Линклар

Президент Трамп катта ўғлини айбсиз, деб ҳисоблашини билдирди


Президент Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп катта ўғли кичик Дональд Трампни “очиқ, шаффоф ва айбсиз”, деб атади.

Президент кичик Дональд Трамп 11 июль куни АҚШ президентлигига сайлов жараёнида Россия адвокати билан учрашгани тўғрисидаги ёзишмаларни эълон қилиши ортидан ўз ўғлига мана шундай баҳо берди.

Президент Трамп 12 июль куни қилган чиқишида матбуотда унинг гўёки Россия билан алоқалари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотлар ва терговларни “сиёсий тарихдаги энг йирик алвастилар ови”, деб баҳолади.

Оқ Уй матбуот котиби Сара Хукаби Сандерс президентнинг бу баёнотини шарҳлар экан:

-Мен президент бу воқеа катта муаммога айлантириб юборилаётганидан афсусда, деб ўйлайман. Президент иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, солиқ ислоҳоти, инфраструктура масалаларига кўпроқ эътибор қаратилишини истар эди. Бу масалалар президентнинг диққат марказида ва у мана шу масалалрни муҳокама қилиш истагидадир, - деб билдирди.

New York Times газетаси Трампнинг ўғли президентлик сайлови пайтида адвокат Наталья Весельницкая билан учрашгани, адвокат Дональдга президентликка номзод бўлган Ҳиллари Клинтонга қарши компроматларни бермоқчи бўлгани тўғрисида хабар бергани ортидан кичик Дональд Трамп бу борадаги ёзишмаларни эълон қилган эди.

Бироқ Дональд адвокат ҳеч қандай маълумотларга эга бўлмаганини ва мақолада ёзилгани каби Россия ҳукуматига алоқадор бўлмаганини билдирган.

XS
SM
MD
LG