Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 08:06

Истанбулда ўзбек “мама Роза”си қўлига тушган икки қиз қутқарилди


Туркияда бола боқувчилик қиласан¸ деб 5 июль куни Чимкент орқали Истанбулга олиб келинган урганчлик ва фарғоналик икки қизнинг Туркияда фоҳишалар тармоғини юритувчи ўзбек аëли қўлига тушгани ҳақидаги Озодлик мақоласидан таъсирланган фаоллар қизларни қутқаришди.

Россия¸ АҚШ ва Туркиядаги фаоллар Озодлик мухбири билан Facebookда ëзишиб¸ бу қизларни қўшмачилар қўлидан озод қилиш ташаббуси билан чиқишди.

Урганчлик 25 яшар Ҳалима Ҳайитбоева 5 июль куни IMO орқали Санкт-Петербургда яшовчи собиқ иш берувчисига телефон қилиб¸ энагалик қиласан¸ деган ваъда билан Истанбулга олиб келган аëлнинг аслида қўшмачи эканини айтгани Озодлик радиосида эълон қилинганидан кейин "қутқариш тадбири" бошланди.

"Истанбулдаги танишларим ëрдамга борди", дейди ўзини Бек деб таништирган питерлик йигит.

Қўриқчининг жасорати

Бекнинг айтишича¸ Туркиядаги қўриқчилик ширкатида ишлайдиган Хоразм вилоятидан келиб ишлаб юрган Х. исмли йигит 8 июль, шанба кечқурун Ҳалима Ҳайитбоевани қутқарган:

"Ҳайитбоева ëнида бир дугонаси билан уйда кийиб юрадиган кийимларида қочиб чиқишди. Ҳозир улар ҳавфсиз жойда. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонасига 11 июль куни эрталаб бориб ëрдам сўрашмоқчи. Улар «мама-Роза» ва «папа Роза»лар тарафидан қаттиқ қўрқитилган"¸ дейди қийин аҳволга тушган аëлларга ëрдам кўрсатган йигит.

"Алдов қурбони бўлдик"

Қизларни қутқаришда қатнашган яна бир фаолга кўра¸ Ҳалима Ҳайитбоевадан йигирма кунча олдин қўшмачилар қўлига тушган Мадина исмли фарғоналик қиз ҳам қутқарилган:

"Мадина ҳам алдаб олиб келинганини айтди. У келганидан сўнг 4 минг доллар ҳаражат қилдик сен учун, деб бўйнига қарз илишган. 20 кун давомида кунига 15-20 мижозга хизмат қилиб, қарзини уч минг долларга туширган. У Ҳайитбоевага қўшилиб притондан қочди. Ҳозир у Ўзбекистонга қайтмоқчи¸ аммо ўзи тушган аҳвол ҳақида яқинлари ҳабар топишидан қўрқади"¸ дейди фаол.

Озодлик мухбири қўшмачилар қўлига тушган бу икки қиз билан алоҳида¸ алоҳида бир соатдан кўпроқ суҳбатлашди. Ҳалима Ҳайитбоеванинг Озодлик мухбирига айтишича¸ у алдов қурбони бўлган:

"Россияда бола боқувчи эдим. 2014 йили отам ўлганида Ўзбекистонга борганимда менинг паспортимга Россиядан депорт қилинди деб босилган экан. Кейин бир чиқоним (дугонам) Истанбулда нянкалик ëки официантлик қиласан деб ишга таклиф қилди. Кейин мени Ўзбекистон чегарасидан Қозоғистонга олиб ўтишди. Қозоғистонга ишга боради, дейишди чегарачиларга. Бир гуруҳ қизларни Чимкентда йиғишди", дея ўз "саргузаштлари"ни ҳикоя қилган Ҳалимага кўра, 4 июль куни Истанбулга учиб боришган:​

"Ўзбекистонликларга виза керак эмас экан. Аэропортда дугонам кутиб олди. Кейин Оқсарой деган жойдаги квартирага олиб борди. Баҳор деган каттақўрғонлик «мама Роза» ва пистолет билан қуролланган Нуриддин деган «папа Роза» кутиб олди. Дугонам мени уларга топиб бергани учун қўшмачилардан 500 доллар олибди. Мени фоҳишаликка мажбурлашмоқчи эканини тушунганимда дарров Санкт Петрбургда боласига қараган танишим Бек акага телефон қилдим. У Озодлик мухбирига айтди. Кейин мақолани ўқиганлар мени қутқаришди"¸ дейди Ҳалима Ҳайитбоева.

Питерлик Бекнинг Озодликка айтишича¸ 2012 йилда икки опаси ва поччалари билан Санкт-Петербургга иш излаб келган Ҳалима¸ унинг қизига боқувчилик қилган.

2015 йилда Ўзбекистонга кетаëтиб¸ паспортига депорт урилганидан сўнг Россияга қайта олмаган Ҳалима¸ айтилишича¸ Истанбулга келгунга қадар Урганчдаги кафелардан бирида официантлик қилган.

Отаси 3 йил олдин оламдан ўтган, онаси ва бир ўғли билан яшаб турган икки хоналик квартираси бузилишга тушгандан кейин¸ ниҳоятда оғир аҳволда қолган Ҳалима¸ Бекнинг айтишича¸ Россия йўли ëпиқлиги боис¸ Туркиядан иш излаган.

Озодлик Ҳалима Ҳайитбоеванинг Истанбулда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ қўлига тушганига оид хабар тафсилотини Истанбул полициясининг тегишли бўлими¸ шунингдек¸ Истанбулдаги Ўзбекистон бош консуллиги расмийларига маълум қилди.

Ҳар иккала расмий идора вакиллари¸ бу воқеа тафсилотини ўз каналлари орқали тафтиш қилиш ва Ҳалима Ҳайитбоевани топиб¸ унга ëрдам беришни ваъда қилди.

Ҳозирча бу идоралардан тафтишга оид тафилотлар келгани йўқ.

Ҳозирда на Туркияда қанча ўзбекистонлик яшаб-ишлаëтгани ва на улардан қанча аëлнинг ўз ихтиëри ëки мажбуран фоҳишалик билан шуғулланаëтганига оид ишончли рақамлар йўқ.

Туркиядаги фоҳишахоналарда ўтказилган рейдлар пайтида Ўзбекистон ватандошлари ташкил қилган исловот тармоғи фош қилингани ҳақида Озодлик ëзган эди.

Шарҳларни кўринг (22)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG