Линклар

Иш ваъдаси билан Истанбулга келтирилган қизлар ўзбек “мама Роза”си қўлига тушди


Истанбулга иш излаб келган қизнинг Озодликка тақдим этилган сурати.

Туркияда бола боқувчилик қиласан¸ деб 5 июль куни Тошкентдан Истанбулга олиб келинган урганчлик қизлар аэропортдаëқ фоҳишалар тармоғини юритувчи хоразмлик аëл қўлига тушди. Сони Озодликка номаълум бу қизлардан бирининг дарҳол ëрдам сўраб танишларига қилган қисқа телефонидан¸ уларнинг қаерда¸ айнан кимлар қўлида эканини аниқлашнинг имкони бўлмади. Туркия полицияси ва Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консуллиги воқеа тафсилотини ўрганишни ваъда қилди.

Урганчлик 25 яшар Ҳалима Ҳайитбоева 5 июль куни IMO орқали Санкт-Петербургда яшовчи собиқ иш берувчисига телефон қилиб¸ Истанбулга энагалик қиласан¸ деган ваъда билан олиб келган аëлнинг аслида қўшмачи эканини айтишга улгурган.

Ўзини Бек деб таништирган питерлик йигитнинг айтишича¸ 2012 йилда икки опаси ва поччалари билан Санкт-Петербургга иш излаб келган Ҳалима¸ унинг қизига боқувчилик қилган ва улар билан бирга яшаган.

2015 йилда Ўзбекистонга кетаëтиб¸ паспортига депорт урилганидан сўнг Россияга қайта олмаган Ҳалима¸ айтилишича¸ Истанбулга келгунга қадар Урганчдаги кафелардан бирида официанткалик қилиб юрган.

Отаси йўқ¸ онаси ва бир ўғли билан яшаб юрган икки хоналик квартираси бузилишга тушгандан кейин¸ ниҳоятда оғир аҳволда қолган Ҳалима¸ Бекнинг айтишича¸ Россия йўли ëпиқлиги боис¸ Туркиядан иш излаган:

- Хоразмлик бир аëл унга Истанбулда нянкалик¸ ëки официантлик қиласан¸ деган ва унга Истанбулга билет олиб берган. Менга 4 июль куни Тошкентдан Истанбулга нянкаликка кетаяпман¸ деб телефон қилди. Россияда нимаики ҳужжат муаммоси бўлса¸ мен ëрдам берардим¸ шунга иш топганини айтиб¸ маслаҳат сўради. Кейин 5 июль эрталаб соат 10 ларда яна йиғлаб телефон қилди. Ҳалимани кутиб олганлар¸ дарров нима иш билан шуғулланишларини айтган¸ шунга қўрқиб кетган – фоҳишалик билан йўл кира қарзингни узиб берасан¸ депти. Лекин кўп гапира олмади¸ қаердалигини¸ кутиб олганлар кимлигини айтолмади – телефонини кимдир уриб-бақириб¸ тортиб олди. Шундан кейин боғланишнинг иложи бўлмади¸ дейди Озодликка бу воқеа тафсилотларини хабар қилган питерлик ўзини Бек деб таништирган йигит.

Ҳалима ва у билан келган бошқа қизларнинг одам савдоси билан шуғулланувчи ўзбекистонлик жиноий гуруҳ қўлига тушганини тахмин қилган Бек¸ Ҳалима ҳали тошкентдалигидаëқ ўзига Истанбулдан иш топишни ваъда қилган аëл телефонини берганини айтиб¸ бу рақамни Озодликка тақдим этди.

Озодлик мухбири¸ Ҳалима тақдирига ойдинлик киритишни сўраб¸ ушбу рақамга телефон қилганида¸ унга жавоб берган¸ лаҳжасидан хоразмлик экани англашилган аëл¸ ҳақорат билан гапни қисқа қилди.

Озодлик ҳозирча бу овоз соҳибасининг шахсини аниқлай олмади. Ҳалима Ҳайитбоеванинг Истанбулдаги тақдирига ойдинлик киритиши мумкин бўлган ягона шахс¸ Озодликнинг бошқа мухбирларига ҳам шу мазмунда болахонадор сўкиниш билан жавоб қилди¸ сўралган саволга мутлақ жавоб бермай¸ телефонини ўчириб қўйди.

Озодлик Ҳалима Ҳайитбоеванинг Истанбулда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ қўлига тушганига оид хабар тафсилотини Истанбул полициясининг тегишли бўлими¸ шунингдек¸ Истанбулдаги Ўзбекистон бош консуллиги расмийларига маълум қилди.

Ҳар иккала расмий идора вакиллари¸ бу воқеа тафсилотини ўз каналлари орқали тафтиш қилиш ва Ҳалима Ҳайитбоевани топиб¸ унга ëрдам беришни ваъда қилди. (Озодлик воқеа тафсилотларини кузатишда давом этади.)

Ҳозирда на Туркияда қанча ўзбекистонлик яшаб-ишлаëтгани ва на улардан қанча аëлнинг ўз ихтиëри ëки мажбуран фоҳишалик билан шуғулланаëтганига оид ишончли рақамлар йўқ.

Ўзбекистон ватандошлари Туркияда визасиз уч ой давомида туриш ҳуқуқига эга.

Туркия матбуоти аҳëн-аҳëнда ўзбекистонлик фоҳишалар ишлаëтган исловотхонага рейд ўтказилгани ҳақида хабар тарқатса-да¸ фоҳишаликда ушланган ўзбек аëлларининг кейинги тақдирига оид тафсилотлар жамоатчиликка деярли маълум эмас.

Ўзбекистон ҳукумати ëш хотин-қизларнинг хориж¸ хусусан¸ Туркияга чиқишини чеклаш мақсадида¸ чиқиш визаси олиш учун ариза топширган 35 ëшга тўлмаган аëллар учун махсус суҳбатдан ўтиш¸ ота-онаси ëки турмуш ўртоғидан рухсат олиш талабларини қўйган.

Аммо кузатувчилар¸ бундай маъмурий тўсиқларга қарамай¸ мамлакатдаги ишсизлик ўзбекистонлик ëш хотин-қизларни билиб¸ баъзан эса¸ билмай хориждаги “мама Розалар” қўлига ўлжа қилиб бераëтганини айтади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG