давридаги ҳарбий қарама-қаршиликка ўхшаб кетаётгани билан одамларни ташвишга солмоқда.

Трамп президентлигининг дастлабки олти ойи АҚШ разведкасининг Россия Американинг президент сайловига аралашгани ва гўё бу Трампнинг ғалаба қозонишига сабаб бўлди, деган хулосаси сабаб жуда серташвиш бўлди.

Айни чоқда учинчи муддат президентлик қилаётган Путин Россиянинг қайта оёққа тураётган қуролли кучларини тўлиқ назорат қилмоқда, обрўси ошиб бормоқда. Аммо мамлакат иқтисодиётининг аҳволи оғир, аҳоли қариб бормоқда, коррупция эпидемия тусини олган, сиёсий тизим эса тобора Путин шахсига боғланиб қолмоқда.

Трамп Кремль билан тил топишиш хусусида қайта-қайта гапирмоқда. У ҳам ўтмишдошларидай бунинг учун яхши муносабатлар ва ижобий ёндашув қўл келишига ишонади.

Барак Обама Россия 2008 йили Грузияга бостириб киргандан сўнг Путин билан алоқаларни «қайта ишга тушириш»га уриниб кўрган эди. Кичик Жорж Буш 2001 йилда Путиннинг кўзига қараб, унинг «кўнглида нима борлиги»ни кўрганини айтганини кўпчилик анча вақт гапириб юрди.

Билл Клинтон эса Путиннинг ўтмишдоши Борис Ельцин билан қадрдон ва уни мураккаб 90-йиллардаги президентлик даврида – бир марта чин маънода – қўллаб-қўлтиқлаган эди.

Агар Трамп тарихни такрорлашдан қочадиган бўлса, ҳеч бир ютуққа эриша олмайди.

Икки президентнинг дастлабки учрашувидан қуйидаги бешта хулосага келиш мумкин.

Хонада ким бор эди?

Учрашув арафасида АҚШлик синчилару россиялик кузатувчилар Путин билан Трамп учрашиши керак бўлган хонага кимлар кириши мумкинлиги хусусида роса бош қотирди.

Ниҳоят, ўша кишилар икки мамлакат дипломатбошилари ва таржимонлар экани аниқ бўлди.

Кирмай қолганлардан бири Оқ Уйнинг Россияга оид масалалар билан шуғулланувчи вакили Фиона Ҳилл эди. Кўпчилик унинг ҳозир бўлишини кутгани сабаб кирмай қолганини АҚШ тарафини чуқур билим, тил, Путиннинг эҳтиёткорлиги ва Россияда рўй бераётган воқеалардан яхши хабардор кишидан маҳрум қилди, деган хулосага келди.

Тиллерсон ҳам оқу қорани яхши таниса-да, унинг асосий касби – бизнес юритиш: иши улкан ExxonMobil компаниясига раҳбарлик қилиш, Россиянинг давлатга қарашли улкан нефть компанияси «Роснефть» билан шартномалар тузишдан иборат бўлган.

Айни чоқда ташқи ишлар вазири Лавров дипломат сифатида уч президент билан ишлаган, унинг Қўшма Штатлар билан димломатик муносабатлари Совет раҳбари Леонид Брежнев даврига қадар чўзилиб кетади.

Қўл бериб кўришиш

Тармпнинг қўл бериб кўришиши ва тана ҳаракатлари унинг дунё мамлакатлари раҳбарлари билан муносабатлари кузатувчилари учун лакмус қоғозига айланди.

Япония бош вазири Синдзо Абэнинг қўлини 19 сония сиқиб тургани, Германия канцлери Ангела Меркелнинг қўлини сиқиб қўйишни эсдан чиқаргани, Франция президенти билан кимўзарга қўл сиқишгани – барча-барчаси Трамп бу билан чет эллик ҳамкасбларига нима демоқчи бўлганига қизиқадиган ишқибоз руҳшунослар учун тайёр хўрак бўлди.

У Путин билан хос учрашув олдидан суратга тушиш маросимида қўл сиқиб кўришди. Бу олдинги маросим тадбирлари олдида айтарли аҳамиятли бўлмади. Улар сал олдинроқ G20 раҳбарлари йиғилаётган паллада норасмий тарзда ҳам кўришган эди.

Қисқа, раҳбарлар музокара столи атрофига йиғилаётган пайт тасвирланган видео клипда Трамп қўлини Путинга чўзаётгани ва кулиб туриб, унинг тирсагига уриб қўяётган акс этган. Сўнгра у ёнма-ён туришганда Путиннинг елкасига ҳам қоқиб қўйди.

– Сиз билан учрашиш – мен учун шараф, – деди Трапм Путинга.

У эса:

– Сиз билан кўришганимдан хурсандман, – деб жавоб қайтарди.

– Улар ўртасидаги муносабат илиқ ва саммий бўлди, – деди кейинчалик Тиллерсон журналистларга.

Хўш, уларнинг илк қўл бериб кўришиши ҳақида нима дейиш мумкин? У кўпи билан икки сония давом этди.

Соат чиқиллайди бетиним

Дастлаб учрашувга G20 гуруҳи саммити доирасида 35-40 дақиқа вақт ажратилган эди. Бироқ учрашув 2 соату 15 дақиқага чўзилди. Шунча вақт икки президент фақат об-ҳавою қайси галстукни танлаш ҳақида гаплашмагани аниқ.

Абэ билан кечроқ учрашишни кутиб турган журналистларга Путин Трамп иккови Украина, Сурия, террорчиликка, кибержиноятчиликка қарши кураш ва киберхавфсизлик масалаларини муҳокама қилганини айтди. Аммо тафсилотларга тўхталмади.

Ҳали учрашув тугамай туриб, томонлар Сурия масаласида келишувга эришгани тўғрисида миш-миш тарқалди. Шу пайтгача Қўшма Штатлар билан Россия Ислом давлати жангариларига қарши параллел уруш олиб бораётган ва мақсадига эришиш учун турли воситалардан фойдаланаётган эди.

Лавров кейинчалик журналистларга иккала президент ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгани ва у Суриянинг айрим жойларида 9 июль куни бошланишини айтди.

Келгуси кунларда ҳам Москва, ҳам Вашингтонда ушбу учрашув ҳақида турли баёнотлар бериши тайин. Исми ошкор бўлишини истамаган расмий шахсларнинг муҳокама қилинган муҳим масалалар юзасидан фикрларини матбуотга сиздиришини гапирмаса ҳам бўлади.

Тиллерсондан, нега учрашув бунчалик чўзилиб кетди, деб сўралганда, «гаплашадиган гаплар йиғилиб қолган эди», деб жавоб берди.

Коса тагидаги нимкоса

Аксарият ҳолларда бундай учрашувлар чоғида айтилмаган гапларнинг аҳамияти айтилганидан кам бўлмайди.

Лавров Россиянинг Қўшма Штатлар тортиб олган иккита дипломатия объектини қайтариб олиш ҳақида ҳеч нарсага келишилмаганини маълум қилди. Маълумки, Обама маъмурияти уларнинг Россиянинг ўтган йил декабрида сайлов кампаниясига аралашганини иддао қилиб, тортиб олган эди.

Россия бу ҳақда ҳамма ёққа жар солган ва жавобан АҚШнинг дипломатик мулкини тортиб олиш билан таҳдид ҳам қилган эди.

Лавров ўша куни АҚШ Украина бўйича махсус вакил тайинлагани, у Минск келишувини амалга ошириш, Украинадаги можарога барҳам бериш билан шуғулланиши хусусидаги хабарни эътиборсиз қолдирди.

Тиллерсон билдирган изоҳлардан хулоса қилинадиган бўлса, Минск шартномасига қўл қўйган томонларга зиммасига олган мажбуриятларни бажариш юзасидан босим ўтказиш бўича ҳеч қандай келишув бўлмаган.

Яна қуроллар устидан назорат ўрнатиш бўйича совуқ уруш вақтида эришилган битим айни пайтда Москва билан Вашингтон ўртасида тортишувларга сабаб бўлаётгани, Трампнинг Польшага сафари чоғида берган баёноти ҳам тилга олинмади.

У Ҳамбургдан олдин Варшавага сафари чоғида Россиянинг анча вақтдан бери давом этаётган ўч олиш сиёсатига қарши НАТО қараб турмаслигини айтган ва Москвани Европанинг айрим мамлакатлари барқарорлигига путур етказаётгани учун танқид қилган эди.

Трамп яна Польша ҳарбийларига «Пэтриот» русумидаги ракетадан ҳужум қуроли сотилишига рухсат берган ва ушбу мамлакатнинг Россияга мухолиф кайфиятда бўлган ўнг қанот ҳукуматини мақтаган эди.

Қовушмаган хатти-ҳаракат

Трамп билан Путиннинг олдида турган, аммо иккаласи ҳам инкор этаётган энг катта муаммо Россиянинг 2016 йилги президент сайлови кампаниясига аралашгани муаммосидир.

Тиллерсоннинг айтишича, Трамп учрашувни ушбу масалани кўтариш билан бошлаган. Руслар – Путин ҳам, Лавров ҳам – аралашган бўлсак, исбот топиб беринглар, деб айтган.

– Президент Трамп Путинга бир неча ҳолатда Россиянинг аралашуви ҳақида босим ўтказди. Путин бундай аралашувни инкор қилди, менимча, у ўтмишда ҳам шундай қилган эди, – деди Тиллерсон журналистларга.

Айни чоқда Лавров:"Трамп Путиндан Россия сайлов кампаниясига аралашмаганини аниқ эшитди", деб айтди. Унинг айтишича, томонлар кибержиноят ва киберхавфсизлик бўйича қўшма ишчи гуруҳи тузиш тўғрисида келишиб олди.

Агар тарихдаги мисолларга қаралса, бу иш боши берк кўчага кириб қолиши аниқ.

Руслар билан америкаликлар ўтмишда ҳам кибернетика масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга уриниб кўрган, аммо Россия ҳукумати ватандош ҳакерларни расмий ва норасмий лойиҳаларга жалб қилгандан сўнг бундан саъй-ҳаракатлар ўз-ўзидан тўхтаб қолган эди.

Қўшма Штатлар эса рус ҳакерларини улкан компьютер ҳужумлари учун таъқиб ва экстрадиция қилган эди.

Бундан ташқари, Россиянинг аралашуви масаласи таъқиб қилинадиган ҳодисага ҳам ўхшамайди. Трамп учун Россиянинг сайловни – АҚШ разведка ҳамжамияти хулоса қилганидай – унинг фойдасига ҳал қилишда ёдам беришга ҳаракат қилганини тан олиш сайловдаги ғалабасига ва президентлиги қонуний эканига шубҳа туғдириши мумкин.

Путин учун Россия АҚШдаги сайловга аралашганини тан олиш экспертларнинг ушбу мамлакат Европанинг Вашингтонга иттифоқчи бўлган кўплаб мамлакатлари сайловларига аралашаётганини ҳам тасдиқлашига сабаб бўлади.

Америкаликлар эса бунга қараб турмаслиги ва ўч олиши мумкин.

XS
SM
MD
LG